Зокиржон Алматов ИИВга қайтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Islomkarimov.uz
Image caption Ўтган ой Мирзиёев Алматовнинг эски рақиби Иноятовни МХХ раҳбарлигидан олган.

Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири, генерал-майор Зокиржон Алматов Ички ишлар вазирлигига қайтган.

Алматовга қарши Иноятов, МХХ ва Ички Ишлар Вазирлиги рақобати ҳақида

ИИВдаги манбанинг айтишича, 68 ёшли Алматов жорий вазир Пўлат Бобожоновнинг маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Бу ҳақдаги хабарларни Би-би-сига тасдиқлаган ИИВ Матбуот хизмати вакили Алматовнинг ваколат доирасига нималар кириши ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Зокиржон Алматовнинг ҳукуматга қайтгани ҳақидаги хабарлар Шавкат Мирзиёев вақтинчалик президент этиб тайинланганидан кўп ўтмай, пайдо бўлган эди.

Ўзбек нашрлари Алматов янги ташкил этилган идоралараро коррупцияга қарши кураш комиссияси раҳбари этиб тайинлангани ҳақида ёзган.

Аммо бу хабарлар расман ҳеч қачон тасдиқланмаган.

Алматовнинг ИИВ раҳбариятига қайтиши Андижон воқеаларига 13 йил тўлиши арафасида юз бермоқда.

Алматов айни воқеалар юзасидан Европа Иттифоқига сафар қилиши тақиқланган Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари рўйхатининг бошида бўлган.

У 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда ҳокимият биносини эгаллаб олган исёнчилар раҳбари билан музокаралар олиб борган ва уларни намойишлар аёвсиз бостирилиши ҳақида огоҳлантирган.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва энг узоқ ишлаган ички ишлар вазири бўлган Алматов Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ўлимига олиб келган қонли воқеалардан кўп ўтмай истеъфога чиқарилганди.

Расман унинг соғлиги туфайли нафақага кузатилгани хабар қилинган.

Таҳлилчилар Алматов МХХ ва ИИВ ўртасидаги рақобат қурбони бўлгани ҳақидаги фаразни ҳам айтишади.

Алматовнинг вазирликдан олиниши ортидан куч тизимлари ўртасидаги мувозанат МХХ фойдасига ўзгарган, ИИВ таркибидаги махсус қўшинлар хавфсизлик хизматларига берилганди.

Ғарб матбуоти "Тошкент қассоби" деб атаган Зокиржон Алматовнинг ИИВга қайтиши Президент Шавкат Мирзиёев МХХга қарши "уруш очган" паллада юз бермоқда.

Ўтган ой Мирзиёев Алматовнинг эски рақиби, генерал Рустам Иноятовни МХХ раҳбарлигидан олган ва хавфсизлик хизматида йирик ислоҳотлар ўтказилишини эълон қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek