Раҳмат Оқилов терроризм айбларини бўйнига олди

Суд биноси атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Суд биноси атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

2017 йил апрелида Швеция пойтахтида оломон устига юк автомобилини ҳайдаб беш инсонни ўлдирган ўзбекистонлик бошпана изловчи Роҳат Оқилов устидан маҳкама бошланди.

Роҳат Оқилов терроризм билан боғлиқ жиноий бандларда айбланмоқда.

У ўзига илгари сурилган айбловларни тан олган.

Судда Роҳат Оқилов юк машинаси билан "кофирларни босиб ўлдиришни" хоҳлаганини айтди.

Стокгольмдаги суд жараёни бошланишини ёритиш учун йиғилган мухбирларнинг хабар беришларича, бино атрофида қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган.

Суд залига Раҳмат Оқилов яшил тутқунлар кийимида, соқол ва мўйлови олинган ҳолда, адвокати Жохан Эрикссон ҳамроҳлигида кириб келган.

Маҳкама жараёнида айтилишича, Швециядан бошпана сўраган Раҳмат Оқиловнинг сўрови 2016 йилда рад этилган, сўнг у "Исломий Давлат" гуруҳига содиқликка қасамёд қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Суд залида кўп сонли журналистлар тўплангандилар.

Бироқ ИШИД Стокгольмдаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

2017 йил 7 апрелида тушдан кейин Раҳмат Оқилов дўконларга пиво тарқатадиган юк автомобилини олиб қочган.

Машинани Стокгольм марказидаги пиёдалар хиёбонига ҳайдаган, имкони борича кўп одамни босиб кетишни қасд қилган.

Оқибатда беш инсон ҳаётдан кўз юмган, 10 киши жароҳатланган.

Судда айтилишича, айбланувчининг мақсади "қўрқув келтириб чиқариш ва Швециянинг "Исломий Давлат"га қарши коалициядаги иштирокини тўхтатиш бўлган.

Оқилов юк автомобилини дўконлардан бирига бориб урган ва ҳодиса жойидан қочиб яширинган.

Орадан бир неча соат ўтиб, жамоат транспортидаги кузатув камералари видеоларига таяниб полиция жиноятчини ушлаган.

Полиция билан сўроқ пайтида у содир этган жиноятини бўйнига олган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ