Полициячи отган ўзбекистонлик: "Мени ўлган одам деб ҳисоблайверинг"

Актам Ахматовни полиция ходими пистолетдан ўқ узиб яралаган. Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Актам Ахматовни полиция ходими пистолетдан ўқ узиб яралаган

21 март куни Москва полицияси самарқандлик 24 ёшли муҳожирни ўқ узиб яралаган.

Актам Ахматованинг онаси Раъно Маматованинг ҳикоясини BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

Орқадан узилган ўқ қорин соҳасини ўтган. Натижада муҳожирнинг ўнг буйраги операция йўли билан олиб ташланган. Ярадор муҳожир касалхонадан тергов изоляторига олиб кетилган.

6 йилдан бери Москвада уй таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб юрган айни пайтда Актам Ахматов ярадор ҳолида ҳибсда сақланмоқда.

У 2 нафар шериги билан РФ ЖКнинг 158-моддаси, яъни ўғирликда айбланмоқда. Маълум бўлишича, Новогиреева тумани полиция ходимлари уларни аккумлятор ўғирлаётганда қўлга олган. Актам Ахматовни полиция ходими пистолетдан ўқ узиб яралаган.

28 март куни Перова туман судида ўғирлик иши кўриб чиқилди. Аммо муҳожирнинг полиция ходими томонидан отилиши борасида жиноий иш бу ишга қўшилмаган, ёки алоҳида жиноий иш ҳам қўзғатилмаган.

Актам Ахматованинг онаси Раъно Маматованинг Би-би-сига айтишича, йигитлар билан бирга борган Актам уларни ташқарида кутиб турган. Уни ушлаб олган полиция ходими Актамнинг қўлига кишан солишга уринган, аммо кишанламаган. У пистолет билан таҳдид қилган, ерга ётқизиб тепиб калтаклаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption "Ўғлимнинг орқасида кўкарган излар ҳам бор. Буйраги ўқдан эмас, тепки зарбларидан ҳам шикастланган бўлиши мумкин", дейди Маматова.

"Ўғлимнинг орқасида кўкарган излар ҳам бор. Буйраги ўқдан эмас, тепки зарбларидан ҳам шикастланган бўлиши мумкин", дейди Маматова.

Актам Ахматов полициячига қаршилик қилган-қилмагани Би-би-сига маълум эмас. Раъно Маматова бўлган воқеани ўғли гапириб берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, полициячи ўғлини тепаётганда қорга сирпаниб йиқилганида Актам қоча бошлаган. Полиция ходими ҳавога огоҳлантирув ўқи узмасдан, Актамни орқасидан отган.

Раъно Маматова ўғлининг полиция ходими томонидан отилиши юзасидан полицияга мурожаат қилганида, Новогиреева туман полицияси аёл хужжатларини текширган. Муддати ўтганлиги аниқлангач, суд қилинган. Ўғлининг яралангани бўйича мурожаат билан келган аёлга 5000 рубль жарима солиниб, Россиядан чиқиб кетиши талаб қилинган.

Полиция ходимлари Маматовага ҳодиса бўйича жиноий иш очилмай туриб ўғлининг айбдорлигини билдиришган.

"У қаршилик қилмоқчи бўлган, полициячини буғган, дейишаяпти. Ўғлим эса полициячини юзини ҳам кўрмаганини, орқадан уриб тепгани, ўқ узганини айтаяпти", дейди она.

Воқеадан 10 кун ўтиб, Ахматовнинг адвокати Шухрат Хамракулов 2 апрель куни прокуратурага шикоят аризасини ёзди.

Адвокатга кўра, полиция ходими ўз ваколати доирасидан чиққан ва қуролни ноқонуний тарзда ишлатган. Судда фақат ўғирлик иши кўрилган, ўқ узилиши жиноий ишга киритилмаган. Маматова полиция ходимлари ўғлини касалхонада бўлган 1 хафта мобайнида жисмоний ва маънан қийнаб хўрлашганини иддао қилди. "Жиноятчи қўриқланаяпти" деган изоҳ билан онага фарзандини кириб кўриш учун рухсат берилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати мазкур воқеа юзасидан Новогиреева туман полицияси билан боғланди. Маҳкама навбатчиси бу иш тергов жараёнида эканлигини маълум қилиб, судга қадар ҳеч қандай маълумот берилмаслигини билдирди. Полиция ходимининг Ахматовни отиши ва тергов изоляторида сақланиши борасидаги саволларни ҳам очиқ қолдирди.

Буйраги олиб ташланган Актам Ахматов тергов изоляторида соғлиги тобора ёмонлашиб бораётганини билдирган. Онасига кунига 6 соатлаб тергов хонасида ўтираётгани, тоби қочганда полиция ходимларининг ўзи томир остига юборувчи уколларни ҳам қилганини айтган.

"Томирига туша олишмабди, тери ости кўкариб кетганини кўрдим" деди Маматова.

Адвокат Шуҳрат Хамракуловга кўра, Ахматовга нисбатан қилинаётган ҳаракатлар ва унинг ярадор ҳолида тергов изоляторида сақланиши ноқонунийдир.

"28 март куни жиноий ишлар бўйича Перова туман суди РФ ЖКнинг 158-моддаси бўйича айбланаётган Актам Ахматовни 1 ойю 21 кунга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. 2 апрель куни туман прокуратурасига шикоят аризасини ёздик. Ижобий ҳал бўлади, деган умиддамиз" деди Би-би-си Ўзбек хизматига адвокат Хамракулов.

Раъно Маматова эса ҳибсда қолаётган ўғлининг ҳаёти ҳавф остидалигидан қаттиқ ҳавотирда. У ўғирлик ҳолати бўйича ўғли қамалишидан эмас, тиббий ёрдам кўрсатилмаётган ҳибсда сақланаётган ўғлини йўқотиб қўйишдан ташвишда.

Шунингдек, Москва полицияси Ахматовга полиция ходимига хужум қилганлик ҳолати юзасидан ҳам жиноий иш қўзғатилиши эҳтимоли борлигини Маматовага айтган. Она ва бола адолат излаяпти.

"Ўғлим "бир буйрак билан қамоқда тамом бўламан, мени ўлган одам деб ҳисоблайверинг" деяяпти. Мен эса бу ишда ютиб чиқа олмаймизми, деб қўрқаяпман. Россия полицияси жуда адолатсиз. Ўз ходиминини ҳимоя қилиш учун мени хужжатим учун суд қилишди, депорт қилмоқчи бўлди. Ўғлим ҳам жуда тушкун аҳволда, ҳатто ўзини ўлдирмоқчи ҳам бўлаяпти. Мен ҳеч нима қилганим йўқ-ку, деяпти у", деди Раъно Маматова Би-би-сига.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek