Лондонда "Жинлар базми" тақдимоти

Image caption "Жинлар базми" Абдулҳамид Исмоил (ўнгда)нинг инглиз тилида дунё юзини кўрган олтинчи романи бўлган.

Лондонда таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулҳамид Исмоил (Ҳамид Исмоилов)нинг инглиз тилидаги "Жинлар базми" ("The Devil's dance") романи тақдимоти бўлиб ўтди.

Видеони BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Роман атоқли ўзбек адиби, Сталин қатағонлари қурбони Абдулла Қодирий ва унинг ёзилмаган асари ҳақида ҳикоя қилади.

Унда Қодирийнинг қисматдошлари-Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир ҳамда бошқа ўзбек мунавварларининг образлари ҳам бор.

Ёзувчи асарда шунингдек, 19-аср Марказий Осиёси, хусусан, Қўқон хонлигида кечган зиддиятли воқеалар, ғарбда "Катта ўйин" номи билан билинган мустамлакачилик урушларидаги рақобатга доир алоҳида саҳна ва эпизодларни қаламга олади.

Муаллифнинг ўзи асарни "ёзилмаган роман ҳақидаги роман" деб атайди.

Илк бор 2016 йилда Ўзбекистонда "Жинлар базми ёҳуд катта ўйин" номи билан чоп этилган ("Академнашр") романни инглиз тилига Дональд Рейфильд ўгирган, ундаги шеърлар таржимаси Жон Фарндон қаламига мансуб.

Китоб Лондондаги Tilted Axis Press нашриёти томонидан чоп этилган.

Чоршанба куни Лондоннинг Говер-Стрит кўчасидаги Waterstones китоб дўконида ўтган тақдимот маросимида минтақа бўйича экспертлар ва ўзбек адабиёти мухлислари иштирок этишди.

Тақдимотда муаллифнинг ўзи китобнинг ўзбекча аслидан парчалар ўқиди, инглизча таржима ҳам янгради.

Тадбирда иштирок этган инглиз мунаққидлардан бири романни "Ўзбек маданияти энциклопедияси" деб атади.

Мунаққид Ҳовард Эмос эса китобга ёзган тақризида "Жинлар базми"га "Ўзбекистонда умиднинг қудратли рамзи" деб таъриф беради.

"Жинлар базми" Абдулҳамид Исмоилнинг инглиз тилида чоп этилган олтинчи романи бўлган.

Муаллифнинг инглиз тилидаги илк йирик насрий асари "Темир йўл" романи 2006 йилда (таржимон Роберт Чандлер) дунё юзини кўрганди.

Абдулҳамид Исмоил ўзбек, рус, инглиз, француз ва немис тилларидаги ўнлаб шеърий ва насрий китоблар муаллифи.

У 2010-2014 йилларда Лондондаги Би-би-си Жаҳон Хизматининг фахрий ёзувчиси (Writer in Residence) бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek