Ўзбекистон Толибон билан тинчлик музокараларига мезбонлик қилишга тайёр

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Бу ҳақда Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент халқаро анжуманининг асосий ва якуний кунида Ўзбекистон президенти баён қилган.

Шавкат Мирзиёев, "Ўзбекистонда тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва Толибон ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этишга тайёр"лигини билдирган.

Ўзбекистон президентининг баён қилишича, "Афғонистон хавфсизлиги - бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир".

Аммо 20 дан ортиқ хорижий давлат ва қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида кеча - 26 март куни бошланган халқаро анжуманда Толибон тарафидан ҳеч ким йўқ.

Тошкент анжумани ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун янграган таклифига ҳозирча Афғонистон Толибон ҳаракатининг бирор бир шаклдаги муносабати ҳам имконли эмас.

Содиқ Сафоев: Тошкент анжумани мақсади - Афғонистондаги тинчлик учун замин яратиш

Россия Афғонистон таҳдидини бўрттирмоқдами?

'Янги ҳукумат Ўзбекистоннинг геосиёсий қудрати, аҳамиятини янгиламоқчи'

Толибон ҳаракати Афғонистон тупроғида жанг олиб бораётган ва бутун минтақа назарда тутилганда ҳам, энг йирик қуролли жангари гуруҳ бўлади.

Худди шу боис ҳам, афғон можаросининг якуний ечимида мутлақ муҳим ўрин тутган иштирокчи томонлардан бири саналади.

Аммо АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари ва минтақадаги қатор йирик ўйинчи давлатларнинг ўтган 17 йил давомида афғон можаросига на-да ҳарбий ва на-да дипломатик йўл билан ечим топиш уринишлари самара берган.

Расмий Тошкент эса, ҳозир Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасида олдиндан бирор бир шартларсиз тинчлик музокараларини уюштиришга эришишни мақсад қилган.

Охирги йилларда бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишнинг уддасидан чиққан ва ҳозирга келиб, мамлакат ҳудудининг 70 фоизида у ёки бу даражада ҳозирлиги бўлган Толибон ҳаракати сўнгги бор шу йил февраль ойида афғон можаросига якун ясовчи тинчлик музокараларига қизиқиш билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Очиқ мактуб йўллаб, "Америка халқи" ва унинг "тинчликсевар конгрессменлари"ни президент Дональд Трампни тинчлик музокараларига кўндиришга ундаб чиққанди.

Ҳаракатнинг бу мактубига президент Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг расмий муносабати ҳозирча имконсиз.

АҚШ Афғонистон масаласида якуний сўзни айтиш қудратига эга давлат саналади.

У Толибон тузуми ағдарилган 2001 йилдан буён Афғонистонда энг катта сондаги ҳарбийларига эга мамлакатлигича қолмоқда.

Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти ўзининг Афғонистонга оид янги стратегиясида исёнчилар билан музокаралар эҳтимолини назардан соқит этмаган.

Аммо шу йил январь ойи охирида пойтахт Кобул саҳна бўлган устма-уст қонли ҳужумлар ортидан, президент Трамп бу каби эҳтимолни қатъийлик билан буткул йўққа чиқарганди.

Орада кечган вақт давомида эса, унинг маъмурияти вакиллари Толибон билан музокаралар масаласида қоришиқ муносабат билдириб келишмоқда.

Уларнинг бу каби пайғомлари мазмуни бир сўзга жамланганда эса, АҚШ томони тинчлик музокараларига қизиқиш билдирган тақдирда ҳам, бу жараён Афғонистоннинг ўзи бошчилиги остида бўлади.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, йилларки, афғон тупроғида бирор бир хорижий аскар қолар экан, ҳеч бир томон билан тинчлик музокараларига киришмаслигини баён қилиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ҳаракатнинг сўнгги очиқ мактубига баҳо берган халқаро таҳлилчиларга кўра ҳам, Толибон, худди шу боис, ҳозир энг аввало Афғонистонда энг катта сондаги ҳарбийисига эга АҚШ билан музокаралар олиб бормоқчи. Уларни Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга кўндирмоқчи.

Яқинда эълон қилинган янги стратегиясига мувофиқ эса, янги АҚШ маъмурияти Афғонистондаги қўшинлари сонини яна бир неча мингга кўпайтирмоқчи.

Толибон уларнинг бу режасига кескин муносабат билдирган, шундай бўлган тақдирда, АҚШ ҳарбийлари учун Афғонистонни "жаҳаннамга айлантириш"лари билан таҳдид қилган.

Уларнинг бу режаси минтақада ўз геосиёсий манфаатларига эга Россиянинг жиғига тегмай қолмаган.

Расмий Кремль такрор ва такрор рад этаётган эса-да, охирги йилларда "Россия Афғонистон Толибон ҳаракатини қурол-яроғ билан таъминлаётганига оид хабарлар, даъволар ва расмий баёнотларнинг сони ортган.

Сўнгги пайтларда дунёнинг бу икки ядровий қудрати ўртасидаги йилдан йилга совуқлашиб бораётган муносабатлар боис, минтақада геосиёсий танглик янада кучайган.

АҚШ томони Россиянинг аралашуви афғон можароси ечимини янада чигаллаштираётганига оид ошкора ва расмий баёнотлар билан чиқишни ҳам бошлаган.

Тошкент мезбонлик қилаётган олий даражадаги икки кунлик йирик халқаро анжуман эса, худди ана шундай бир манзарада бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса, бугунги чиқишида, "Хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин. Биз хавф-хатарларнинг баъзи бирларини "ўзимизники", бошқасини эса "бировники", деб қабул қилмаслигимиз керак, аниқроқ айтганда, бундай қилишга ҳаққимиз йўқ", - деб айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek