Назарбоев ҳукумат мажлисида русча гапиришни тақиқлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Akorda.kz

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳукумат мажлисларида рус тилида мулоқот қилишни тақиқлаган.

Тақиқ сешанба кунидан кучга қирган.

Бир кун аввал Назарбоев қозоқ тилининг расмий мақомини кўтаришни юқоридан бошлаш кераклигини айтганди.

Душанба куни Ахборот ва коммуникация вазири Дауреном Абаев билан учрашув чоғида Назарбоев "қозоқ тилининг мақомини кўтариш бўйича ишларни давом эттириш" ҳақида кўрсатма берган.

20 февраль куни Қозоғистон раҳбари лотин ҳарфларига асосланган янги қозоқ алифбосини тасдиқлаганди.

Унда 42 та ҳарф ўрнига 32 ҳарф мавжуд.

Давлат дастурига мувофиқ, барча китоблар лотин ёзувида қайта чоп этилади, ҳужжатлар алмаштирилади ва ўқитувчилар қайта тайёргарликдан ўтказилади.

Алифбо ислоҳотини босқичма-босқич, 2025 йилга қадар ўтказиш мўлжалланган.

Назарбоевнинг ўзи қозоқ ва рус тилларида бемалол сўзлашади.

Аммо кўпчилик ҳукумат мулозимлари рус тилида мулоқот қилишни афзал биладилар.

Назарбоевнинг қарори собиқ мустамлакачи Россия билан маданий алоқалар кўламини қисқартиришни англатади.

Совет Иттифоқи қулаши ортидан кўпгина собиқ совет республикалари Москва билан алоқаларни узган, аммо Қозоғистон бу борада эҳтиёткор йўл тутганди.

Рус тили Қозоғистонда расмий тил мақомига эга.

Бу мамлакатда катта сондаги русийзабон аҳолининг мавжудлиги билан тушунтирилади.

1991 йилда этник қозоқлар аҳолининг ярмидан камроғини ташкил қилган.

Аммо мустақиллик йилларида нисбат ерли аҳоли фойдасига ўзгаргани кузатилади.

Ҳозирда 18 миллионли аҳолининг 69 фоизи қозоқлардир.

77 ёшли Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 1989 йилдан буён идора қилиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek