Мирзиёев МХХ раҳбариятини "сотқинлик"да айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи O'zbekiston
Image caption Мирзиёев МХХ раиси Иноятов ишдан олинишидан 11 кун олдин гапирган

Президент Шавкат Мирзиёев МХХ раҳбариятини "сотқинлик"да айблаган.

BBC YouTube каналида томоша қилинг.

Рустам Иноятов МХХ раислигидан олинди

Интернетга сиздирилган аудиода Президент МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовни "сотқин" деб атаган.

"...Сан Ғуломов. Сотқин. Поранинг бошида ўзи ўтирарди",- деган Мирзиёев.

Сурхондарёга сафари чоғида гапирган Президент МХХга ваколат берган "одам энди йўқ"лигини айтган, аммо бу одамнинг номини тилга олмаган.

Президент "МХХга ишонмаслиги"ни айтган.

"Ман буларнинг биронтасига ишонмайман, буларнинг маълумоти керак эмас. Шуни билинглар", деб айтган Мирзиёев.

"Биласизларми, булар ҳали халқнинг қадрига етмаган. Булар олган маошига, унвонларига арзирли иш қилиб қўйгани йўқ. Биронта иш қилгани йўқ.

Буларнинг ўз иши бор, бу ишни ман билан гаплашиши керак. Оддий ҳокимнинг ортидан қувиб юрадиган вақт ўтди. Нима эмиш, бир туманнинг ноинсоф МХХ бошлиғини туман ҳокимининг машинаси қувиб ўтибди, кейин ҳокимни олиб бориб қамаб қўйибди.

Кимсан ўзи? Ким сенга ваколат берган? Погонингни олиб ташлайман керак бўлса!

Бу замон ўтиб бўлди. 13 йил бош вазир бўлганман. Вазиятни биламан. Ҳоким ҳеч ким эмасди. Ҳамма ҳокимлар уларнинг хонасида бўларди.

Сал қарши гап билдирса, ғийбат қилиб ишдан олиб ташларди. Ўғрига чиқарарди, бир айбни бўйнига қўярди.

Энди у замон тугади. Ман буларнинг биронтасига ишонмайман, буларнинг маълумоти керак эмас. Шуни билинглар.

Энди тўрт раҳбар кўкрагингни кериб ишла. Халқ учун, ватан учун ишла. Энди ҳеч ким эмас улар. Уларга ваколат берган одам йўқ энди.

Сурхондарёда бу масалада оғир эди. Шунинг учун бу ерга битта ҳам бизнесмен келмаган, келдими дарров қамарди. Бу фалончининг одами, бу пистончининг одами, бу ҳокимнинг пул берадиган одами, деб. Сан кимсан, ўзинг пул бермайдиганмидинг, сан Ғуломов. Сотқин. Поранинг бошида ўзи ўтирарди",- деган давлат раҳбари.

Мирзиёев "сотқин" деб атаган генерал Шуҳрат Ғуломов ўтган йил августида Олий ҳарбий маҳкама томонидан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилгани ҳақида хабарлар олинган.

Маълумотларга кўра, 53 ёшли Ғуломов оғир иқтисодий жиноятлар, контрабанда ва конституцион тузумга тажовузда айбланган.

Марҳум президент Ислом Каримов 2007 йилда Ғуломовни мамлакатнинг энг олий унвони - "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирлаганди.

Асли сурхондарёлик Ғуломов махсус хизматлардаги фаолиятини Сурхондарё вилоятида бошлаган ва Мирзиёев ҳокимиятга келишидан кўп ўтмай, Тошкентдан яна Сурхондарёга, вилоят МХХсининг бошлиғи этиб тайинланган.

Президентнинг МХХ ҳақидаги ғазабнок сўзлари ёзилган аудиони қўлга киритган "Озодлик" радиосига кўра, Мирзиёев бу ҳақда 19 январь куни Қизириқ тумани ҳокимлиги биносида Сурхондарë вилояти фаоллари билан ўтказган учрашуви чоғида гапирган.

Учрашувдан 11 кун ўтиб, 31 январь куни МХХ раиси Рустам Иноятов лавозимдан олинганди.

МХХнинг Тошкентдаги қароргоҳида ўтган йиғилишда Мирзиёев махсус хизматларда йирик ислоҳотлар ўтказилишини айтган.

МХХнинг қудратли собиқ раиси Иноятовнинг кейинги тақдири маълум эмас.

Расман у Президент маслаҳатчиси ва сенатор этиб тайинланган.

Пайшанба куни Тошкент метросининг қўриқлаш хизматидан МХХ ходимлари олиб ташлангани ҳақида хабарлар олинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek