Ўзбекистонда ҳамширалар велосипедда юради

ҳамшира

Сурат манбаси, O'zbekiston

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги патронаж ҳамширалари велосипед билан таъминланди. Энди улар кузатувда бўлган беморларнинг уйларига велосипедда қатнайди. Велосипед ҳайдашни билмаган ҳамширалар уни ўрганиб олган.

"Ўзбекистон" каналининг хабар беришича, Тошкент вилоят Қуйичирчиқ туманида фаолият юритаётган патронаж ҳамширалари учун биринчи босқичда мавжуд 11 та ҳудудга иккитадан велосипед олиб берилган.

Велосипедлар ортидан ҳамшираларнинг оғири енгил бўла бошлаётгани ва уларнинг масофаси қисқаргани айтилмоқда.

Видео тагсўзи,

Велосипедлар ҳатто сув устида ҳам синаб кўрилган.

"Ҳамшираларнинг барчаси велосипед ҳайдашни билмасди, аммо бир-бирларидан кўриб, ўрганишди. Илгари битта чақирувнинг ўзига бир ярим соат вақт ажратган бўлса, велосипедлар билан таъминлангандан сўнг бу кўрсаткич 35-36 дақиқага етди", дейди бош ҳамшира Севара Аширова.

Маълумотларга кўра, босқичли тадбирлар доирасида туман ҳокимлиги 80 минг нафар патронаж ҳамширасининг барчасини велосипедлар билан таъминлашни режалаштирган.

"Велосипедимни ўзим созлай оламан. Чунки ёшлигимдан велосипед ҳайдаб ўрганганман. Ўзимнинг ҳам велосипедим бор эди. Ҳозир Туман Тиббиёт Бошқармасидан велосипед берилганига жуда ҳам хурсандман. Чунки ишимнинг самараси ошди. Маҳаллаларга бориб келишга вақтим анча тежалди", - дейди ҳамшира Дилноза Турсунова.

Қишнинг қорли кунларида велосипеддан қандай фойдаланиш мумкинлиги борасида лавҳада ҳеч нарса дейилмаган.

Ушбу тажриба республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий қилиниши ҳақида хабар берилмаган.

Видео тагсўзи,

Велосипед кира хизмати

Ўзбекистонда ҳокимият алмашгач янги раҳбарият давлат хизматлари борасида мамлакат учун янги бўлган турли ўзгаришларни киритишга ҳаракат қилмоқда.

Олдинроқ Тошкент кўчаларида ойнасига Police сўзи ёзилган милиция ходимлари ва отлиқ милиционерлар пайдо бўлганди.

BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning. Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek