Ўзбекистон ҳукуматида янги тайинловлар

Gazeta.uz

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи,

АҚШда таҳсил олган Шерзод Шерматов Мирзиёевнинг Виртуал Қабулхонаси ортида турган шахс ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни ҳукуматда қатор ўзгаришларни амалга оширган.

Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажариб келган Шерзод Шерматов Инновацион ривожлантириш вазирининг ўринбосари этиб тайинланган.

Унинг ўрнини Ахмедхаджаев Азим эгаллаган.

Президент ўз фармони билан жаъми 8 та вазирлик раҳбариятида ўзгариш қилган.

Айрим таҳлилчиларга кўра, юқоридаги Ахборот технологиялари ва инновация вазирликларидаги кадрлар ўзгаришини муваффақиятли "рокировка" деб бўлмайди.

Шерзод Шерматов ўрнига тайинланган Ахмедхаджаев бундан олдинги лавозимида сезиларли ўзгариш қилмагани айтилади.

АҚШда таҳсил олган Шерзод Шерматов эса Мирзиёевнинг Виртуал Қабулхонаси ортида турган шахс ҳисобланади.

Шерматов Ўзбекистон ҳукуматининг энг ёш ва илғор фикрли аъзоларидан деб билинади.

Ёш вазирлар

Президент Мирзиёев ўз чиқишларида кадрлар муаммосига дуч келаётганини бот-бот такрорлайди.

У масъул лавозимларга ёш кадрларни қўйиш истаги борлигини бир неча лавозмларга тайинлашлар қилиш орқали кўрсатмоқда.

Ўтган йил августида Шавкат Мирзиёев 37 яшар Русланбек Давлетовни Адлия вазири этиб тайинлаган.

22 ёшли жиззахлик тадбиркор Алишер Саъдуллаев 30 июн куни ёшларнинг Мирзиёев билан учрашувида Президент назарига тушган.

Эртаси куни у Халқ таълими вазирининг энг ёш ўринбосари сифатида тарихга кирди.

Кўп ўтмай 25 ёшли Олимжон Тўйчиев Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди.

Кадрлар борасидаги охирги ўзгаришлар МХХдаги ислоҳотлар ортидан рўй бермоқда.

Миллий хавфсизлик хизмати ўтмишда кадрлар сиёсатида фаол рол ўйнаб келган.

Ўтган ҳафта Бухородаги чиқишида Мирзиёев МХХ тор-мор қилингани, аммо ташкилот ҳали ҳам мавжудлигини айтиб, расмийларни "кўзларини катта очиш"га чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002