Ўзбек имоми Диний қўмита раҳбариятини фитначи ва порахўрликда айблади

Шермурод Тоғай олдинроқ диний идора раҳбарияти истеъфосини сўраган эди Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Шермурод Тоғай
Image caption Шермурод Тоғай олдинроқ диний идора раҳбарияти истеъфосини сўраган эди

Тошкентдаги "Дўмбиробод" жоме масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбариятини кескин танқид қилди. Танқидга 2 март жума намозида Диний қўмита томонидан "Салафийлик" диний экстремистик оқим ҳақидаги маърузанинг мажбуран ўқиш талаб қилингани сабаб бўлган.

"Жума маърузасининг бошланишига ярим соат қолганда "Салафийлик" диний экстремистик оқими, мавзудаги қўшимча иловани гапириш талаб қилинди. Бу каби мавзулар чириб кетганди. Диний оқимлар тўғрисида ҳар жума чиройли қилиб тушунтириб турган эдик. Бирданига ушбу мавзуни гапириш талаб қилинди. Ҳаммага ўқиб берасизлар диний қўмитанинг топшириғи дейилди", деб ёзади Шермурод Тоғай Facebook даги саҳифасида.

Имомнинг айтишича, ушбу маъруза ўқиб эшиттирилгач, халқ жунбушга келган. Шавкат Мирзиёевга ишонсизлик пайдо бўлган.

"Яна ДЭОми бу давлат раҳбарига ишониб бўлмайди. Эртага бошимизга қора кунлар тушадими? Қама-қамалар бошланадими, бу давлат раҳбарларигаа ишонч йўқ" деган шов-шувлар кўтарилди", деб ёзади у.

"Дўмбиробод" жоме масжиди имоми "шўролар сиёсатида қотган, бугунги замон талабидан норози. халқни рози қилиш ўрнига кабинетидан чиқмасданн фитна ва халқ ғазабини қайнатишга сабаб бўлаётган диний қўмита раиси Юсупов Ортиқбекни ва командасини ишдан ҳайдаш керак", деган фикрни билдирган.

Шермурод Тоғай диний қўмита раҳбариятини қотиб қолган ва порахўрлик иллатига грифтор бўлган кимсалар деган.

"Бир мажлисда қўмита раҳбарларидан бири сиз имомлар доимо назоратдасиз, анархия, монархияга йўл қўймаймиз, деб сиёсат қилди. Улар пастга тушиш ўрнига кабинетларида биқиниб олиб, фитна уюштирадилар. Токи бу таркиб бор экан доимо яхшилик йўлини тўсаверади. Биз имомларни берган маруза иловалари билан шарманда қилишди".

Имомнинг таъкидлашича, Диний қўмитадагилар Диний идора раҳбарлари ва имомлар доимо уларнинг сояларига салом беришни истайди. У дин ишлари бўйича қўмита масъуллари ўз ҳукмларини ўтказиш учун ҳар қандай нарсага тайёрлигини айтган.

Шермурод Тоғай диний қўмита раҳбари билан таркиби ишдан кетиши кераклигини талаб қилган.

"Булар турли баҳоналарни қилиб, ҳаммани соғишни ўрганиб қолганлар. Мен неча марта ақидапарастликка қарши эски услубда эмас янги ҳаммани рози қиладиган йўлларни танлаш керак деган таклифлар билан чиққанман, аммо таклифларнинг бирортаси қабул қилинмади. Сабаби равшан бизга иш қолмайди", дейди у.

Имом диний қўмита диний идора билан ҳамкорлик қилиш ўрнига унга мажбурлаб, ўз ҳукмини ўтказадиган раҳбарлар бу қўмитани бошқаришга нолойиқлигини айтган.

У Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсуповни "обрўйи борида" ишдан бўшашни таклиф қилган, акс ҳолда унинг аҳволига "маймунлар йиғлашини" таъкидлаган.

"Ортиқбек Юсупов обрўйингиз борида ўз аризангиз билан ишдан бўшасангиз сизга яхши ва илло баъзи нотўғри ҳатти ҳаракаатларингиз очилса, аҳволингизга маймунлар йиғлайди" деб ёзади Шермурод Тоғай

Ушбу мурожаат ижтимоий тармоқларда кенг ёйилган бўлса-да, диний қўмита унга бирор муносабат билдиргани йўқ.

Би-би-си ушбу мурожаатга изоҳ олиш учун Диний қўмита билан боғланишга уринди. Бироқ веб саҳифида кўрсатилган телефон рақамларига боғланиб бўлмади.

Олдинроқ Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг МХХдан тайинланган ўринбосари Айдарбек Тулепов 17 февраль куни ишдан олиниб, унинг лавозими тугатилгани ҳақида хабар берган эдик.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek