Ўзбекистон 500 дан ортиқ маҳсулотга бож тўловларини бекор қилмоқчи

бож Фото муаллифлик ҳуқуқи customs.uz

Ўзбекистон ҳукумати 1 майдан бошлаб турли кўринишдаги 500 дан ортиқ маҳсулотга бож тўловларини бекор қилмоқчи. Президент қарори лойиҳаси кучга кирса музлатгич, монитор, телефон, қимматбаҳо металлар, банан ва шиша каби маҳсулотларга бож тўлови олиб ташланади.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги "Ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва бож-тариф тартибга солинишини такомиллаштириш тўғрисида"ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилди.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси сайтига қўйилди.

Унда айтилишича, амалдаги бож-тариф тартибга солиниши амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига тўлиқ жавоб бермайди. Бизнес юритишда барча учун тенг шароитлар яратмайди ва рақобатнинг бозор принципларини таъминлай олмайди.

Қарор лойиҳасида ёзилишича, бож тўловларини белгилаш ва жорий қилишда ягона ёндашувнинг йўқлиги бож таннархини туширишга ва мамлакатга товарларнинг ноқонуний импорти ошишига олиб келади. Бу рақобатбардош миллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўсишини ҳамда экспорт салоҳиятининг ривожланишини тўхтатади.

Ҳукумат давлат бюджетига тушумларнинг ошишини таъминлаш мақсадида 1 майдан бошлаб юзлаб маҳсулотларнинг бож тўловлари бекор қилмоқчи ёки кескин туширмоқчи.

Spot нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, янги қарор доирасида 500 товарга бож тўловлари бекор қилинади.

"Масалан, тирик ҳайвонларни (уй паррандаларидан ташқари), тирик балиқ, шиша, қимматбаҳо металлар, соат, велосипед, музлатгич, монитор, ўйин ускуналари, овоз ва видео тасвирга олувчи мосламалар, босма китоблар, жўғрофий харита, антифриз, эритувчилар, музқаймоқ, банан, микрофон, телефон ва бошқа маҳлусотлар бор", дейилади хабарда.

Бундан ташқари 19 дан ортиқ маҳсулотларга нисбатан бож тўловларини бирн неча баробар тушириш таклиф қилинган.

Уларнинг ичига газланган ичимлик сувлари, пиво, вино, сигарет, пахта, идиш-товоқ, машина ғилдираклари, пластмасса маҳсулотлари, сандиқ, кўйлак ва бошқа маҳсулотлар бор.

Spot.uz нашрининг ёзишича, енгил автомобилларга белгиланган бож тўловлари деярли ўзгаришсиз қолади.

Бироқ трактор ва 10 кишидан ортиқ автобус олиб киришга белгиланган бож тўлови бекор қилинади.

Фуқаролар қарор лойиҳаси билан танишиб чиқиб, 16 апрелгача ўз фикр ва эътирозларини қолдириши мумкин.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар