Лола Каримова-Тиллаева: "Ўзбекистон гимнастика федерацияси Президентлиги лавозимини тарк этишга мажбур эканлигимни эълон қилмоқчиман"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram/Lola Tillayeva
Image caption Лола Каримова-Тиллаева турмуш ўртоғи билан

Марҳум президент Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Тиллаева ўзининг Instagram саҳифасида Ўзбекистон гимнастика федерацияси Президентлиги лавозимини тарк этишга мажбур эканлиги ҳақида ёзган.

"...Шунингдек мен ушбу пост орқали, мана 13 йиллик фаолиятимдан сўнг Ўзбекистон гимнастика федерацияси Президентлиги лавозимини тарк этишга мажбур эканлигимни эълон қилмоқчиман. Мен барча спортчиларимиз, федерациянинг бутун мураббийлар жамоаси ҳамда барча ишчи ходимларига аъло бажарилган фаолиятлари, ушбу спорт турини юқори даражага кўтаришдаги ҳиссалари, унинг ривожланиш йўлида тинимсиз меҳнатлари ҳамда ғайратлари учун чин дилимдан ташаккур билдирмоқчиман. Осиё Гимнастика Иттифоқининг фахрий Президенти лавозимини сақлаб қолган ҳолда, мен ушбу ажойиб спорт турининг ашаддий муҳлисларидан бўлиб қоламан ҳамда бизнинг ўзбек гимнастларимизга келгуси фаолиятларида омад ва ғалабалар тилайман", деб ёзади Лола Каримова-Тиллаева.

Би-би-си Ўзбек хизматининг тасдиқлашича, Лола Каримова-Тиллаева ростдан ҳам бу лавозимни тарк этишга "мажбур бўлган".

Аммо уни айни қадамга нима мажбурлагани ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.

Лола Каримова-Тиллаева отасининг юбилейига бормади

Лола Каримова-Тиллаева ЮНЕСКО элчилигидан кетди

У феврал ойининг бошида ЮНЕСКОдаги Ўзбекистон элчиси лавозимини расман тарк этиши ҳақида эълон қилган эди.

Шунингдек, Лола Каримова-Тиллаева январ ойининг охирлари Ўзбекистонда нишонланган марҳум отасининг юбилейига "баъзи сабабларга кўра" боролмаганини айтганди.

Бу сабаблар ҳам очиқланмаганди.

Айрим кузатувчилар, Лола Каримова-Тиллаеванинг бирин-кетин Ўзбекистон билан боғлиқ лавозимлардан кетишини отасининг ўлими билан боғлашади.

Каримов даврида унинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев эгалик қилган Тошкентдаги "Абу Сахий" бозорининг номи "Тошкент ипак йўли" мажмуаси деб ўзгартирилган ва унинг бошқа кишига ўтгани хабар қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek