Бобомурод Абдуллаев адвокати унинг ҳаётидан хавотирда: “Журналистни қийнаганлар унинг қизини зўрлаш билан таҳдид қилган”

Бобомурод Абдулла Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/Bobomurod Abdulla

Журналист Бобомурод Абдуллаевга 6 кун уйқу бермай дўппослашган. Адвокати Сергей Майоровга кўра, МХХ терговчилари журналистни собиқ Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновларга қарши кўрсатма беришга мажбурлашган. Сергей Майоров журналист зудлик билан МХХ ҳибсхонасидан Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳибсхонага ўтказилмаса жисмонан йўқ қилиниши мумкинлигини айтмоқда.

27 сентябрдан бери МХХнинг Гвардейскийдаги ҳибсхонасида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев даҳшатли қийноқларга тутилганини айтган. У қийноқлар ҳақида адвокати Сергей Майоров билан 3 март куни ёлғиз учрашганида маълум қилган.

Бобомурод Абдуллаев собиқ терговчилари босими остида воз кечишга мажбур бўлган ва қайта ёлланган адвокат Сергей Майоров 3 март куни яна бир адвокат Муножат Парпиева билан биргаликда журналист билан 2 соатча гаплашганини билдирди.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги норасмий Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи маълум қилди.

Адвокатнинг айтишича, Бобомурод Абдуллаев билан учрашилган хонада бегона шахслар бўлмаган, фақат учрашув видео камераларда ёзиб олиб турилган.

Сергей Майоров ҳимоясидаги журналист камералар қаршисида эркин гапира олмаслиги мумкинлиги учун айрим саволларга ёзма равишда жавоб беришни таклиф қилади.

Ёзилган қоғозлар кейин майдалаб йиртиб ташланган, йиртилган қоғозларни МХХ оператив ходимлари йиғиштириб олиб кетган.

Бобомурод Абдуллаев уни 2017 йил 27 сентябр куни ўғирлаб кетишганини айтган.

"Уни бир метр узунликдаги пластик труба билан калтаклашган. Чап қўли ва оёқларига уришган. Энг қийин қийноқ унга 6 сутка уйқу беришмаганда бўлган. 6 кечаю 6 кундуз ўтиришга ва ётишга изн беришмаган. Учинчи қийноқ уни компьютер сими билан елкаси ва бошига уришганда бўлган. Бу симни улар "эслатма" деб аташган", деб ёзади Сергей Майоров.

Бобомурод Абдуллаев улар талаб қилган нарсани ёзишдан бош тортганда ана шу сим билан уришни бошлашган.

Журналистни бир кишилик камерага деярли яланғоч қилиб қамаб қўйишган. Бу кунлар давомида унга уйқу беришмаган, ўтиришга ва ётишга қўйишмаган.

Адвокатнинг Бобомурод Абдуллаевга таяниб айтишича, бу хона ҳаётига қасд қилмоқчи бўлганлар учун махсус ажратилган бўлган.

Журналист ўзини ўлдиришга ҳаракат қилмаганини ва бундай нияти ҳам йўқлигини айтган. У агар МХХ қўлидан ўлиги чиқиб ўз жонига қасд қилди, деган хабар тарқатишса ишонмасликларини сўраган.

Адвокатнинг айтишича, Бобомурод Абдуллаевнинг чап қўлида қийноқ излари ҳамон сақланиб қолган.

У адвокат Майоровдан воз кечиш ғояси терговчиларга тегишли бўлганини, акс ҳолда қийноқларда яна қайтадан бошлашни айтиб таҳдид қилганини айтган.

Психологик томондан ҳам қийноқлар бўлган.

Журналистга Россияда ўқиётган қизини зўрлашларини ва Тошкентдаги фарзандларини ўлдиришларини айтиб таҳдид қилишган. Хотинини ҳам қамоққа тиқишларини айтишган.

Адвокатнинг маълум қилишича, қийноқлар 5 ноябр куни журналист ундан талаб қилинган барча ҳужжатларга имзо чекканидан сўнг тўхтаган. Уни терговчилар дўппослашмаган, бунинг учун МХХ ҳибсхонасида бошқа одамлар борлиги айтилмоқда.

Адвокат Сергей Майоровнинг маълум қилишича, МХХ терговчилари Бобомурод Абдуллаевга собиқ Бош прокурор ҳозирда МХХнинг раиси бўлган Ихтиёр Абдуллаев ва 2017 йилнинг 4 сентябр куни Ички ишлар вазири этиб тайинланган Пўлат Бобожоновга қарши кўрсатма ёздириб олганини айтган.

"Мен йиртиб ташлаган ва бўлакларини оператив ходимлар олиб кетган қоғозда Бобомурод Абдуллаев собиқ Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ва Ички ишлар вазири Бобожоновга қарши кўрсатма берганини айтди. Аслида, ҳаётда улар билан ҳеч қачон кўришмаган ва уларга қарши кўрсатмаларнинг барчаси - туҳмат", деган Сергей Майоров

Маълум бўлишича, Бобомурод Абдуллаев Рустам Иноятовнинг МХХ раислигидан кетганлиги ва ўзи туҳмат қилишга мажбур бўлган Ихтиёр Абдуллаев идорани бошқараётганидан шу вақтгача хабари бўлмаган.

Шунингдек, терговчилари Нодир Тўрақуловнинг ҳибсга олингани ҳақида ва унинг ёрдамчиси Александр Веселовнинг ҳам ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарни адвокат Сергей Майоровдан билган.

Бобомурод Абдуллаев 2003 йил январдан бери "Усмон Ҳақназаров" тахалллуси билан мақолалар ёзиб келганини тан олган. Андижон воқеаларидан сўнг бир муддат ушбу тахаллус остида ёзишни тўхтатган ва яна ёза бошлаган.

Адвокат Сергей Майоровнинг таъкидлашича, Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан ИИВга қарашли 1-тергов изоляторига ўтказиш керак.

"Уни дўппослаган оператив ходимлар, унинг ўлимини исташади. Улар олдинроқ ҳаракат қилиши мумкин", дейди Сергей Майоров.

Журналист Бобомурод Абдуллаев ўтган йилнинг 27 сентябр куни МХХ томонидан ўғирлаб кетилган.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев "ҳокимиятни босиб олишга уриниш"да айбланмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek