"Пул қистириш ва "Тоғора юбориш" тақиқлансин!"

Тўй Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'zbek

Ўзбекистонда тўйларни тартибга солиш мақсадидаги янги ҳужжат халқ муҳокамасига қўйилди.

Янги ҳужжат матни regulation.gov.uz веб-порталида эълон қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил ёзидан Ўзбекистондаги тўй базмларидаги дабдабабозлик, исрофгарчиликни танқид қилиб келади, ўзбекистонликларни тўй-ҳашамларини ортиқча харажатларсиз ўтказишга бир неча марта чақирди.

Бу чақириқ ва даъватлар иш бермаганидан сўнг Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг бу борадаги қарорини қабул қилиш лозим деб топилди.

Янги қарор лойиҳасига "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида" деб ном берилган.

Интернетга кириш имконияти бор Ўзбекистон фуқаролари ушбу лойиҳага ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари мумкин.

Қарор лойҳасига ҳозирча ушбу таклифлар киритилган:

Ўзбекистонда тўй-ҳашамларни соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимларини соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказиш. Оилавий тадбирларни кечки соат 23:00 дан кейин давом эттиришга рухсат бермаслик.

Тўй-ҳашамларда меҳмонлар сони энг кўпи билан 150 нафаргача, ош бериш маросимларида 200 нафардан ошмаслиги лозим.

Дафн ва мотам маросимлари қатнашчиларининг сони чекланмайди, аммо ош бериш маросимларига 200 дан ортиқ меҳмонни чақириш мумкин эмас.

ЗАГС маросими, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетишида енгил автомобилларнинг сони 2 тадан кўп бўлмаслиги лозим.

Қарор лойиҳасида алоҳида банд қилиб қуйидагилар тақиқланади:

"Халқимизнинг миллий анъаналарига ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир вақтидаги ва кейинги қўшимча, яъни "танишув", "сеп ёйди", "қуда таниш", "ота кўрди", "ота келди", "чарлари", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "куёв навкари", "келин навкари", "келин салом", "тоғора юбориш" ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ман этилади. Шунингдек, "пул қистириш", "пул сочиш", одобсиз шоулар, "севги тарихи" ("Love story") каби ахлоқ-одобга зид бўлган бошқа ҳолатларга йўл қўйилмайди".

"Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз қоидаларига зид бўлган ортиқча тадбирларни ўтказиш ман этилади".

Тўйхона, кафе ва ресторанларда оилавий тадбирларни ўтказишга қўйиладиган талаблар:

оилавий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган тўйхонанинг инфратузилмаси лозим даражада бўлиши;

автотранспорт воситаларини сақлаш жойларига эга бўлиши;

атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини бузмаслик, шунингдек, маиший шовқинга йўл қўйилмаслиги;

санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифат талаблари даражасида бўлиши лозим.

Оилавий тадбирларда санъаткорларнинг (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) хизмат кўрсатиши қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.

Оилавий тадбирларда бир нафардан ортиқ санъаткорнинг (гуруҳнинг) иштирок этиши (хизмат кўрсатиши) ман этилади.

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика "Нуроний" жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъул ҳисобланади.

Шунингдек, қарорда "миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўймаслик" лозимлиги таъкидланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар