Қарийб 210 миллион долларлик солиқ тушумлари Самарқанднинг ўзида қолади

Қўшработ Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Ҳоким Туробжон Жўраев шу вақтгача вилоятда фаолият юритиб солиғини Тошкент туманлари ва Навоий вилоятига тўлайдиган корхоналарнинг солиқ тушумларини Самарқандда қолдиришга эришганини маълум қилди. Ҳоким маҳаллий тадбиркорларга ҳам пуллари марказ Тошкентга кетиб қолмаслик йўлларини ўргатган.

Энди қиймати 209 миллион 514 миллион долларга тенг бўлган йиллик солиқлар вилоятда қолади ва уларнинг бир қисми қолоқ туманларни ривожлантиришга сарфланиши маълум қилинди.

1 апрел куни ОАВ билан матбуот анжумани ўтказган Туробжон Жўраев Шавкат Мирзиёевнинг 17 март куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида муҳим масалани ҳал қилгани ҳақида хабар берган.

Xabar.uz сайтининг вилоят ҳокимидан маълумот келтиришича, вилоятдаги "British-American Tobacco", чой қадоқлаш фабрикаси ва 3 тумандаги конлар шу вақтгача солиқларини Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятига тўлаб келган.

Туробжон Жўраев йиллик бу пуллар миқдори 1 триллион 700 миллиард сўм (209 миллион 514 минг доллар) бўлишини айтган.

"British-American Tobacco" компанияси Ургут тумани аҳолисига тамаки эктириб, уни Фарҳод шаҳарчамизда сигарет қилиб, йилига 600 миллиард сўм миқдоридаги солиқни Тошкент шаҳридаги бир туманга тўлайди. Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси юз йилдан бери Самарқандда фаолият юритиб, у ҳам 40 миллард сўм солиғини Тошкент шаҳридаги бир туманга тўлайди. Нуробод, Қўшработ, Пахтачи туманидаги конлар ўз солиғини Навоий вилоятига тўлайди, умуман, вилоятда ишлаб, бошқа шаҳарларга тўланадиган солиқ бир триллион етти юз миллиард сўм экан", деган вилоят ҳокими.

Туробжон Жўраевнинг маълум қилишича, у Президент Шавкат Мирзиёевдан ушбу солиқ тушумларини вилоятда қолдирилишини илтимос қилган.

"Мен президентдан ана шу солиқлар ўзимизга тўланишини таъминлаб беришини илтимос қилдим ва илтимосим ижобий ҳал қилинди. Энг қизиғи, ана шу Нуробод, Қўшработ, Пахтачи туманлари дотацияда ўтиришибди. Энди у туманлардаги корхоналар солиғи ўша туманларнинг ўзида қолдирилса, дотациядан ҳам чиқишади, ривожланиб ҳам кетишади", деган у.

Вилоят ҳокими йиғилиш давомида залда ўтирган тадбиркорларнинг ҳам илтимосларини кўриб чиққан.

Савол жавоблардан Шавкат Мирзиёевнинг "ҳокимларга ваколат бераман, вилоятини ўзи бошқарсин" деган гапи амалда ўз аксини топаётганини кўриш мумкин.

Оқдарёнинг Пичоқчи қишлоғидан мурожаат қилган тадбиркор қишлоғида ёнғоқ сотишга ихтисослашган бозор қуришга рухсат сўрайди.

Ҳоким бу тадбиркорнинг таклифи ўринли эканлигини айтган ва пуллар марказ Тошкентга кетиб қолмаслиги учун унинг номини бозор, деб эмас савдо мажмуаси деб очиш кераклиги ҳақида маслаҳат берган.

Туробжон Жўраевга кўра, бозор деб очилса даромаднинг 51 фоизи Тошкентга кетиб қолади.

"Бошқа тадбиркорлар, «Нега пичоқчиликларга сувли ердан жой бериб, бизга бермайсиз?» деб ҳайрон бўлманглар, халқимизда «Элнинг бозори билан мозорига тегма» деган гап бор. Бозорини сувсиз ерга кўчирсак, бозор йўқ бўлади, у ерга ҳеч ким бормай қўяди. Шунинг учун бу йигитга уч эмасу, икки гектар ер берамиз, бозор эмас, савдо мажмуаси қурсин. Сабаби, отини бозор десанг, 51 фоизи давлатнинг ҳисобига ўтиб, яна даромаднинг катта қисми марказга кетиб қолади".

Ҳоким эътироф этган Қўшработ, Нуробод ва Пахтачи туманлари ҳудудида турли конлар бўлишига қарамасдан бу туманлар ушбу конларнинг фойдасини деярли кўрмаган.

Айниқса, Қўшработ тумани вилоятдаги энг қашшоқ туман ҳисобланиши айтилади.

Туманнинг аксар қисми қишлоқлардан ташкил топган ва кўп қисми газлаштирилмаган. Бюджетдан етарли маблағ ажратилмаганлиги боис йўллар таъмирталаб.

Шу вақтгача туманда чироқ бир кунда кўпи билан 3 соат ёнган. Шу муносабат билан бу ерда ишлаб чиқариш деярли йўқлиги айтилади.

Бироқ Шавкат Мирзиёевнинг 2017 апрел ойида Қўшработ туманига борганидан сўнг туманда чироқ таъминоти яхшиланган.

Ҳозир электр таъминотида деярли узилиш бўлмаётгани айтилади.

Ҳоким Туробжон Жўраев вилоятдаги туман йўлларини таъмирлашга сўз берган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek