Аҳмадбой: "Ҳеч кимни пул беришга мажбур қилмаганман"

Аҳмадбой

Сурат манбаси, Xalq so'zi

Халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган молиявий пирамида асосчиси Аҳмад Турсунбоевга судда охирги сўз берилди. У ҳеч кимни алдамаганини ва пул ҳамда мулкларни олиб келинглар, деб ҳеч кимни мажбурламаганини айтган.

Тошкент вилоят жиноят ишлари бўйича суди йиғилиши бўлиб ўтди. Унда халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган Тошкент вилояти Чиноз туманилик тадбиркор Аҳмад Турсунбоев ва унинг шериклари иши кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда "Халқ сўзи" газетаси.

Суд жараёни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича суди судяси Дилшод Комилов томонидан олиб борилган.

Судда судланувчи Аҳмад Турсунбаев ва унинг шерикларига охирги сўз берилди.

"Ҳурматли судья, мажлис қатнашчилари. Аввало шуни айтишим керакки, мен фуқароларни алдаганим йўқ. Пул ва автомашиналарни улар ўз хоҳиш-иродасига кўра олиб келишган. Мен ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмаганман.

Мен ўзим деҳқон ва чорвачилик билан шуғулланадиган фермер бўлганман. Лекин юз берган воқеадан афсусдаман. Менинг битта мақсадим бор эди - иш қилиш. Алдаш ҳаёлимга ҳам келмаган. Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимиздан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан кечирим сўрайман. Мени кечиринглар", - дея Аҳмад Турсунбоев сўзларидан иқтибос келтиради "Халқ сўзи".

Сурат манбаси, Xalq so'zi

Аҳмадбой ва унинг беш нафар шериги Жиноят Кодексининг 168 моддаси (фирибгарлик), 211 (порахўрлик) ва 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланмоқда.

Аҳмадбой Турсунбаев 2015 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида "Чиноз ҳалол чорва" ва "Чиноз авто ҳамкор транс" корхоналарини ташкил қилган. У ва унинг ходимлари миллий ва чет эл валютасида аҳолидан энг камида йилига 100 фоиз устама бериш шарти билан пул олиб келган. Шу билан бирга Аҳмадбой пулни қайтариб беришга ҳеч қандай кафолат бермаган.

Томонлар, агар унга бирор нарса бўлса, ҳеч ким ҳеч нарса талаб қилмасликка келишиб олган.

Икки йил мобайнида Аҳмад Турсунбаев ва унинг шериклари катта миқдордаги пул, чорва моллар ва турли русумли автомобилларни ўзлаштириб келган. Уларнинг жиноий фаолияти беш йил давом этган. Маълум қилинишича, бундан минглаб фуқаролар жабр кўрган.

Суднинг якуний қарори 19 февраль куни эълон қилиниши айтилмоқда.

Иқтисодчи Ҳусаиновнинг айтишича, Ўзбекистонда фуқаролар ўз жамланган пулларидан фойда олиши мумкин бўлган муқобил қонуний йўллар иш бермаяпти, хусусан банклар ўз мажбуриятларини бажаришмаяпти.

"Одамларнинг болалари юборган пуллари бор, ёки хурмачада турган пулларини қаергадир қўйиб, 5-10 фоиз ундан фойда олиш, агар тўғри йўлда қилинса, ҳалол-ку. Шунга халқ интилади. Халқнинг қондирилмаган эҳтиёжини ўша халқнинг орасидан чиққан инсон - Аҳмадбой қондирган", - дейди у.

Таҳлилчининг айтишича, молиявий пирамида қоидасига биноан, 100 одамдан пул олинади ва, мисол учун, 10 нафарига юқори фоиз билан қайтарилади. Лекин, айни дамда, пирамида эгаси қолган 90 нафарига пулни қайтариб бера олмаслигини яхши билади.

"Бу жуда оғир жиноят. Чунки 100 одамга фойда келтирган бўлса, 20 мингининг хонадонини куйдириб, келажагини йўқ қилган", - дейди жаноб Ҳусаинов.

Иқтисодчига кўра, Аҳмадбой маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органларини "кўнглини олиб" ўз ишини давом эттиришга муваффақ бўлган, шундай экан, ҳукумат маҳаллий ҳукмдорларни ҳам жазолаши керак.

BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning. Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek