Тожикистон-Ўзбекистон: Орзулар ушалган кун

Бугун Душанбеда Тожикистон ва Ӯзбекистон президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев ӯртасида бӯлиб ӯтган учрашувда бошқа масалалар қатори икки қӯшни мамлакатга бир ой давомида визасиз бориб-келиш битимининг имзоланиши чегаранинг ҳар икки томонидаги юз минглаб одамлар орасидаги асосий суҳбат мавзуси бӯлиб қолди.

Қадим-қадимдан дӯст ва биродар бӯлиб келган қондош ва қардош икки халқнинг ӯн йил кутган орзуси амалга ошди, деди тожикистонлик таҳлилчи Бобожон Икром. Таҳлилчининг фикрича, бу, ҳеч бир муболағасиз тарихий воқеа икки мамлакат президентларининг кучли сиёсий иродаси ва қардош икки халқ истагини ҳисобга олишлари туфайли содир бӯлди.

Мирзиёев Тожикистонга "тарихий" ташрифини бошлади

Ўзбекистон Тожикистон учун темир йўл транзит ҳақини арзонлаштирди

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари 1 ой визасиз юриши мумкин

Неваралар дийдорига тўйиб, омонатини топширган отахон...

Душанбеда Алишер Навоий номидаги боғ

Image caption Дийдор

Расмий хабарларга кӯра Тожикистон пойтахти Душанбедаги истироҳат боғларидан бири буюк ӯзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий номи билан атала бошлайди. Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фармойиш имзолаган. Мазкур боғда икки халқнинг буюк шоирлари, устод ва шогирд Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ёдгорликлари ўрнатилиши режалаштирилган.

Олдинроқ эса, Тошкентдаги янги метро бекатларидан бири тожик шоири Мирзо Турсунзода номи билан аталиши ҳақида хабар тарқалганди.

Бундан ӯн бир йил олдин Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Турсунзода шаҳридаги ӯзбек мактаби янги биноларини фойдаланишга топшириш маросимида қатнашар экан, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий дӯстлиги ҳақида гапириб, бу ӯқув даргоҳига буюк ӯзбек шоири номини қӯйишни таклиф этганди.

Узоққа чӯзилмаган «абадий дӯстлик»

Мирзиёевнинг Душанбега сафари арафасида Тошкент телеканалларида тожик тилида консертлар бера бошланди. Масалан, «Наво» телеканалида ӯзбекистонлик тожик санъаткорлари ижросидаги консерт нақ бир соат давом этди. Консерт самарқандлик таниқли ҳофиз Мардон Мавлоновнинг қӯшиғи билан бошланди. Бундан ӯн йилча олдинроқ Ислом Каримов Душанбега сафар қилганда, Тожикистон президенти томонидан Фаррух Зокиров билан бирга Мардон Мавлоновга Тожикистон Халқ артисти унвони берилганди. Ӯшанда ккки мамлакат ӯртасида абадий дӯстлик битими имзоланганди. Каримов ӯзбек ва тожик халқлари дӯстлиги ҳақида гапирар экан, икки тилда сӯзлашувчи бир халқ иборасини ишлатганди. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ӯтмасдан қӯшнилар орасига совуқчилик тушди. Икки-учтасини ҳисобга олмаганда, қолган чегара-назорат ӯтказиш масканлари бутунлай ёпилди. Ӯзбекистон томонидан чегаралар миналаштирилди. Минада икки юз нафарга яқин тожикистонлик портлаб ҳалок бӯлди ё жароҳатланди. Ӯзбекистон телевидениесида эса, тожикча қӯшиқлар берилмай қолди.

- «Наво»даги консертда Сайёра Қозиева, Жӯрабек Қӯшаев каби ӯзбекистонлик санъаткорлар тожик қӯшиқларини маҳорат билан ижро этишди, - дейди бу консертни кӯрганини айтган хӯжандлик Насиба Миратоева.

«Қалблар орасида чегара ӯрнатиб бӯлмайди!»

Image caption Байроқлар

«Маданият ва маърифат» телеканалида эса, тожикистонлик жаҳонга машҳур шоира Фарзона ҳақида кӯрсатув берилди. Мазкур кӯрсатув ӯзбек тилида олиб борилган бӯлса-да, Фарзона шеърлари унинг она тилида янгради.

«Мамлакатлар орасида чегаралар ӯрнатиш мумкин. Лекин қалблар орасида ҳеч қачон чегара ӯрнатиб бӯлмайди. Қадим-қадимдан бир ҳаводан нафас олиб, бир дарёдан сув ичиб келган қондош ва жондош халқларнинг борди-келдисини вақтинча тӯхтатиб қӯйиш мумкин. Лекин тожик ва ӯзбекларни ҳеч қачон ажратиб бӯлмайди. Бунинг учун энг камида ҳар икки миллат вужудидаги қонларни тӯлиқ алмаштиришга тӯғри келади», дейди Тожикистон Халқ шоираси Фарзона.

Ӯтган йили Ӯзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари бӯлиб ӯтар экан, Ӯзбекистон Ёзувчилар иттифоқи раиси Муҳаммад Али келгуси йилда тожик ижодкорларининг иккита китобини нашр этиш режалаштирилганини билдирди. Бу китоблар «Замонавий тожик насри» ва «Замонавий тожик назми» бӯлади.

Икки қӯшни мамлакат орасидаги адабий алоқаларнинг қайтадан йӯлга қӯйилаётганидан Тожикистонда яшаётган ӯзбек ижодкорлари ҳам мамнун бӯлишмоқда. Асли тожикистонлик Абдулла Қаҳхор, Пиримқул Қодировлар ӯз асарлари билан ӯзбек адабиётига катта ҳисса қӯшишгани маълум. Ҳозирда ҳам Ӯзбекистонда яшаб ижод этаётган ӯзбек адиблари орасида асли тожикистонлик ижодкорлар оз эмас.

Тожикистонлик ӯзбек ижодкорлари ӯз китобларининг Тожикистонда нашр этилаётгани, энг яхши ӯзбек шоир ва адиблари Тожикистон Ёзувчилар иттифоқига қабул қилинаётганликларини қайд қилишар экан, лекин ӯзларининг катта ӯзбек адабиётидан узилиб қолаётганликларидан ташвиш билдиришади. Замонавий ӯзбек адабиёти билан асосан интернет орқали ва онда-сонда келтирилаётган янги китоблар орқали таниш эканликларини айтишади.

-Бизнингча, Ӯзбекистонда Тожикистонда ижод қилаётган биз - ӯзбек адиблари ижодидан бутунлай бехабар бӯлишса керак. Биз энг яхши асарларимизнинг катта ӯзбек адабиёти ӯқувчиларига етиб боришини истаймиз. Афсуски, биздаги айрим чаққон ижодкорлар ӯзларининг савияси паст асарларини Ӯзбекистонда чиқартириш йӯлини топишяпти. Бу эса, Ӯзбекистонда Тожикистонда яратилаётган ӯзбек асарлари борасида нотӯғри тасаввур уйғонишига сабаб бӯлади, - дейди яқинда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзолигига қабул қилинган шоира, адиба ва адабиётшунос Мунаввара Ойматова.

Севинч ва алам кӯз ёшлари

Ӯтган ҳафта - мартнинг биринчи куни қӯшни мамлакатлар орасидаги ӯнта чегара-назорат ӯтказиш масканининг очилиши байрамга айланиб кетганди. Чегаранинг ҳар икки томонида узоқ кутилган воқеа шарафига зиёфатлар уюштирилди.

Тожикистоннинг Ашт туманида яшайдиган муаллима Янишой Пардаеванинг айтишича, Ӯзбекистонда яшайдиган қариндошлари билан ӯн йилдан сӯнг учрашган.

- Аммам Наманган вилоятининг Тӯрақӯрғон туманига келин бӯлиб тушгандилар. Дунёдан ӯтганларида бора олмадик. Чегаралар ёпиқ эди. Аммамнинг ӯғиллари билан Навбунёд-Поп чегара нуқтаси очилишида учрашганимизда, ӯпкам тӯлиб кетди, - дейди Янишой.

Унинг айтишича, чегара-назорат ӯтказиш нуктаси қайта очилган куни узоқ йиллардан сӯнг биринчи марта кӯришган ӯнлаб инсонлар икки мамлакат президентларини қайта-қайта дуо қилишган.

- Энди Ангрен ва Ғазалкентдаги қариндошларим билан учрашиш иштиёқидаман. У ерда тоғам, синглим, жиянларим яшашади, - дейди Янишой.

Чегара-назорат ӯтказиш масканлари қайта очилган куни Тожикистоннинг Истаравшан туманидаги чоғроққина Тӯққизчелак қишлоғига Ӯзбекистондан 20 нафардан ортиқ меҳмон келган.

- Ӯзбекистонлик келинимиз Улфатой уйимизга қадам қӯяр экан, бир қувончдан, бир аламдан йиғларди. Чунки икки йилча бурун онам дунёдан ӯтганларида виза тӯғрилай олмаганликлари учун на укам, на келин таъзияга кела олишмаганди, - дейди шу қишлоқда яшайдиган Абдурашид Абдураҳмонов.

Тӯққизчелак билан туташ Уяс ва Уяли қишлоқларига чегара очилган куннинг ӯзида 40 нафарга яқин ӯзбекистонлик қариндошлар келишган. Уларнинг орасида бу қишлоқлардан Ӯзбекистонга келин бӯлиб кетган аёллар кӯп бӯлган.

Келинлар умиди

- Аслида Аштдан Ӯзбекистонга келин бӯлиб тушганман. Саккиз йилдан буён ота-онамни кӯришга зор эдим. Болаларим бобомга олиб боринг, бувимни соғиндим, деб юрагимни эзишарди. Сал каттароқ бӯлишгач, чегара ёпиб қӯйилгани учун Аштга бора олмаётганимизни тушунишди, - дейди Наманган вилоятинингн Поп туманида яшайдиган Муслима Тошпӯлатова.

Муслима Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонни қайта-қайта дуо қилди.

- Бир мен эмас, чегара очилган куни ӯнлаб келинларнинг севинч ёшларини кӯрсангиз эди. Тожикистондан Ӯзбекистонга келин бӯлиб тушганлар ҳам, Ӯзбекистондан Тожикистонга келин бӯлиб тушганлар ҳам менга ӯхшаб кӯз ёшларини тия олишмасди. Ӯзбеклар ва тожиклар қон-қариндош бӯлиб кетганмиз. Ахир, эт билан тирноқни бир-биридан ажратиб бӯладими? Вақт ҳамма нарсани жой-жойига қӯяди-ку, барибир, - дейди Муслима.

Ҳозирда чегаранинг ҳар икки томонида ҳуқуқсизликдан азоб чекаётган инсонларнинг аксари келинлар ҳисобланади. Ота-оналарининг айтишларича, аввалига Ӯзбекистон томони Тожикистондан келин бӯлиб тушган қизларга фуқаролик беришмаган. Келинлар ҳужжатлари йӯқлиги учун ота-оналари уйларига бориб-келиш имкониятидан маҳрум бӯлганлар. Ӯзбекистондан кейин Тожикистон ҳам худди шундай амалга қӯл урган. Фуқаролиги бӯлмаган келинлар фақатгина нисбатан узоқ муддатли виза олиш ҳисобига эрлари хонадонида яшаб келишган. Лекин тез-тез ӯтказилган текширишлар давомида виза муддати ӯтиб кетгани аниқланган келинлар Ӯзбекистондан Тожикистонга, Тожикистондан Ӯзбекистонга чиқариб юборилганлар. Натижада айрим ёш оилалар ажралиб кетишга мажбур бӯлишган.

- Мен асли қӯқонликман. Тожикистонга келин бӯлиб тушгандим. Лекин тақдир экан, хӯжайиним дунёдан эрта кетдилар. Натижада болаларимни олиб, Қӯқонга қайтдим ва бошқа турмуш қурдим. Лекин шу пайтгача Ӯзбекистон фуқароси бӯлолганим йӯқ. Ӯзбекистондан Тожикистонга қувишади, Тожикистондан Ӯзбекистонга,- дейди исми-шарифини ошкор қилишни истамаган аёл оғир хӯрсинганча.

Ҳадик бутун йӯқолармикан?

- Мен чегара очилган куни ҳар икки халқнинг бир-бирининг дийдорига қанчалик ташна эканлигини кӯрдим. Лекин айрим одамлар, жумладан, расмийлар орасида ҳалигача қандайдир ҳадик борлигини ҳис қилдим, - дейди тожикистонлик тележурналист Феруза Миржумаева.

Унинг айтишича, у ишлаётган «Диёр» телеканали учун сюжетлар тайёрлашаётганда, кӯпчилик интервю беришдан қочган. Чегарачилар эса, журналистларни Ӯзбекистон ҳудудидан тезроқ чиқиб кетишга ундашган.

Таҳлилчи Бобожон Икромнинг фикрича, Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида айрим ӯзбекистонликлар руҳиятига сингиб кетган бундай зӯраки таъсирлардан қутулиш учун маълум вақт зарур. Қӯшни давлат кишиларининг бир-бирлариникига тез-тез келиб туришлари чинакам воқеликни ӯз кӯзлари билан кӯришларига ва тасаввурлар ӯзгаришига олиб боради, дейди таҳлилчи.

Қӯшни - қӯшнининг бозори

Мирзиёевнинг Душанбега сафари арафасида Ӯзбекистон ва Тожикистон электр энергияси етказиб бериш борасидаги келишувга эришдилар. «Ӯзбекэнерго» Ҳиссадорлик уюшмаси ва Тожикистон энергетика ва сув хӯжалиги вазирлиги келишувига мувофиқ Тожикистон Ӯзбекистонга электр қуввати етказиб бера бошлайди. Жорий йилдаги экин парвариши даврида Тожикистондан Ӯзбекистонга 1 ярим миллиард киловатт соат электр энергияси узатилади. Бу айниқса электр энергияси ҳисобига ишлайдиган сув узатиб бериш насосларига қӯл келади.

Келаси қиш даврида электр қуввати етказиб бериш масаласи қӯшимча тарзда ҳал этилади.

Ӯтган йили Ӯзбекистонда Тожикистон энерготизими билан ишлашга имкон берувчи бешта электр узатиш линиясини тайёрлаш ишларини тугаллаганди.

Икки қӯшни мамлакат орасида электр энергияси узатиш борасида қилинаётган ишлар Марказий Осиё ягона энергетик ҳалқасини тиклаш доирасида амалга оширилмоқда.Ӯзбекистон ӯз ҳудуди орқали Туркманистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга ва Афғонистонга электр энергияси узатилишига тайёрлигини билдирган.

Умуман олганда, икки давлат орасида ӯзаро ҳамкорлик борасида 27 та муҳим ҳужжат имзоланган. Ӯзбекистон ва Тожикистон орасидаги савдо оборотини 1 миллиард етказишга келишилган.

Таҳлилчи Бобожон Икром фикрича, дунёдаги айрим қудратли давлатлар Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ӯзбекистон ва Тожикистон орасидаги муносабатларга рахна солишга уринишади. Лекин халқларнинг ӯзаро яхши қӯшничиликда бӯлиш, «қӯшни -қӯшнининг бозори» нақлига амал қилган ҳолда иш юритиш, янада яқинлашиш ва дӯстлик, иноқликда яшаш истагини яхши англаган ҳолда иш юритадиган оқил президентлар ҳар қандай қутқу, фитнанинг олдини олишга қодирдирлар, дейди таҳлилчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek