"Андрей Кубатин жиноят иши қайта кўриб чиқилсин!"

Андрей Кубатин китоби муқоваси Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Андрей Кубатин туркшунослик тарихига оид илмий мақола ва китоблар муаллифи.

Яқинлари ва қатор таниқли олимлар шарқшунос тадқиқотчи Андрей Кубатиннинг жиноят ишини қайта кўриб чиқиш ва уни қамоқдан озод этилишини сўраб мурожаат билан чиқдилар.

Ёш туркшунос олим Андрей Кубатин устидан 2017 йил 1 декабрида 11 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукм чиқарилган.

Ҳарбий суд уни ватанга хиёнат қилишда айбдор деб топган.

Андрей Кубатиннинг рафиқаси Феруза Жуманиёзова Ўзбекистон Омбудсманига мурожаат қилган, ушбу жиноят ишида кўплаб қонун бузилишларига йўл қўйилганини билдирган.

Ҳукмга кўра, Андрей Кубатин Туркия фуқаросига 1000 АҚШ доллари эвазига гўёки Ўзбекистон Давлат архиви ва Шарқшунослик институтида сақланган электрон китобларни сотган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Аммо суд жараёни пайтида Кубатин бу китоблар архивдан олинмагани, маълумотларнинг аксари Интернетда очиқ эканлигини айтганига қарамасдан, ҳакам бу важларни инобатга олмаган.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати терговчилари Андрей Кубатинни пантуркийлик ғояларини тарқатиш, миллий ва динлараро низо қўзғаш, Ўзбекистоннинг геологик бойликлари ҳақидаги маълумотларни четга чиқаришда ҳам айблаганлар.

Тошкент Шарқшунослик институти доценти Андрей Кубатиннинг ўзбек тили шеваларини мукаммал билгани, шу билан бирга тарихчи ва қадимшунос сифатида истеъдодли ёш олим эканини ёзмоқдалар уни яқиндан билган зиёлилар.

Рафиқаси Феруза Жуманизёованинг ёзишича, Андрейнинг жиноят ишини қайта кўриб чиқишни сўраб таниқли тарихшунос олимлар Эдвард Ртвеладзе ва Аҳмадали Асқаров МХХ собиқ раиси Рустам Иноятовга мурожаат қилганлар, бироқ бу мурожаатга жавоб бўлмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар