Ўқитувчи ўлими: Вилоят ҳокими буни президент ташрифига боғламади

Фото муаллифлик ҳуқуқи xabar.uz
Image caption 23 ёшли муаллима президент сафари арафасидаги ободонлаштириш ишлари чоғида нобуд бўлгани айтилади.

Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев Каттақўрғон туманида ёш ўқитувчи аёл йўл оҳаклаётганида юк машинаси остида қолиб ҳалок бўлгани юзасидан расмий муносабат билдирди.

Аввалроқ вилоятга сафар қилган хабар.уз мухбири Каттақўрғонга сафар қилиб, 23 ёшли Диана Еникеева йўл четини бўяётганида Камаз остида қолиб ҳалок бўлганини хабар қилганди.

Хабарга кўра, бошқа ўқитувчилар 14 ва 15 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи арафасида кўча тозалашга олиб чиқилганларини тасдиқлашган.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳодисага ёзма муносабат билдирар экан, ўз таъзиясини изҳор қилди ва бу борада холисона тергов ўтказилишини билдирди.

Аммо, унинг ёзишича, мазкур ҳалокатнинг Президент Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи билан боғлиқ ҳолда матбуотда ёритилаётгани ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ҳоким журналистлардан бу ҳодисани бир томонлама ёритмасликни сўраган.

Шунингдек, ҳокимнинг ўз баёнотида ёзишича, маҳаллий бошқарув идоралари томонидан жамоатчилик соҳаси ходимлари ободонлаштириш "ишларига жалб қилинмаган ва бундай кейин жалб қилинмайди".

Ўзбекистондаги қатор матбуот нашрлари ўқитувчиларнинг шаҳарларни ободонлаштириш, хусусан катта трассалар ва атрофидаги дарахтларни оқлаш, йўлларни тозалаш, маҳаллаю подъездларни супуриш ва бошқа ишларга жалб қилиб келинишини ёзишмоқда.

Матбуотга гапирган Диана Еникееванинг онаси ҳам ўз қизи ободончилик ишларига дарс вақти чақириб олинганини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев ёш ўқитувчининг ўлими борасида муносабат билдиргани йўқ. Диана турмушга чиққан эди, унинг 2 яшар ўғли қолди.

Айни дамда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси аъзоси, депутат Қодир Жўраев Каттақўрғонда юз берган ҳодиса парламентда муҳокама қилинишига чақирди.

"...ўқитувчини унинг функционал вазифаларига кирмайдиган турли юмушлардан халос қилишимиз, унинг мавқеини юксалтириб, жамиятимизнинг энг обрўли, энг мўътабар аъзосига айлантириш йўлида қатор чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак. Кўча супуриш, дарахт оқлаш, фермерга кўмаклашиш ёки мактабни ремонт қилиш кабилар ўқитувчининг иши эмас. Ўқитувчини мажбурий-ихтиёрий характердаги турли жамаот ишларига жалб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!" - деб ёзди депутат ўз Фейсбук саҳифасида.

Ҳокимият: "Камаз остида қолган Диана Еникеева кўча тозаламаётган эди"