Турк сериали дубляжида қатнашганларга "миллат хоини" тамғаси урилди

Зиёвуддин Раҳим бир неча Исломий китоб муаллифи Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Зиёвуддин Раҳим бир неча Исломий китоб муаллифи

Бир неча Исломий китоблар муаллифи Зиёвуддин Раҳим айрим хориж сериалларига овоз бераётганларнинг маоши "ҳаром"лигини айтди. Бу ҳақда azon.uz сайти ёзиб чиқди. Уламонинг бу гаплари Facebook да баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

"Фаҳш ишларга, зинога чақирадиган (туркчами, мексиканикими, бало-баттарми, фарқи йўқ) сериалларга овоз бериш, дубляж хизмати учун ҳақ олиш ҳаромдир. Ким унга овоз берса, ҳаром иш қилибди, боласига ҳаром луқма едирибди. Ўша сериаллар эфирга узатилиши йўлида ишлаганлар ҳам ҳаром-нопок иш қилган бўлади", деган у.

Зиёвуддин Раҳим бундай сериалларга овоз бераётган актёрларни миллатнинг ашаддий хоинлари ва мунофиқ, деб атаган.

"Уларни аввал ҳам миллат хоинлари деб атагандим. Ҳозир ҳам миллатнинг энг ашаддий хоинлари, бузғунчи, иккиюзламачи, мунофиқ кимсалар деб биламан. Бошқаларни ҳам жаҳолатга, разолатга қарши курашишга чақираман.

Сериалларни зудлик билан тўхтатинглар! Акс ҳолда охири ёмон бўлади!

Қардош Туркия билан алоқаларимиз тиклангани яхши, албатта. Лекин бу, уларнинг маънан бузуқ, ёмонликка ундайдиган сериалларини қўйиш мумкин дегани эмас. Туркларда ҳам бор яхши, мазмунли сериаллар. Нега улар қолиб, айнан шаҳватпарастликка мойил қилувчи, оилалар тинчлигини бузадиган, имонга, одоб-ахлоққа раҳна соладиган чиқинди сериаллар берилмоқда? Бунинг ортида кимлар турибди ўзи? Қани, мард бўлса, ҳақ бўлса, чиқсин, ўзини кўрсатсин, нима учун, қандай мақсадда бундай аҳмоқона сериаллар бераётганини тушунтирсин!

Балки, мен нотўғри ифодалагандирман, балки бошқа сабаби бордир. Хуллас, айрим инсонлар сериаллар ҳақидаги постимни "Телевидениеда ишлаш ҳаром экан?" деб тушунишяпти. Йўқ, азизлар, мен ундай демадим. ЎзМТРКда ишлаш ҳаром деб айтмадим. Балки миллатимиз шаънини булғаётган, ёшлар одобини бузаётган, жуда кўп зарари тегаётган фаҳш аралаш сериалларни эфирга узатиш, уни тайёрлашда қатнашиш жоиз эмаслиги ҳақида гапирдим", деб ёзган у.

BBCUZBEK.COM Facebook ва ok.ru даги саҳифалардаги ўқувчилари орқали ушбу айбловларга муносабат билдиришни сўради.

"Зиёвуддин Раҳим домланинг гапига карши чикиш учун унингдек билим эгаси бўлиш керак. Коммент ёзганларнинг кўпчилиги илмдан бехабар инсонлар.Шу кишидек уламоларимиз бизга тугри йул кўрсатса дарров нотўғри талқин қилиш бошланади. Бундай сериаллар тўхтатилиши керак. Ҳак гапни айтганлар", дейди Рано Гозибоева.

"Туркияда бундай сериаллар бериб борилади. Туркия демократик давлат. Бу каби сериаллар бериб борилиши табиий хол. Шу билан бирга диний каналлар, амру маъруф каналлари хам бисёр. Туркияда бу каби сериалларни кўришдан мусулмонларни қайтариш учун бемалол илм ахллари ўзларининг қарши фикрларини билдиришади. Хаттоки илм ахллари ва оддий мусулмон қатлам еғилишиб, бу каби сериал хамда кўрсатувларни ёйиндан қолдирилишини сўраб имзо тўплашади. Бу ишлар натижасида шу каби ахлоққа зид бўлган кўрсатувларни эфирдан олиб ташланишига хам эришишган. Бу каби қарши фикр билдирганларга хеч қандай жиноий иш очилмайди. Туркия демократик давлат, хар ким ўз фикрини айтиш хуқуқига эга. Ўзбекистон хам демократик давлат эмасми?", дейди Хон Буви.

Abdu Salim номли фойдаланувчи матн муаллифидан Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилишни сўрайди.

"Матн муаллифи илтимос давлатимиз конунларига ҳурмат билан қаранг. Ҳеч кимни хоин ва мунофик деб асоссиз ва конунсиз айтилишига рухсат йўқ. Давлатимиз қонунларида бу сериал мумкин, бу мумкин эмас дегани йўқ. Фақат порнография ва экстремизмни тарғиб қилувчи бўлса мумкин эмас, буни хам тегишли идора қарори билан амалга оширилади. Давлатимиз дунёвий давлат, диний эмас. Диний нормалар мажбурий характерга эга эмас. Бошқаларнинг хоҳишларини ҳурмат қилинг", дейди у.

Anvar Kodirov дубляжда иштирок этган актёрлар фақат кинога овоз берганини ва кинони танлаш ҳуқуқи йўқлигини айтади. Унга кўра луарни нишонга олиниши тўғри эмас. Фикрларни эса тамға ишлатмасдан ифода этиш мумкинлигини айтган.

Facebook да анча фаол бўлган блоггер Мусанниф Адҳам бошқаларнинг эркинлигига дахл қилмасдан эркинликни талаб қилиш кераклигини ёзган.

"Мен бир нарсага қатъий ишонаман: менинг эътиқодим - Ислом ақидаси дунёдаги энг кучли ақида. Шундай экан, мен уни куч билан тарғиб қилишимга мутлақо ҳожат йўқ. Аксинча, уни етказиб, тушунтириб бера олсам, кифоя - халқнинг ҳаммаси бўлмаса ҳам катта қисми унга эргашади. Менга Исломни тушунтиришга, уни халққа етказишга имкон керак. Шунинг учун қаердаги сериаллар, концертларнинг зараридан, тарқалишидан хавфсирамайман, уларга тақиқ қўйилишини талаб қилмайман. Шунчаки, уларга берилган имкон менга ҳам берилишини истайман. Қолганини вақт ўтиб кўрамиз, Инша Аллоҳ", деб ёзган Мусанниф Адҳам ўз саҳифасида.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар