Қозоғистон ва Ўзбекистон ягона ахборот майдони яратади

информ Фото муаллифлик ҳуқуқи inform.kz

Икки давлат ўртасида яратилиши режалаштирилаётган ягона ахборот майдони ушбу минтақада кучли таъсирга эга Россия ахборот воситаларига рақобат қила оладими деган саволни пайдо қилган. Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон қўшма радиоканални очишни ҳам режалаштирмоқда.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Хаджаев Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев билан учрашди.

Мулоқот чоғида икки мамлакатнинг ахборот соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди, деб хабар қилди "Халқ сўзи" нашри.

Унда икки давлат ҳудудида телерадиодастурларни эркин алмашиш ва тарқатиш йўли билан ягона ахборот майдонини яратиш имкониятлари кўриб чиқилган.

Қозоғистон элчиси Ерик Утембаев учрашувда ахборот майдони соҳасидаги алоқалар масалалари муҳокама қилинганини айтган.

"Натижада телерадио узатиш жабҳасида иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган "йўл харитаси"ни тузиш бўйича келишувга эришилди.

Мазкур "йўл харитаси" ҳам Қозоғистонда, ҳам Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий жараёнларни кўрсатиш имконини берадиган қўшма илмий ва таълим, айни чоғда ахборот дастурларини яратишга хизмат қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон билан биргаликда қўшма радио тузиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Аслида бу биз учун жуда яқин ва самарали ҳисобланади, қолаверса, умумий аудитория топишда муҳим аҳамиятга эга", деган у.

У ҳар икки давлат иқтисодиётини рақамлаштириш учун ахборот маконида яқиндан интеграцияни йўлга қўйиш ва ўзаро қўшма технологияларни яратиши муҳимлиги ҳақида ҳам гап борган.

МТРК раисим Алишер Хаджаев ахборот майдонида ҳамкорлик қилиш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиёда ўзига хос кескин ўсиш намойиш этиш орқали мустаҳкам алоқалар бўйича барчага намуна кўрсатишга тайёр эканлигини билдирган.

Қозоғистон мухолифат фаоллари ахборот оламида Қозоғистон Россия ОАВ таъсири остида қолиб кетаётганини танқид қилишади.

Уларнинг айтишича, турли сабаблар билан Қозоғистон аудиторияси эфирга узатилишда тўсқинликларга дуч келмаётган Россия телеканалларини томоша қилишга тўғри келади.

Натижада бошқа манбалардан ахборот олиш имконияти кам бўлган аҳолида Россия ҳукумати қарашлари шаклланиб қолаётгани айтилади.

Кузатувчилар Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан ҳамкорликда ташкил қилиниши режалаштирилаётган ягона ахборот майдони Россия ОАВ таъсирини камайтиришга хизмат қилиши мумкинлигини айтади.

Бундан ташқари Ўзбекистонда яшайдиган 100 минглаб қозоқлар ва Қозоғистонда яшайдиган 100 минглаб ўзбеклар учун ягона ахборот майдони ўз тилларида ахборот олиш имконини ошириши мумкин.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар