Тошкентда баҳор: Ўзбекистон ҳақиқатан очилмоқдами?

шар

Узоқ вақт давомида жаҳон афкоридан соялар ортида биқиниб келаётган Ўзбекистон бу ҳафта Афғонистондаги тинчлик жараёни масаласи бўйича ташкил қилинган халқаро саммитга мезбонлик қилди. Шу баҳона билан Би-Би-Си Ўзбек Хизмати журналисти Ибрат Сафо 10 йилдан ошиқ айрилиқдан сўнг ватанига қайтиш имконига эга бўлди.

Тошкентга баҳор ҳар доим тўсатдан келади.

Бир кун ҳаво совуқ, осмон рутубатли бўлса, эртасига бодом ва ўрик гул очади.

Бу йил ҳам баҳорий анъана бўлмиш Наврўз шарафига шаҳар кўчалари гуллар билан безатилган.

Ҳатто шаррос қуяётган ёмғирга қарамай киши қалбида умид учқуни алангалайди, ҳавода эртанги кун учун ишонч сузиб юради.

Бундай некбин кайфият Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг бу мамлакат узра ниш ура бошлади.

Бу ҳафта дунёнинг ҳар бурчидан делегатлар ва журналистлар келган Афғонистондаги тинчлик масаласи бўйича халқаро саммитга Ўзбекистоннинг мезбонлик қилиши мамлакатнинг янги раҳбариятида дунё билан алоқаларни қайтадан тиклашга иштиёқ юқорилигидан дарак беради, гўё.

Ватанга қайтиш

2005-йил Андижонда содир бўлган воқеалар ортидан Би-Би-Си мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлгандан буён илк бор ватанимга қайтишга муяссар бўлдим.

Лекин мен бу борада ягона инсон эмас эдим. Конференция ташкилланган улкан оқ мармар бино бўйлаб юрар эканман, бир вақтлар Тошкентда журналистлик фаолияти билан шуғулланган кўплаб таниш чеҳраларни кўраман. Уларнинг аксарияти ҳам мен каби узоқ танаффусдан сўнг мамлакатга биринчи марта қайтган эди.

Мазкур тинчлик конференцияси ҳақида маҳаллий телевидение бот-бот хабар тарқатиб тургани сабабми, бу мавзу ҳақида оддий одамлар ҳам яхши маълумотга эгадек туйилди менга.

«Афғон мажлисига келдингизми?» сўрайди бир такси ҳайдовчиси ташрифимнинг илк куниданоқ мени ҳайратга солиб.

Image caption Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан бери мамлакатни бошқаради

Бошқа ўзбекистонликлар каби бу ҳайдовчи ҳам президент Шавкат Мирзиёев ўзгача сиёсат юритмоқда, деган фикрда.

Ўзбекистонликлар нафақат ён қўшни бўлган Афғонистондаги хавфсизлик муҳитидан хавотир олганидан, балки ушбу мамлакат ўзбек товарлари ва хизматлари учун юқори салоҳиятли бозор бўлгани сабабли ҳам тинчлик конференциясига бефарқ эмаслар.

Image caption Тошкентликлар ҳамма нарса ҳақиқатан ўзгаряпти, деб ўйлайди

31 миллион аҳолига эга Ўзбекистон иқтисодиёти ўн йиллар давомида бир жойда депсиниб келади, эндиликда одамлар қандайдир ижобий янгиликлардан умидвор.

«Мен кир ювадиган машиналарни йиғувчи заводда ишлайман,» дейди такси ҳайдовчиси. «Мирзиёев Хитойдан келадиган эҳтиёт қисмларига бож тарифларини оширгани туфайли биз чиқарадиган маҳсулотлар таннархи қимматлашиб кетди.»

«Демак ишингиз орқага кетибдида?» сўрайман мен.

«Йўқ,» жавоб беради суҳбатдошим. «Энди биз эҳтиёт қисмларини ўзимиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Президент мутлақо тўғри сиёсат юритмоқда, деб ўйлайман.»

Ташрифимнинг илк кунларидаёқ мен тинглаган кўплаб ўхшаш суҳбатлар мени мамлакатда ҳақиқатан ўзгаришлар бошланган, деган фикрга келишга ундайди.

Эркинлашган матбуот

Image caption Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Ибрат Сафо 10 йилдан ошиқ вақт давомида илк бор Ватанига қайтди

Конференция залида баёнотларни кутар эканмиз, бир қанча маҳаллий журналистлар билан суҳбат қураман. Улар матбуот қандай эркинлашаётгани ҳақида ҳикоя қиладилар.

Бир вақтлар Ню-Йоркда содир бўлган 11 сентябр воқеаларини ёритмагани ва одамни эснатадиган хабарлари билан машҳур бўлган давлат телевидениеси қисқа фурсат ичида қизиқарли ва жонли тус ола бошлабди.

Маҳаллий журналистлар эса қишлоқлардаги чироқсиз ҳаёт, шанбалик пайти юк машинаси остида ҳалок бўлган ёш ўқитувчи аёл воқеаси каби оддий одамлар ҳаётига алоқадор мавзуларни ёритишда бир-биридан ўзишга ҳаракат қилмоқда.

Албатта, матбуот эркинлигига тўсқинлик қиладиган омиллар ҳали бисёр. Журналистлардан бири маҳаллий амалдорга тегишли яккаҳоким бизнес танқид қилинган мақоласини интернетдан олиб ташлашга мажбурлангани ҳақида сўзлайди.

Image caption Собиқ Президент Ислом Каримов 2016 йил вафот этган

Одамлар амалга ошираётган ўзгаришлари учун янги президентни олқишлашдан чарчамайди, лекин 20 йилдан ошиқ вақт давомида мамлакатни чуқур илдиз отган коррупция ва инсон ҳуқуқларини топташ орқали бошқаргани айтиладиган биринчи президентни танқид қилишга ҳеч ким шошилмайди.

Конференция давомидаги кичик танаффус орасида шифохонада даволанаётган қариндошимни йўқлашга бораман.

Шифохона зали бўйлаб ҳам эски, ҳам янги президент суратлари деворларга илиб қўйилган. «Улар ҳалиям анави суратни ахлатга ташлаб юборишга тайёр эмас,» ғўлдирайди беморлардан бири Каримов суратига имо қилиб.

Конференция давомида эса янги ва очилиб бораётган Ўзбекистон кўзга янада яққолроқ ташланади.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича Олий Вакили Федерика Могерини, БМТ ва бошқа 23 давлатдан келган юқори мартабали расмийлар билан бир қаторда Афғонистон ҳамда Ўзбекистон президентлари ҳам конференцияда қатнашдилар.

Image caption Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистондаги янги сиёсий муҳит ҳақида гапиради

Собиқ Ташқи ишлар вазири ва ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритаётган Содиқ Сафоев Би-Би-Си билан суҳбатда мазкур тинчлик конференцияси ўтган бир ярим йил давомида олиб борилган Ўзбекистоннинг «янгиланган ташқи сиёсати» меваси эканлигини маълум қилади.

«Марказий Осиёда буткул янги сиёсий муҳит шакллантирилди,» дейди жаноб Сафоев. «Қўшнилар ўртасида ўзаро ишонч, минтақада ҳаммага тааллуқли бўлган масалаларни ҳал этиш йўлида ўзаро муштарак ирода бўлиши лозим.»

Image caption Тошкент Санъат академиясида Караваджо кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Конференция бошиданоқ у кескин муваффақиятлар билан якунланишига ҳеч ким умид қилмаётган эди. Бироқ асосий гап бунда эмас. Мазкур тинчлик конференцияси Ўзбекистон учун халқаро майдондан ўз ўрнини топиш ва натижаси нафақат Афғонистон, балки бутун минтақа учун муҳим бўлган тинчлик жараёнида бошқалар билан бирдам эканлигини кўрсатишга яхши имконият яратди.

Конференция Толибонни ҳам музокаралар столига тортиш учун ҳар қандай чорани ишга солиш лозимлигини баён қилган декларацияни эълон қилиш билан якунланди, афғонлар тинчлик жараёнига ўзлари бошчилик қилишлари шартлиги белгилаб қўйилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг кортежи аэропорт томон йўл олар экан, у ҳам мен каби янги ва ўзгача Тошкентнинг кенг хиёбонлари, қуёшда ялтираб турган савдо марказлари ва улуғвор биноларини томоша қилиб ўтгандек туйилди менга.

Ўзбекистонга баҳор келди. Мен эса ватанимдаги бўлаётган ўзгаришлар кун келиб Афғонистонда ўрнатилган тинчликнинг илк тонгида акс-садо беришидан умид қилиб қоламан.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek