Бобомурод Абдуллаев маҳкамаси кузатувчилари кўпайди

Бобомурод Абдуллаев суди

26 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев иши бўйича маҳкама мажлиси давом эттирилди.

Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланаётган журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насреддинов ҳамда тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкатжон Оллоёровнинг бундан олдинги суди 15 март куни бўлиб ўтганди.

Бу галги суд мажлиси Ўзбекистонга кўп сондаги халқаро оммавий ахборот воситалари журналистлари Тошкентга тўпланган вақтга тўғри келди.

Ўзбекистон пойтахти Афғонистонга бағишланган халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда, 26-27 март кунлари "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" деб номланган халқаро конференция бўлиб ўтади.

"Усмон Ҳақназар" тахаллуси билан аксилҳукумат мақолалар ёзган журналистни Ўзбекистонда маҳкамага тортишаётган ҳақидаги хабар кўплаб халқаро оммавий ахборот воситалари ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг эътиборини ўзига тортган.

Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насреддинов, Равшан Салаев ва Шавкатжон Оллоёровларнинг маҳкамасини кузатиш учун россиялик таниқли журналист Аркадий Дубнов, Ferghananews ахборот агентлиги Бош муҳаррири Даниил Кислов ҳам қатнашганлар.

Видеони BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

Суднинг бундан олдинги мажлисида суд-тиббий экспертиза хулосаси ўқиб эшиттирилган, экспертиза журналист Бобомурод Абдуллаевнинг қийноқларга солингани ҳақидаги кўрсатмасига қарамасдан, маҳкум қийноққа солинмаган, деган хулоса чиқарган эди.

Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланаётган 4 инсон устидан маҳкама рус тилида олиб борилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ