Марказий Осиёда 72 кун амал қилган давлат ёдга олинди

Туркистон мухторияти ҳукуматининг аъзолари

Сурат манбаси, архив

Сурат тагсўзи,

Туркистон мухторияти ҳукуматининг аъзолари

23 февраль куни "Темурийлар тарихи" давлат музейида Туркистон мухториятининг 100 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. 1917 йилниинг 27 ноябрида тузилган ва 1918 йилнинг февралига қадар 72 кун умр кўрган бу давлат большевиклар тарафидан тор-мор қилинганди.

Анжуманда профессионал тарихчи ва филолог олимлар, ёзувчилар, давлат идоралари вакиллари, чет эл дипломатик корпуслари раҳбарлари, журналистлар, ижтимоий тармоқлар фаоллари, блогерлар ва Туркистон мухторияти тарихига қизиқувчилар иштирок этди.

Тадбир бошланишида, Туркистон Мухторияти мадҳиясини Чўлпоннинг қариндоши ўқиб берган.

Анжуманда маъруза қилган олимлар Туркистон мухториятининг минтақа халқлари орасида давлатчилик нуқтаи назаридан ўрни ҳақида гапирган.

Сурат манбаси, Jonuzoq Halil

Маърузаларда Туркистон мухторияти тарихи, уни қуришда иштирок этган тарихий шахслар, уларнинг Ўзбекистон ва Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни хусусида сўз юритилган.

Тадбир иштирокчилари мухториятнинг умумий тарихи, ички ва ташқи сиёсати, армияси, иқтисодий фаолияти ҳақида маълумотларга эга бўлгани айтилмоқда.

Чор подшоси ағдарилганидан сўнг юзага келган вазият - мустақилликка чиқиш имкониятидан фойдаланиб тузилган минтақадаги илк демократик ва дунëвий тузилманинг 100 йиллиги Ўзбекистонда ҳеч бир тарзда нишонланмаëтганидан тарихчи олимлар ва адабиëтчилар таассуф билдирган эди.

Бироқ кечроқ бўлса ҳам Тошкентдаги бир гуруҳ ташаббускорлар мухториятнинг 100 йиллигига бағишланган анжуман ташкил қилишнинг уддасидан чиққан.

Туркистон мухторияти - Ўрта Осиё тарихидаги биринчи замонавий демократик давлат ҳисобланади.

У 1917 йил 28 ноябрида Қўқон шаҳрида таъсис этилган.

72 кунлик фаолиятидан сўнг мухторият 1918 йил 22 февраль куни Туркистон комиссариати ҳамда унга марказдан юборилган совет армияси гуруҳлари томонидан тугатилган.

Ўша йилларда собиқ Россия империясининг бошқа ҳудудларида ҳам шу каби мустақил давлатлар тузилган, аммо Қизил армия томонидан бирин-кетин тугатилган эди.

Анжуманда иштирок этган Украина элчиси Юрий Савченко ўз чиқишида деярли бир даврда мавжуд бўлган Туркистон мухторияти ва Украина Халқ Республикаси тарихидаги шу каби параллелларга эътибор қаратди, дея хабар берган дарё.уз нашри.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek