Ўқитувчи Диана фожиасини ёритган журналист ўлим таҳдиди олди, Самарқанд ҳокими матбуот котиби Би-би-си мухбирини ҳақоратлади

Каримберди Тўрамурод Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Каримберди Турамурод

Самарқандлик журналист Каримберди Тўрамурод Facebook даги саҳифаси орқали каттақўрғонлик ёш педагог Диана Еникеева ўлимини ёритганидан сўнг босим ва таҳдидларга учраётганини ёзди. Би-би-си мухбири ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят ҳокимининг матбуот котиби Манноп Ибодуллаев билан боғланганида ундан ҳақорат эшитди.

Каримберди Тўрамуроднинг BBCUZBEK.COM га айтишича, Диана фожиасини ёритганидан сўнг турли идораларнинг босимларига дуч келган.

"Аввало, турли идоралардан ўзим ёзган мақолага раддиялар ёзишни талаб қилишди. Мақоладаги Президентга мурожаат қисмини олиб ташлашимни мендан ва сайт раҳбариятидан талаб қилишди. Биз бунга рози бўлмадик. Шундан сўнг айрим идоралар ҳеч бўлмаса бундоқ қилиб ёзинг, юмшоқроқ нарса эълон қилинг деган "таклифлар" бўлди", - дейди у.

Каримберди Тўрамурод билан суҳбатни BBCUZBEK.COM нинг YouTubeканалида тингланг

Журналистнинг айтишича, унинг телефон рақамига ярим тунда турли одамлар телефон қилиб таҳдид қилишган.

"Ўқитувчиларни ҳимоя қиладиган сенми, онангни, хотинингни палон қилайин деган ҳақоратлар бўлди. Мана шу номердаги машина юрасизми, эҳтиёт бўлинг кўчада аварияга учрашингиз ёки Камаз остида қолиб кетишингиз мумкин деб қўрқитишди", - дейди Каримберди Тўрамурод.

Журналистнинг айтишича, ҳокимиятдан бир одам вилоят ҳокими Туробжон Жўраев журналистга нисбатан провакация тайёрлаётганини ва эҳтиёт бўлиб юриш билан огоҳлантирган.

"Шундан сўнг кўп қаватли уйимизга ички ишлар бошқармасидан икки ходим келиб, домкомдан мен ҳақимда маълумот сўрашибди. Кимлар олдимга келиб кетиши билан қизиққан. Унга келиб кетганимиз ҳақида Каримберди аканинг ўзига айтиб юрманг, дейишган", дейди у.

Журналист бундан 3 кун олдин пешин намозини ўқиш учун масжидга кетаётганида бир машинанинги атайин келиб босиб кетишга ҳаракат қилганини айтади.

"Пешин намозига пиёда бораман, деб уйимдан чиқишим билан шу атрофда пойлаб турган шекиллик, рақамсиз оқ нексия машинаси шиддат билан устимга ҳайдади. Мен кўчанинг четидаги ариқчадан сакраб ўтишга улгурдим. Машинанинг ўзи ҳам ариқчага тушиб кетишига озгина қолди. Катта тезликда ҳайдаб кетиб қолди. Ким борлигини ҳам пайқамай қолдим. Шундан сўнг хавотирга тушдим. Демак, жиддий шекиллик, бу таҳдидлар қуруқ сўз эмас экан деб хавотирга тушдим", - дейди Каримберди Тўрамурод.

У ўзига нисбатан бир кор-ҳол бўлган тақдирда бунинг олдиндан режаланган бир иш сифатида қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.

Би-би-си журналист Каримберди Тўрамуродга нисбатан вилоят ҳокимияти томонидан босим бўлган ёки бўлмаганлигига изоҳ олиш учун вилоят ҳокимининг матбуот котиби Манноб Ибодуллаев билан боғланди.

"Унақа гап бўлмаган гап. Вилоят ҳокимлиги кейинги вақтларда мана шунақа танқидий чиққан материаллар учун миннатдорчилик билдиряпти. Қандайсига Каримберди акага бошқача муносабат бўлиши мумкин", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Манноб Ибодуллаев билан суҳбатниBBCUZBEK.COM нинг YouTubeканалида тингланг

Манноб Ибодуллаевнинг айтишича, вилоят ҳокимлиги ва вилоят ҳокими унақа ишни ҳеч қачон қилмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи linkedin.com
Image caption Самарқанд ҳокими матбуот котиби Манноб Ибодуллаев

"Қаердаги уйдирма, йўқ жойдаги гапларни топиб юрасизлар. Арзийдиган, одам ишонадиган гап топсаларинг бўлмайдими? Қандай қилиб одамга суиқасд қилиниши мумкин. Ўйлаб гапириладиган, соғ одамнинг гапими бу. Қайси давлат, қанақа жамият, деб ўйлаяпсизлар сизлар? Йўқ жойдан одамларни давлатга қарши қўйиб", дейди Манноб Ибодуллаев.

Би-би-си мухбири юқоридаги даъволар Би-би-сига тегишли эмаслигини айтди. Булар журналист Каримберди Тўрамуроднинг гаплари ва бошидан кечирганлари эканлигини билдирди.

Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг матбуот котиби Манноб Ибодуллаев Би-би-си мухбирини иғвогарлик ва бировнинг ялоғини ялаб юрганликда айблади ҳамда ҳақорат қилди.

"Эй, осмондан тушганмисиз ўзингиз ҳам. Қандайсига журналистга бундай муносабатда бўлиш мумкин. Шу жамиятда яшаб турган бизларми ё четдан туриб иғво қиладиган, б...дь, бировнинг ялоғини ялаб юрган сизларми? Ҳозир гаплашаман у Каримберди ака билан ҳам", деди Манноб Ибодуллаев.

Каримберди Тўрамурод хабар.уз сайтида 14 март куни Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи арафасида кўча тозалашга олиб чиқилган ва Камаз остида қолиб ҳалок бўлган 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникеева ўлимини батафсил ёритганди.

У ўз мақоласида Президентга мурожаат қилиб унинг ташрифи сабаб йўлда ҳалок бўлган Диана Еникееванинг уйидан ҳам хабар олишни ва ўқитувчиларнинг бошқа ишларга жалб қилиниши тўхтатишни сўраганди.

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев русча ёзилган баёнотда Диана доҳил бошқа ўқитувчиларнинг ҳам ободонлаштириш ишларига жалб қилингани ҳақидаги хабарларни рад этган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар