Гулистондаги деҳқон бозори яна ёнди

иозор

25 феврал куни тонгда Гулистон шаҳридаги Эски деҳқон бозорида ёнғин келиб чиқди. Натижада 5 дўкон ва 1 устахона ёниб кетди. Бозорга ўт кетганлиги ҳақидаги хабар ёнғин хавфсизлик бошқармасига тонгги 5:38 да келиб тушган. Олов 06:21 да ўчирилган.

Бозорда ёнғин келиб чиққанлиги тўғрисида хабар берган тадбиркорнинг Би-би-сига айтишича, дўкони билан бирга барча моллари ҳам ёниб кетган.

Унинг айтишича, бозорда 5 дўкон ва бир устахона ёнган.

Сирдарё вилояти ёнғин хавфсизлик бошқармасидан навбатчи оператор бозорда ёнғин келиб чиққанини тасдиқлади.

Расмийнинг айтишича, 5 та дўкон ёнган, ёнғиннинг умумий майдони 70 квадрат метрни ташкил қилган.

Ёнғин сабабларини ўрганиш учун махсус экспертизага юборилган, жабрланган борасида маълумот йўқ.

Би-би-си манбасининг айтишича, бозорда 2 заргарлик, 1 кийим, 1 та телефон аксесуарлар ва яна битта телефон эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи дўкон ёниб кетган. Шу билан бирга бир дона устахона ҳам ўт ичида қолган.

"Нега 5-6 йилдан бери Гулистонда ёнғин содир бўляпти. Тўғри қазои-қадардан деб биламиз. Лекин хавфсизлик қачон таъминланади. Ёнғин хавфсизлик ходимлари дўконларга ўт ўчириш воситаларини талаб қилмайди. Электр симлари эса очиқ-сочиқ. Электросеть назорат қилмайди. Қачон назорат ўрнатилади, Қачон тадбиркорлар яхши дўконларда ишлайди. Давлатга солиқ тўлаймиз, ҳаражатимиз кўп, дўконни ижарага олиб ишлатамиз", дейди моллари куйиб кул бўлган тадбиркор.

Тадбиркорнинг айтишича, Гулистондаги на эски бозор ва на янгиси замон талабларига жавоб беради.

Гулистон бозорларида ёнғин чиқиши илк марта кузатилаётгани йўқ.

Шаҳарда 2017 йил 5 август куни юз берган ёнғин натижасида 400 кв метрдан ошиқ майдондаги дўконларга шикаст етган эди.

Гулистон шаҳар деҳқон бозорида 2015 йилнинг 5 ноябрида рўй берган ёнғин оқибатида камида икки одам куйиш жароҳати олгани ва 10 дан ортиқ дўкон ёниб кул бўлгани ҳақида хабар берилганди.

2015 йилнинг саратонида 22 июнь куни яна Гулистондаги деҳқон бозорига ўт кетганди.

Икки ҳолатда ҳам ёнғинга сабаб қилиб электр симларидаги қисқа туташув келтирилганди.

Сирдарёда бундай ҳодисаларнинг тез-тез содир бўлиши ва бунга сабаб бозор маъмуриятларининг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига эътибор бермаслиги ҳамда ижарага берилган дўконларнинг талабларга мос эмаслиги келтирилади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар