Ўзбек имоми туманидаги муҳтожларга хайрия ёрдами ташкиллаштирди

Ўзбек имоми туманидаги муҳтожларга хайрия ёрдами ташкиллаштирди

Наманган вилоят Янгиқўрғон тумани бош имом-хатиби Рустамжон Отаматов тумандаги муҳтож оилаларга ёрдам беришни йўлга қўйди. Ҳозирча акциясидан келиб тушган маблағдан ун, ёғ ва дори-дармон учун пуллар ажратилмоқда. Туман имоми келажакда амалиётга пул тополмаётган беморлар ва шартнома пулларини тўлолмаётган талабаларга ёрдам беришни ният қилган.

Ушбу тадбир бошланганига 10 кун бўлган, бироқ шу вақтнинг ичида 30 дан ортиқ оилага ёрдам берилди. Ёрдамларни имомнинг ўзи уйма-уй юриб тарқатмоқда.

"Ташаббус ўзимга тегишли, тепадан ҳеч ким буйруқ бергани йўқ. Шу туманда 7 йилдан бери бош имом-хатиблик қилаётган бўлсам, бундан олдин ҳам қўлимиздан келганча ёрдам уюштирганмиз. Юртбошимиз "ҳеч бўлмаса биттадан оилани рози қилинглар", деган сиёсатни кўтаряптилар ҳозир. Шундан келиб чиқиб ижтимоий қатламда дори ололмаётган беморлар бор. Ёки боқувчисини йўқотган оилалар бор. Шуларни эътиборга олиб ташаббус қиляпмиз", дейди Рустамжон Отаматов.

Би-би-си боғланган вақти туман бош имом-хатиби бир хонадонга нарсаларни ташлаб чиққанини айтди.

Туманда 20 масжид бор. Рустамжон Отаматов ташаббусни фақат масжид ичида чеклаб қолмасдан, балки ижтимоий тармоқлар ва тумандаги бойроқ кишиларга саҳоватга чақирув қоғозларини тарқатиш орқали маблағ йиғмоқда.

Йиғилган маблағлар "клик" хизмати орқали ҳисоб рақамга келиб тушади ва унга ҳозирча ун ва ёғ олинмоқда. Шунингдек, дори-дармонга муҳтожлар учун ечиб олинмоқда.

10 куннинг ичида 4,5 миллион сўмдан ортиқ маблағ келиб тушган ва улар туман бўйлаб тақсимланмоқда.

"Келажакда ушбу ташаббусни кенгайтирмоқчимиз. Операцияга кучи етмайдиган оилалар бор, шуларни операциялар қилдиришликка ва касалхоналарда ётиб даволанишларига ҳисса қўшиш ниятларимиз бор. Аравача олишга кучи етмаётган ногиронларга коляска олиб бериш, шартнома пулини тўлолмаётган талабаларнинг маблағини тўлаб ёрдам бериш ниятларимиз бор. Хайриямизнинг давом этиши саҳоватли одамларнинг ёрдами кўламига боғлиқ", дейди Рустамжон Отаматов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek