Суд: 'Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатма беришига ҳали эрта'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFISHA MEDIA/GAZETA.UZ
Image caption Адвокат Сергей Майоров иш бўйича Муҳаммад Солиҳ билан бир неча бор мулоқот қилганини айтган

Тошкентда журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна уч шахс устидан ўтаётган маҳкамада адвокат Сергей Майоровнинг Туркияда муҳожиротда яшаётган "Ўзбекистон халқ ҳаракати" раҳбари Муҳаммад Солиҳ кўрсатма беришга тайёр экани ҳақидаги талабномаси қондирилмаган.

Ҳакам Зафар Нурматов ўз қарорини ҳали барча судланувчи ва гувоҳлар сўроқ қилиб бўлинмагани билан изоҳлаган.

Ўзбекистонда журналист бўлиш ҳануз хавфлими?

Газета. уз нашрининг Майоровдан иқтибос келтиришича, Муҳаммад Солиҳ у билан боғланиб, Бобомурод Абдуллаевнинг собиқ МХХ томонидан илгари сурилган айбларга алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Муҳаммад Солиҳ шунингдек, "Ўзбекистон халқ ҳаракати" сайтида "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида чоп этилган "Ислом Каримовнинг "табиий" ўлимини қандай ташкил этишди", "Саримой фожиаси ҳақидаги ҳақиқат", "Сурия сабоқлари ва "тинчликпарварлар"га жавоб" ва "Ислом Каримов ҳокимиятда умрбод қолишга қарор қилди" мақолаларини Бобомурод Абдуллаев ёзмаганини билдирган.

"Муҳаммад Солиҳ интерактив режимида маҳкаманинг танловига кўра, Telegram, Viber, Imo ёки Skype орқали кўрсатма беришга тайёр. Мухолифатчи шунингдек, суднинг саволларига ёзма жавоб беришга ҳам ҳозирлигини изҳор қилди. Кўрсатмаларни легаллаштириш учун уларни Туркиядаги Ўзбекистон консулига тақдим этишга тайёр", дея Бобомурод Абдуллаевнинг адвокатидан иқтибос келтирган чоршанба кунги суд тафсилотларини ёритган Газета.уз нашри.

Нашрнинг суд жараёнини кузатган мухбирига кўра, Бобомурод Абдуллаевнинг ўзи ва адвокатлар, шунингдек, прокурор ҳамда судланувчи Шавкат Оллоёров Сергей Майоровнинг талабномасини қўллаб-қувватлашган.

Судланувчилар Равшан Салаев ва Ҳаётхон Насреддинов эса уни рад этганлар.

'Ноҳақ айбланмоқда'

Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳ адвокат Майоровнинг сўзларини тасдиқлади.

Унинг айтишича, Бобомурод Абдулла Каримов режимига қарши ёзган мақолалари учун жуда ноҳақ айбланаяпти.

"Биз бу суд жараёнини кузатарканмиз, Бобомурод Абдулланинг "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида босилган матнларини уларнинг қайси бирида "конституцион тузумга тажовуз" бор экан деб, мақолаларни тадқиқ этдик.

Image caption Муҳаммад Солиҳ ўз кўрсатамалари суднинг ниҳоий қарорида ҳисобга олинади, деб умид қилаётганини билдирди.

Бу аснода Ҳаракатимиз сайтида босилган мақолалар архивида Бобомурод Абдулла ёзмаган, аммо "Усмон Ҳақназар" номи билан босилган 4-5 мақолага дуч келдик ва буни Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоровга билдиришни лозим топдик.

ЎХҲ сайти редактори тасбит қилган факт шу: «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси билан чоп этилган «Ислом Каримовнинг „табиий" ўлими қандай уюштирилди», «Саримой фожиаси ҳақидаги ҳақиқат», «Сурия сабоқлари ва «тинчликсеварларга жавоблар», «Ислом Каримов умрбод ҳокимиятда қолишга қарор қилди» каби мақолалар Бобомурод Абдуллаев қаламига мансуб эмас.

Буни Бобомурод Абдулла адвокатига билдирдик, ишонамизки, бу маҳкама қарорида ҳисобга олинажакдир", - деб айтди Муҳаммад Солиҳ Би-би-сига.

Чоршанба кунги маҳкамада Бобомурод Абдуллаев даҳшатли қийноқлар остида хориждаги бир қатор ўзбек фуқаро жамияти фаоллари ва журналистларга қарши кўрсатма беришган мажбурлангани ва бошқа судланувчилар томонидан ўзига нисбатан руҳий босим ўтказилаётгани ҳақида ҳам гапирган.

Суд жараёни пайшанба куни давом этган.

'Ғоя учун'

Журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаётхон Насреддинов ва тадбиркорлар Равшан Салаев ҳамда Шавкат Оллоёров Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси (ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузумини ағдариш мақсадида тил бириктириш) билан айбланмоқда.

Суднинг охирги икки мажлисида айблов юзасидан кўрсатма берган Бобомурод Абдуллаев 2003 йилдан 2017 йилга қадар "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида интернетда мақолалар чоп этганини тан олган, аммо уларни мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан ёки моддий манфаатдорлик эвазига ёзганини рад этган.

"Мен пул учунмас, ғоя учун ёздим", - деган журналист.

У бошқа судланувчиларнинг "Усмон Ҳақназаров"дан хабари бўлмагани ва мақолалар учун асосий манба бўлиб хизмат қилмаганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Бобомурод Абдуллаев тергов жараёнида берган кўрсатмаларидан воз кечган

Ўтган йил 27 сентябрида ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан билинган МХХ ҳибсхонасида шафқатсиз қийноқларга тутилгани айтиб, тергов жараёнидаги барча кўрсатмаларидан воз кечган.

Унинг сўзларига кўра, МХХ ходимлари журналистни собиқ Бош прокурор ва Давлат хавфсизлик хизмати деб ўзгартирилган МХХнинг ҳозирги раҳбари Ихтиёр Абдуллаев ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновларга қарши кўрсатма беришга мажбурлаганлар.

Журналистни ҳибсга олган ва сўроқ қилган МХХ терговчилари Нодир Тўрақулов ва Александр Веселовлар шу йил январида ишдан четлатилган ва кейинроқ ҳибсга олингани хабар қилинган.

Тошкент ҳарбий маҳкамаси Нодир Тўрақуловни мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ва ноқонуний ҳибсга олишда айблагани айтилади.

26 март кунги маҳкамани қатор хорижий журналистлар ҳам кузатишган.

Чоршанба куни Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Президент Мирзиёевдан ҳибсдаги журналистларни дарҳол ва шартсиз озод этиш ҳамда мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигини кафолатлашга чақирган.

Ташкилот ҳисобтида сўнгги икки йилга яқин вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгарган бўлса-да, алоҳида журналистлар, ёзувчилар ва оддий фуқаролар танқидий қарашлари туфайли ҳукумат томонидан ҳамон сиёсий таъқибга учраётганлари айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek