"Шавкат Миромонович, бозорни ноқонуний буз, деб буйруқ бердингизми?"

Риштон бозори Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/ Nimka Soxibov

Риштон туманининг янги ҳокими Таваккалжон Раҳимов ишини бозорни бузишдан бошлаган. Тадбиркорлар томонидан Президент Мирзиёевга мурожаат қилиб ёзилган видеода бозорнинг ноқонуний бузилаётгани ва тадбиркорларнинг мулки учун ҳеч нарса берилмаганини англаш мумкин.

"Шавкат Миромонович, бизнинг бозоримизда мана шунақанги ҳолатлар бўляпти. Умуман огоҳлантириш бермасдан, бузғунчилик. Шундай бузишяптики, умуман нотўғри иш қилишяпти. Ҳақиқий жиноят қилишяпти. Шавкат Миромонович, шундай буйруқ берганмисиз? Наҳотки, шундай қилишса? Тадбиркорларни шундай қилишадими? Хўрлашяпти? Бу мумкинмас", дейди видеога олган тадбиркор.

Видеони BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида томоша қилинг

Унинг айтишича, бузилаётган дўконларнинг эгаларини кутиб ўтиришмаган. Ҳокимият бозорни бозорда паттачилик қиладиган ходимларга орқали буздирмоқда.

"Булар ҳеч қандай қарорсиз бузяпти? Қарорни кўрсатиб беролгани йўқ. Олдин бизга буйруқни кўрсатиб, жой ажратиб бериб, бизнинг баҳолатган нархимизни тўлаб қўйиб кейин бузишга ҳаққи бор-ку. Бу қанақаси? Умуман жиноят-ку, Шавкат Миромонович", дейди видеога олган тадбиркорлардан бири.

Риштон бозорида Ўзбекистонга Facebook орқали Дима Қаюм номи билан танилиб кетган, Дилшод Болтабоевнинг кутубхонаси ҳам бор.

Бозордаги бошқа дўконлар қатори печка сотувчининг ғайритабиий янгилиги бўлган ва ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетган кутутбхонаси ҳам бузилиши керак.

Аввалига ҳокимият Дима Қаюмга бошқа жой беришини ва кредит олиб кутубхона қуриб олишни маслаҳат берган.

Дима Қаюмнинг айтишича, ҳозирги кутубхонанини олдинги ҳокимнинг рухсати билан қурган. Унга 30 миллион сўм сарфлаган. Янги кутубхона қуришга кредит учун гаровга қўйишга велосипеди ҳам йўқ.

Бозордаги кутубхона бузилиши мавзуси маҳаллий интернет нашрлари ва "Халқ сўзи" газетаси эътиборига тушди.

Шундан сўнг ҳокимият вакиллари ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Элибоевга бозорда кутубхона шунчалик муҳим бўлса, бозор четида қуришлари мумкинлигини айтган.

"Агар халқ бозорда кутубхона бўлишини истаётган экан, майли, қурамиз. Лекин ўртага эмас, бир чеккага, кенгроқ қилиб, талабга жавоб берадиган даражада бўлади. Керак бўлса, 1-2 та кутубхоначи ҳам тайинлаймиз. Биз кутубхонага қарши эмасмиз, унинг жойига қаршимиз, деди", дея ҳокимият вакилидан иқтибос келтирган Баҳодир Элибоев.

Дима Қаюм ҳокимият вакилининг ушбу сўзларидан норозилигини ёзди.

У ушбу бозорда 23 йилдан бери фаолият юритаётганини ва бу вақтда бозор 5-6 марта бузилганини, янги қурилаётгани ҳам яна бузилишини айтган.

"Риштон бозори қанақаси 30 йил бери бир хил?! 5-6 марта бузилдию! Биласиз буни лекин тан олмаяпсиз.. Бошқа гапим йўқ. Пост муаллифи эслаб қолинг янгиси ҳам қачонлардир бузилади аниқ нега? Соққа ишлайдиган жой қилади"

Дима Қаюм ҳокимият кутубхонаси бузса ва қуришга рухсат бермаса, ҳеч бўлмаганда ертўласига қуришини айтди.

"Жуда бўлмаса падвалимга қураман", деган у.

Риштон туманининг янги ҳокими Таваккалжон Раҳимов бозор бузилиши борасида Би-би-си саволларига жавоб бермади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek