"Жаноб Мирзиёев, сизга хўжакўрсинчилик керакми?"

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи ортидан маҳаллий амалдорларнинг кўзбўямачилик, хўжакўрсинчиликка қўл ураётганлари долзарб мавзуга айланди.

Бунга самарқандлик ёш ўқитувчининг бевақт ўлими сабаб бўлди.

"Жаноб президент, юз бераётган воқеаларни назорат қилиш мақсадида мамлакат бўйлаб сафарга чиқишингиз - ажойиб ташаббус. Лекин буни маҳаллий мансабдорлар хўжакўрсинчиликка айлантирсалар, бутун мазмун-моҳият йўқолади. Бу - 10 дақиқалик таассурот уйғотиш мақсадида ҳокимлар бор мол-дунёсини беришга тайёр ўйинга айланади. Бу асрларга етадиган мустаҳкам йўлдан кўра "чиройли" йўл аҳамиятлироқ саналадиган маданиятга айланади.

Энди тасаввур қилинг, сизнинг ташрифингизни кутиб эрталаб кўча супураётган ўқитувчилар ислоҳотлар ва мамлакат келажаги ҳақида қандай фикрга келадилар? Кейин улар мактабда болаларга нималарни ҳикоя қилиб беришади?", дея Президент Шавкат Мирзиёевга савол берган "Газета.уз" веб-сайтида эълон қилинган мақоласида Никита Макаренко.

Видеони BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқаруви йилларида президент борадиган жойларни "ёғ тушса ялагудек қилиб" тозалаш, тўкилиб ётган деворларни чиройли табиат манзаралари ёки шиорлар билан тўсиб қўйиш одатий ҳолга айланган эди.

Афтидан, бугун ҳам маҳаллий амалдорлар Президент Мирзиёевга ўзларига ишониб топширилган ҳудуд ёки соҳадаги ишлар кўнгилдагидек эканини кўрсатишга ҳаракат қилмоқдалар.

Каттақўрғонда автомобиль уриб кетгани оқибатида ҳаётдан кўз юмган 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлимини Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев Президент Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифига боғламасликка чақирди.

Вилоят ҳокими ушбу ҳодиса юзасидан тергов бораётганини айтди.

Ҳоким Туробжон Жўраев баёнотида ёзилишича, маҳаллий бошқарув идоралари томонидан жамоатчилик соҳаси ходимлари ободонлаштириш "ишларига жалб қилинмаган ва бундай кейин жалб қилинмайди".

Ўзбекистондаги қатор матбуот нашрлари ўқитувчиларнинг шаҳарларни ободонлаштириш, хусусан катта трассалар ва атрофидаги дарахтларни оқлаш, йўлларни тозалаш, маҳаллаю подъездларни супуриш ва бошқа ишларга жалб қилиб келинишини ёзишмоқда.

Матбуотга гапирган Диана Еникееванинг онаси ўз қизи ободончилик ишларига дарс вақти чақириб олинганини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ