"Ўзбектуризм" Бухоро амирлиги даврига саёҳат уюштиради

Томошалар ҳар куни икки маҳал намойиш этилади Фото муаллифлик ҳуқуқи uzbektourism.uz
Image caption Томошалар ҳар куни икки маҳал намойиш этилади

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайёҳларга Бухоро амирлиги даврига саёҳат қилишни таклиф этади. Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинадиган қадимий қалъадаги саҳна кўринишлари сайёҳлар оқимини оширишга қаратилгани айтилмоқда.

Театрлаштирилган томошалар феврал ойининг охирги ўн кунлигидан бошлаб мунтазам кўрсатилиши режалаштирилмоқда.

Видеолавҳани BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида томоша қилинг

Ҳар куни тушгача ва тушдан сўнг икки марта қўйиладиган бундай томошаларда сайёҳларга Бухоро амирлигининг муҳим кунларидан бири кўрсатилади.

"Маданият вазирлиги ҳамда Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида сайёҳларни жалб қилиш ва сайёҳлик ҳудуди сифатида минтақанинг жозибадорлигини ошириш мақсадида қадимий Арк қалъасида театрлаштирилган томошалар намойиш этилди", дейилади қўмита матбуот хизмати чиқарган хабарда.

Ундан маълум бўлишича, Арк қалъасида томошабинлар Бухоро амирининг расмий чиқишига гувоҳ бўлади. Ҳарбий вазирнинг амирликдаги тинчлик ҳақидаги маърузаси тингланади.

"Шундан сўнг амир Византия, Афғонистон, Франция ва Эрондан ташриф буюрган хорижий элчиларни қабул қилиб, улар учун кичик концерт дастурини уюштирган ҳолда меҳмонларни хушнуд қилади. Якуний қисмда эса сарой вакиллари Бухоро Амирининг ёзги саройини тарк этишади", деб ёзилади хабарда.

Бунгача бу каби саҳналаштирилган томошалар яна бир қадимий шаҳар - Хивада йўлга қўйилган. Қўриқчи, элчи ва барча тақдимотчиларнинг қайта тикланган кийимлари алоҳида эътиборни тортган.

Бу каби лойиҳалар Самарқанд, Шаҳрисабз, Қўқон каби тарихий марказларда амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон четдан сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш борасида жиддий ўзгаришлар қилишга уринмоқда.

10 февралдан 7 давлат визасиз кириш имконига эга бўлди.

Яна 39 давлат, шу жумладан Европа Иттифоқи, Шарқий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари, шунингдек Ҳиндистон Республикаси, Канада, Янги Зеландия, Америка Қўшма Штатлари фуқаролари учун туристик визалар беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди.

"Ҳалол" стандарти жорий қилинди.

"Ўзстандарт" агентлигига кўра, "Ҳалол" стандартининг жорий этилиши ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун сотув бозорларини кенгайтириш ва сайёҳлик соҳасида зиёрат туризмини ривожлантиришга кўмак беради.

Қўриқланадиган объект бўлмиш Тошкент метросида сайёҳлар ва ўзбекистонликлар учун сурат олишга изн берилди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek