Қўлга олинган собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодировни қандай жазо кутмоқда?

Рашитжон Қодиров 15 йил Бош прокурорлик қилган

Сурат манбаси, Getty/NUZ

Сурат тагсўзи,

Рашитжон Қодиров 15 йил Бош прокурорлик қилган

Ўзбекистонда 15 йилдан ортиқ Бош Прокурор бўлиб ишлаган Рашитжон Қодиров қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура сайти хабар қилмоқда. У товламачилик, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш ва пора олишда айбланган.

Би-би-сидаги маълумотларга кўра, Рашитжон Қодиров 23 феврал куни хорижга учишга шайланганида Тошкент аэропортида ушланган.

Видеони BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида томоша қилинг

У Жиноят процессуал кодексининг 221-моддасига биноан қўлга олинган.

Бу моддаданинг 4-бандида ёзилишича, "шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса" ушлаб туришга асос бўлади.

Бош Прокуратура матбуот хизмати Рашитжон Қодировнинг қандай ҳолатда ушлангани борасидаги саволга ойдинлик кирита олмаслигини маълум қилди.

"Бор маълумотни веб саҳифамизга қўйдик. Тергов сири деган нарсалар бор, ундан ортиқ маълумот беролмаймиз", дейди Рашитжон Қодировнинг аэропортда қочаётган вақтда қўлга олинганини тасдиқламаган ёки инкор этмаган мулозим.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси - Товламачилик, 205-моддаси - Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 210-моддаси - Пора олишдир.

Собиқ Бош прокурорнинг товламачилик бўйича айби исботланса у 3 йилдан 15 йилга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилиши мумкин.

Рашитжон Қодировнинг ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жинояти исботини топса энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, икки қилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

15 йил алмаштирилмасдан Ўзбекистонга Бош прокурорлик қилган Рашитжон Қодировнинг пора олганлиги исботланса, жиноятнинг оғир енгилига қараб жарима билан қутилиши ёки 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Уч модда бўйича собиқ Бош прокурор энг оғир жиноятларни қилган деб топилса, унга умумий ҳисобда 35 йил қамоқ жазоси берилиши керак бўлади.

Ўзбекистонда максимал қамоқ муддати 25 йил этиб белгилангани ҳисобга олинса. Рашитжон Қодиров ушбу моддалар бўйича энг оғир жиноятларни қилган тақдирда максимум 25 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бироқ 2015 йил июн ойида Олий мажлис томонидан қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси бўйича собиқ Бош прокурорнинг қамоқ жазоси учдан икки қисмга қисқартирилиши мумкин.

Киритилган ўзгаришга кўра, 60 дан ошган кишилар ҳамда аёлларга нисбатан максимал қамоқ жазоси муддати учдан иккига қисқартирилган.

1952 йил 23 февралида туғилган Рашитжон Қодиров 2000 йил Ўзбекистон Бош прокурори лавозимини эгаллаган.

Шундан кейин у уч марта, яъни 2005, 2010, 2015 йилларда беш йиллик муддатга қайта тайинланган.

2015 йилнинг бошида 4-муддатга Бош прокурор бўлган, бироқ орадан бир неча ой ўтиб лавозимидан озод этилган эди.

Рашитжон Қодиров 2015 йилнинг 16 майида Конституциявий суд судьяси этиб тайинланган, 2017 йил августида Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Конституциявий суд аъзолари қайта тайинланганда лавозимидан бўшатилган эди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek