Икки йил олдин Роғун ГЭСи хавфидан огоҳлантирган Мирзиёев унинг қурилишида иштирок этишга тайёр

Имомали Фото муаллифлик ҳуқуқи President.tj

Ўзбекистон Каримов даврида тиш-тирноғи билан қарши бўлган Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этиши мумкин. Бундан икки йил олдин Бош вазир Шавкат Мирзиёев Роғун ГЭСи қурилиши "тўғрилаб бўлмас оқибатлар"га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Энди Ўзбекистон томони минтақадаги сув-энергетика муаммоларини ҳал этишда барпо этилаётган гидроэнергетик иншоотлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқда.

Икки давлат раҳбари томонидан тарихий деб баҳоланаётган Президент Мирзиёевнинг Душанбега расмий ташрифи давомида томонлар қўшма баёнот имзолаган.

Унда Каримов даврида икки давлат ўртасида энг баҳсли бўлган Роғун ГЭСи бўйича муросага борилганини кўриш мумкин.

Янги Президент Шавкат Мирзиёев орадан икки йил ўтиб, ўтмишдоши Каримовдан фарқли равишда Роғунни нафақат минтақа учун хавф деб билмаслигини, балки у энергетик муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон Роғунни қуришда иштирок этишга тайёрлгини билдирган.

"Ўзбекистон томони Тожикистон Республикасида гидротехник иншоотлар, шу жумладан, Роғун гидроэлектр станциясининг қурилишида умумътироф этилган халқаро нормалар ва мазкур объектларни қуриш бўйича стандартларга риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда иштирок этиш имкониятини ҳар томонлама кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди", дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирилиги томонидан чоп қилинган расмий хабарда.

Ислом Каримов бошқарувчи даврида ўзбек ҳукумати Роғун борасида кескин қарши туриш позициясини танлаган.

Ушбу қарама-қаршилик Президентларнинг минтақа бўйлаб учрашувларида "даҳанаки" тортишувларда ҳам бўй кўрсатарди.

3,6 гигаваттлик Роғун лойиҳасига доир ишлар 1976 йил бошланган, лекин Совет Иттифоқи тугагач, амалга ошмаган эди.

2012 йил ёзида Жаҳон Банки талаби асосида Роғун ГЭСини қуриш ишлари халқаро текширувлар ниҳоя топгунга қадар бутунлай тўхтатилган ва у ерда меҳнат қилаётган беш минг ишчи таътилга чиқарилган эди.

2014 йил 1 сентябр куни Жаҳон Банки Тожикистондаги Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича экспертлар хулосаларини эълон қилганди.

Жаҳон банки мўлжалланаётган лойиҳа хавфсиз деган тўхтамга келган.

Бироқ ўша вақти ташқи сиёсатда Ислом Каримовнинг сўзчиси ва вакили сифатида танилган Ўзбекистон Бош вазирининг муовини Рустам Азимовнинг, Ўзбекистон ҳеч қачон Тожикистонда Роғун ГЭСини қуриш режасини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилганди.

"Ўзбекистон Республикаси ҳеч қандай ҳолатда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламайди", - деб айтган Рустам Азимов.

Ўзбек мулозими мамлакатининг Роғун ГЭСини қуриш лойиҳасига қарши чиқиши омилларини санаб ўтганди.

У ГЭСини қуриш лойиҳаси "халқаро хавфсизлик стандартлари"га мос келмаслиги ва унда техник экспертиза шартлари инобатга олинмаганини айтган.

Ўзбекистоннинг собиқ Бош вазири муовинига кўра, Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси 44 йил муқаддам ишлаб чиқилган ва у бугунги талабларга жавоб бермайди.

Бундан ташқари Рустам Азимов Роғун ГЭСи тез-тез зилзила бўлиб турадиган қурилиши хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини таъкидлаган.

Каримов ўлимидан қарийб бир ярим ой олдин ўша вақти Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев Тожикистон томонига Роғундан хавотир билдириб мактуб ёзганди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2016 йил 19 июлда тожикистонлик ҳамкасби Қоҳир Расулзодага юборган мактубида:

"Жаҳон банки шафелигида олиб борилган лойиҳа экспертизасида Роғун ГЭСи бутун Марказий Осиё минтақасини кенг миқёсдаги хавф остида қолдириши тасдиқланди. Бу хавотир қўшни мамлакат раҳбарлари ва мутахассислари томонидан кўп маротаба таъкидланган ва Тожикистон ҳукумати бу ҳақда хабардор этилган.

Айнан шу боисдан бу лойиҳа улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хатар туғдиришини англаган ҳолда Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялашда иштирок этишдан воз кечди", дейилади.

Роғун ГЭСи ўтган асрнинг 70 йилларида, совет гигантоманияси йилларида ишлаб чиқилган ва бугунги замонавий талаб ва тажрибалар орқасидан тўлиқ қайта кўриб чиқишга муҳтож. Баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан миқёсли ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9−10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган 3,9 млрд АҚШ доллари миқдоридан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган", - таъкидланади мактубда.

Ўзбекистон Бош вазири хатида Тожикистонни Роғун ГЭСи қурилиши "тўғрилаб бўлмас оқибатлар"га олиб келиши мумкинлиги огоҳлантирилади.

"Тожикистон ҳукумати мамлакат энергия таъминотидаги мушкул муаммоларни Тожикистон ҳудудидаги кўп сонли дарё ва сув манбаларидан фойдаланган ҳолда кичик ва ўртача ГЭСлар қуриш йўли билан ҳал этиш мумкинлигига барча асосларимиз бор. Бизга маълумки, бундай истиқболли дастур Тожикистонда аллақачон амалга оширилмоқда" дейилганди шунингдек.

Роғун ГЭСидан қўрқитиш тарғиботлари ўша вақтлари Ўзбекистоннинг марказий телеканаллари орқали тез-тез кўрсатиб турилган.

Орадан 2 йил ўтиб Ўзбекистон ҳукумати тепасига келган янги раҳбарият Роғунни минтақа учун хавф эмас, балки сув-энергетика муаммосини ҳал этишдаги ечим эканлигини эътироф этмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek