Бобомурод Абдуллаев иши судда, терговчи қамоқда

Бобомурод Абдуллаев

Сурат манбаси, Courtesy

Тошкентдаги МХХ ҳибсхонасида ушлаб турилган журналист Бобомурод Абдуллаев устидан тергов ниҳоясига етган ва иш Тошкент шаҳар судига оширилган.

Бу ҳақда журналистнинг ишини яқиндан кузатаётган мустақил ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Абдуллаев устидан маҳкаманинг қачон бошланиши ҳозирча адвокати ва яқинларига маълум қилинмаган.

Бобомурод Абдуллаев билан бирга маҳкамада мустақил блогер Ҳаётхон Насриддинов ҳамда Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар ҳам ҳозир бўлиши кутилади.

Жиноят ишида Салаев ва Оллоёровлар Бобобурод Абдуллаев- "Усмон Ҳақназаров"нинг манбалари бўлиб хизмат қилгани айтилган.

Бобомурод Абдуллаев ва "шериклари" ЖКнинг 159-моддаси, конституцивий тузумга тажовузда айбланмоқда.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинганди.

Ўтган ой яқинлари унинг тергов жараёнида шафқатсиз қийноқларга тутилганини айтишган.

Ҳаётхон Насриддинов ўтган йил 20 октябрида ҳибсга олинган.

Халқаро ташкилотлар Бобомурод Абдуллаевга қарши айблар сиёсий эканини айтиб, уни зудлик билан озод этишга чақирганлар.

Терговчи қамоқда

Айни пайтда Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олишга буйруқ берган МХХ полковниги Нодир Тўрақуловнинг қамоққа олингани тасдиқланмоқда.

16 февраль куни Тошкент ҳарбий суди ёпиқ маслисида чиқарган ажримидан маълум бўлишича, 42 ёшли Нодирбек Тўрақуловга нисбатан ЖК 301-моддаси 1-қисми (Хокимиятни суиистеъмол қилиш, хокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки хокимият харакатсизлиги ) ҳамда 230-моддаси (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) билан айблов эълон қилинган.

Тўрақулов муқаддам МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими раҳбари бўлиб ишлаган.

Президент Мирзиёев МХХ Сурхондарёни "талагани ва чиритиб юборгани"ни айтганди.

Surat Ikromov

Сурат манбаси, Surat Ikromov

Сурат тагсўзи,

Тошкент ҳарбий суди аниқлови

Асли андижонлик Тўрақулов собиқ бош прокурор Рашид Қодиров акасининг куёви экани айтилади.

15 йилдан ортиқ Бош Прокурор бўлиб ишлаган Рашитжон Қодиров 23 февраль куни қўлга олинган.

Бош прокуратурага кўра, идоранинг собиқ раҳбари ўз лавозимини суиистеъмол қилиш ва пора олишда гумон қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek