Мирзиёев матбуот хизмати Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида фильм олди

шайх Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ҳаётлиги вақтида марказий телеканаллардан четлаштирилган ва ҳатто вафоти эълон қилинмаган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида ҳужжатли фильм намойиш қилинди.

Фильмнинг ғоявий муаллифи сифатида Президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов кўрсатилган.

15 дақиқалик фильм 18 феврал куни O'zbekiston24 телеканалида кўрсатилган. Президент матбуот хизмати уни Facebook даги саҳифаси орқали жонли узатиб турди.

Ҳужжатли фильм азон чақириқлари билан бошланади, бошловчи Афзал Рафиқов, "эшитяпсизми, ўлкамизда узра азон садолари янграмоқда" дейди ва шу билан Ўзбекистонда Каримов бошчилиги даврида азонларга қўйилган тақиқларга ишора бергандек бўлади.

Унда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг таржимаи ҳоли берилган.

Шайхнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий этиб сайланган даврлари ҳақида гапирилади. Шундан сўнг диний уламонинг Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлиги ҳақида айтилади.

Ҳужжатли фильмда шайхни Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилганлар " бир тўда фитначи" ва "иғвогар" деб аталади.

"Бир тўда фитначию, иғвога учган ғофиллар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига асоссисиз туҳматлар ёғдириб, турли фитналар уюштирдилар. Буюк бир олимни миллатнинг асл жонкуярини маълум муддат оиласи, ота-она меҳри фарзандлари дийдоридан айро яшашга мажбур қилди. Ватандан маҳрум этди", дейди кадр ортидан бошловчи Афзал Рафиқов.

Фильмда шайхнинг нима сабабдан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлгани борасида ҳеч нарса айтилмаган.

Шайхнинг Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлиши ва қайтиб келишида ўша вақтдаги Президент Ислом Каримовнинг роли ҳақида ҳам ҳеч нарса дейилмаган.

Диний уламо 2001 йил Ўзбекистонга қайтганидан сўнг нима учун марказий теканалларга кўрсатилмагани ёки мусулмонлар диний идорасида ишламагани борасида гапирилмаган.

Бироқ шайхнинг бошига Ўзбекистонда синовлар келиб, унга нисбатан ноҳақликлар бўлганлиги айтилди.

"Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тақдирнинг ўзига яраша синовларига дуч келди. Шукрлар бўлсинким, мана ниҳоят ҳақиқат қарор топди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан яқин келажакда қад кўтарадиган янги масжидга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номининг берилиши бунинг гўзал исботидир", дейилади фильмда.

Ҳужжатли фильм сўнгги азон садолари билан тугатилган.

"Эшитяпсизми, ўлкамиз узра азон садолари янграмоқда", дейди бошловчи.

2015 йилнинг 10 март куни тушдан кейин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тўсатдан вафот этди.

Ислом оламининг улкан алломаси, Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти ҳақидаги қайғули хабар интернетни ларзага солганди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг religions.uz веб-сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти билан таъзия изҳор қилинди.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси нафақат Ўзбекистон, балки дунё мусулмонлари катта йўқотишга учраганини айтди.

"Лекин бутун дунё мусулмонларига сермаҳсул хизматлари билан танилган инсоннинг ўлимини Ўзбекистон давлат телеканаллари, радиолари, ахборот агентликлари ва рўзномалари "кўрмай қолдилар", деб ёзган эди Би-би-сининг Тошкентдаги ўқувчиси.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek