Навоийда Мирзиёев билан учрашмоқчи бўлган оналарнинг қўлларини қайириб олиб кетишди

Инобат Арзиеванинг ўғли 8 йилга қамалган
Image caption Инобат Арзиеванинг ўғли 8 йилга қамалган

2 март куни Президент Мирзиёев билан кўришиб, дардини айтиш учун Хатирчига кетаётган Навоийдаги 3 нафар она йўл патрул постида тўхтатилган. Аёллар формасиз оператив ходимлар томонидан қўллари қайирилган ҳолда машиналарига тиқилган. Улар Мирзиёев Навоийдан кетгунга қадар Кармана туман ИИБ ҳовлисида ушлаб турилган.

Уларнинг ҳолидан хабар олишга келган яқинлари ҳам 20 чоғли формасиз оператив ходимлар томонидан ва машиналар ёрдамида боши берк кўчада ҳаракатланишга изн берилмасдан тўсиб турилган.

Диний экстремизм ва терроризмда айбланиб 8 йилга қамалган ва қийноқлар асоратидан қўлтиқ таёқсиз юролмай қолгани айтилаётган Ҳасан Арзиевнинг онаси Инобат Арзиева Шавкат Мирзиёевга видео мурожаат йўллади.

Мурожаатни BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида томоша қилинг

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
"Навоийдаги куч тизимларига Мирзиёевнинг кучи етмайдими?"

Унда айтилишича, уларнинг Бош прокурутура ва Ички ишлар бўлими, МХХ ва Олий судга адолат сўраб ёзган мурожаатлари самара бермаяпти.

Қамоқдаги уч йигитнинг оналари 2 март куни Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига келишини эшитиб, у билан учрашишга ва дардларини шахсан етказишга қарор қилади.

Бироқ Мирзиёев келишидан 3 кун аввал Инобат Арзиеванинг уйи олдида давлат рақами 342 бўлган оқ нексия қоровуллик қилади ва Арзиева қаерга борса орқасидан кузатиб юради.

2 март куни 3 нафар она Мирзиёвени Навоий вилоят ҳокимияти олдида кутиб ўтиришган.

Бироқ Президент фаоллар ва вилоят раҳбарияти билан йиғилишни Хатирчи туманида ўтказаётганидан хабар топгач, такси ёллаб Хатирчи туманига йўл олишади.

"Навоий постидан Хатирчига ўтаётганимизда бизни милиция тўхтатди. Паспортларимизни сўрашди. Бошқаларни тўхтатишмасди. Кейин паспортларимиз ва телефонларимизни олиб , қўлларимизни қайириб машиналарга тиқиб Кармана туман Ички ишлар бошқармасига олиб келиб қамашди. Бақириб ёрдам сўрадик, лекин тўхташмайди, исмларини айтмайди", дейди Инобат Арзиева.

Милиция ходимлари ушбу ҳаракатлари юзасидан уларга ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Уларнинг ҳолидан хабар олишга келган қариндошларини эса милиционерлар ташқарида бир бурчакда қамал қилиб ўтирган.

Оналар ва уларнинг қариндошлари тушки 2 дан кечки 11 гача ўша ерда сақланган.

Аёлларни ушлаб келган ва ўзларини таништирмаган ҳуқуқ тартибот органи ходимлари кейин кетишган. Соат 9:00 да идорасига қайтган Кармана туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи аёлларнинг нима сабабдан ушлаб турилганидан бехабарлигини айтган.

Мирзиёевга мурожаат қилган Инобат Арзиева уларни қабул қилишни ва ҳақиқатни қарор топишида ёрдам беришни сўраган.

Инобат Арзиева ўғли ва яна беш нафар Россия ишлаган Ўзбекистон мигрантлари ноҳақ, қийноқлар ва туҳмат билан қамоққа ҳукм қилинганини айтади.

Уларнинг айтишича, терговчи ва оператив ходимлар фарзандларидан кўрсатма олиш учун тинимсиз қийнаган.

Ҳасан Арзиев калтак зарбидан умуртқаси синган ва ҳассага суяниб қолган ҳолда маҳкамага келган. Тергов қилинган айбланувчиларнинг айримларининг боши ёрилган, айримлари электрошокер ёрдамида қийналган.

Россиядаги танишган ватандошларига қарши кўрсатма бериш учун Самад Салимовнинг моякларига сув солинган баклашкани илиб уч кун азоб берилгани айтилмоқда.

Бир гуруҳ оналар ва қамалганларнинг рафиқалари 2017 йил 20 октябр куни Тошкентда намойиш ўтказганди.

Навоийдаги тергов изоляторида даҳшатли қийноқларга тутилгани айтилган 6 фуқаронинг ишини Президент Мирзиёев ўз назоратига олгани ҳақида хабар берган эдик.

Қийноқлар натижасида юролмай қолган Ҳасан Арзиевнинг онаси ва бошқа ота-оналар 18 январ куни Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов қабулида бўлган.

Ҳасаннинг онаси Инобат Арзиеванинг BBCUZBEK.COM га айтишича, вилоят ҳокими билан учрашувга вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси раҳбари ҳамда вилоят суд раиси ҳам қатнашган.

"Вилоят ҳокими нима бўляпти, нима гап, сизларнинг арзларингиз Президентимизгача борибди. Селекторда Президент "нима бўляпти Навоийда? Ота-оналар нимага бунча қайғуриб менга шикоят аризаси ёзаяпти", дедилар. Мен у кишига ҳисобот топширишим керак. Шунинг учун сизларни чақирдим. Сизларнинг шикоятларингизни мен тинглайман, нима дардларингиз бор дедилар", дейди Инобат Арзиева.

Бироқ ушбу учрашувдан сўнг уларнинг масаласи ечим топмаган, фарзандларига қийноқ қўллаган куч тизими ходимлари жавобгарликкка тортилмаган.

Президент девонидан эса "сизнинг ишингиз бўйича вилоят ҳокими сизлар билан тушунтириш ишларини олиб борди", мазмунида жавоб келган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek