"Муҳаммад Солиҳнинг Ватанига қайтишига қаршиларни холис муносабат деб бўлмайди"

Адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бир гуруҳ ўзбекистонлик ва хорижлик ижодкорлар, оддий инсонларнинг мухолифат лидери ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг Ватанига қайтишига кўмак беришни сўраб Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатига 450 дан ортиқ имзо тўпланди.

Мурожаатномага Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло, халқ шоири Жамол Камол, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева, драматург Шароф Бошбеков, журналист Карим Баҳриев ва бошқалар қўшилганлар.

Интернет ижтимоий тармоқларида ушбу мурожаатга қарши фикрлар ҳам билдирилди, бироқ очиқ мактуб ташкилотчиларидан ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг Би-би-сига айтишича, Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтишига қарши муносабат билдирганларни холис деб бўлмайди.

Адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон билан суҳбатни тингланг

Мурожаатда Муҳаммад Солиҳнинг биринчи галда адабиётчи эканлиги ва сўнгра сиёсатчилиги таъкидланади.

"Сиёсатга у давр тақозоси билан, мустақиллик учун ҳаракатлар жараёнида фаол аралашган ва мамлакатимиз совет мустамлакасидан қутулиши йўлида жонбозлик кўрсатган", дейилган мурожаатда.

Мурожаатда Муҳаммад Солиҳнинг шоир сифатида чиқарган китоблари ва таржималари эътироф этилган.

""Орзу фуқароси", "Валфажр" , "Йўлнома", "Олис табассум сояси", "Тун ташбеҳлари", "Бешинчи фасл", "Қудуқдаги ой", "Оқ кўйлаклар", "Шаффоф уй", "Кўзи тийран дард" каби китоблари адабиётимиз хазинасидан муқим жой олган. Кўпи рус, инглиз, турк ва бошқа кўп тилларга ўгирилган".

Президент Мирзиёевга ёзилган очиқ мактубда айтилишича, ниҳоят ҳақ қарор топиб, адолат юзага чиқадиган кунлар келгани ҳис қилиняпти. Бу ҳол шоирни ўз Ватанига қайтариш мулоҳазасини уйғотган.

"Тарихдан маълум, халқига қайишадиган ҳукмдорлар зиёли қатламнинг қадрига етган. Биз Сиздан 70 ёшни қоралаб қолган шоиримиз Муҳаммад Солиҳни юртга қайтаришда кўмагингизни сўраймиз. Бундан халқ ҳам, адабиёт ҳам ютади" дейилади мурожаатда.

Олдинроқ кўпчилиги Ўзбекистонда ва хорижда истиқомат қиладиган 50 га яқин ўзбекистонлик мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтарилишини сўраб ёзилган мурожаат остига имзо чекканлиги ҳақида хабар бергандик.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабр Парламентга қилган очиқ мурожаатидан илҳомланган Сурат Икромов илк бўлиб Муҳаммад Солиҳни ортга қайтариш таклифи билан чиққан эди.

Сурат Икромовнинг ёзишича, Мирзиёевнинг 22 декабр куни Ўзбекистон парламентига мурожаати инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари каби танқидчилар қатламида ҳам умид учқунларини пайдо қилди.

"Сизнинг сўнгги чиқишингиз биздаги шубҳани ағдар-тўнтар қилди ва бизда сизга ишонч уйғотди. Шу қадарки, энди биз сиздан, ўлкамизнинг Президентидан каттарок нарсалар кутишга бошладик. Энди биз сиздан ҳокимият ва мухолифат орасини тузатиш, илиқ муносабатларга туртки беришингизни кутишга бошладик", дейилади унда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ