МХХ: "70 ёшли онангни олиб келиб кўз ўнгингда зўрлаймиз"

Бобомурод Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Журналист Бобомурод Абдуллаев суд жараёнида ўзига бўлган қийноқлар ва таҳдидлар ҳақида гапирган. Журналист МХХ терговчиларининг тергов давомида унга давлат сирини ошкор қилганини ҳамда у Муҳаммад Солиҳга эмас балки мухолифат лидери унга маълумот тўплашда хизмат қилганини айтган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насретдинов ва икки тадбиркор Равшан Салаев ҳамда Шавкат Оллоёоровларнинг суди 26 март куни давом этган.

Унда асосан журналист Бобомурод Абдуллаевнинг кўрсатмалари тингланган.

Суд жараёнида тингловчи сифатида иштирок этган журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Бобомурод Абдуллаев ўзига бўлган қийноқларни тасвирлаб берган.

Малоҳат Эшонқулова билан суҳбатни BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида тингланг

"Бобомуроднинг айтишича, унга компютер шнури, дубинка ва омбурларни кўрсатиб улар айтган кўрсатмаларни бўйнига олмаса бу асбоблар ёрдамида қийнашини айтган. Шармандали жиҳати шуки, ҳатто 70 ёшли онангни олиб келиб кўз ўнгингда зўрлаймиз, деган. Терговчилардан бири бу таҳдидлар шунчаки оғизда қолади деб ўйлама, бир ваҳобийнинг 6 қизини зўрлаганмиз", дея журналистдан иқтибос келтирган Малоҳат Эшонқулова.

Бобомурод Абдуллаев бу одамни билишини уни Рухиддин Фахриддинов эканлигини айтган. Терговчи "ҳа, ўша одам, таниркансан-ку", деган.

Суд жараёнида Бобомурод Абдуллаев ўзининг Усмон Ҳақназаров номи остида ёзгани ҳақида биргаликда судланаётган Ҳаёт Насретдинов, Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровларнинг хабари бўлмагани ҳақида гапирган.

"Менинг Усмон Ҳақназаров эканим ҳақида фақат икки киши биларди. Бири шоир Юсуф Жума ҳамда Муҳаммад Солиҳ. Туркияга борганимда Муҳаммад Солиҳга Усмон Ҳақназаров номи остида мақола ёзишимни айтганман. 24 сентябр куни Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровга мен йўқолиб қолсам билингларки МХХ томонидан олиб кетилган бўламан, чунки мен Усмон Ҳақназаровман деб айтдим. Лекин иккаласи ҳам ишонмади", - дея Бобомурод Абдуллаевдан иқтибос келтиради Малоҳат Эшонқулова.

Бобомурод Абдуллаев МХХ терговчилари айблаётгандек Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг функционерларидан бири эмаслигини таъкидлаган.

"Мен ҳеч қайси партия ва ҳаракатга аъзо эмасман. Журналист сифатида ҳаммадан маълумот олиш сифатида фойдаланган бўлишим мумкин. Мен Муҳммад Солиҳга ишламаганман, балки Муҳаммад Солиҳ менга материал тўплашда ёрдам бериб хизмат қилган", деб айтган Бобомурод Абдуллаев.

Журналист икки тадбиркор унинг шериклари ва ахборот етказиб берувчилари сифатида судланаётган бўлса, МХХ терговчилари ҳам шундай судланиши кераклигини айтган.

"Бобомурод Абдуллаев уни тергов қилган МХХ ходимлари муҳим давлат сирларини унга билиб-билмасдан айтганини айтди. Масалан, терговчи Нодир Муҳитдинов собиқ МХХ ходими Жавдат Шарифхўжаевнинг Гвардейскийдаги ҳибсхона сақланаётганини айтган. Ёки генерал Шуҳрат Ғуломовнинг Зангиота ҳибсхонаси ва бошқа ҳибсхоналарда Бахтигул исмли лохмач (жаллод)и борлиги ва у 159 модда билан айбланган ҳижобли аёлларнинг бўйнига иқрорларни илиш билан шуғулланишини айтган. Бобомурод мен журналистман, агар кўлимда компютер бўлганида бундай материал ёзардим, деди", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Маҳкама сўнггида Бобомурод Абдуллаевнинг гапларидан таъсирланган залда ўтирганлар ўрнидан туриб қарсак чалиб юборган.

Шу вақт қафас ичида бўлган журналист Ҳаёт Насретдинов "сизлар бунинг кимлигини билмайсизлар, менга сўз навбати берилганда ҳаммасини айтаман", деб бармоғи билан Бобомурод Абдуллаевга ишора қилган.

Журналист ва тадбиркорлар устидан маҳкама 28 март куни давом эттирилади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek