Ҳаётхон Насретдинов: "Онамнинг олдида қийноқлар ҳақида гапиролмайман"

Ҳаётхон Насретдинов Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter
Image caption Журналист Ҳаётхон Насретдинов

Судда журналист Ҳаётхон Насретдинов тергов вақтида ўзига нисбатан бўлган қийноқлар ҳақида онаси ва тўпланганлар олдида гапиролмаслигини айтган. У ўзига нисбатан қўйилган айбловларни инкор қилган. Олдинроқ у айбловларни тан олишини айтганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 2 апрель куни журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насретдинов ва икки тадбиркор Равшан Салаев ҳамда Шавкат Оллоёровлар устидан маҳкама давом этган.

Бу шахслар Ўзбекистонда давлат тўнтариши қилишда айбланмоқда.

Судда журналист Ҳаётхон Насретдинов ва гувоҳ Кенжа Мусановларнинг кўрсатмалари тингланган.

Маҳкамада иштирок этган журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, судья Зафар Нурматов журналистдан тергов вақтида қийноқлар бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақида сўраган.

Малоҳат Эшонқулова билан суҳбатни BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида тингланг

"Ҳаётхон, залда онам ўтирибди, у кишининг соғлиқлари заиф, гапирсам мазаси қочиб қолиши мумкин деди. Кейин судья онасини суд залидан чиқиб туришни сўради. Шндан сўнг ҳам Ҳаётхон Насретдинов қийноқлар ҳақида гапирмади. Мен ориятли инсонман, шунча одамнинг олдида қийноқлар ҳақида гапиролмайман. Кейин гапиришим мумкин, деб айтди", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ҳаётхон Насретдинов ўзига терговчи томонидан қўйилган айблов хулосасини рад этган. У 5 март суд бошланган куни айбига иқрор эканлигини айтиб залда ўтирганларни ҳайратлантирган эди.

Шундан бўлса-да, у журналист Бобомурод Абдуллаевга қарши кўрсатма берган.

"Бобомурод Абдуллаев 2013 йил, декабр ойида менинг уйимда скайп орқали Муҳаммад Солиҳ билан гаплашди. Давлат тўнтариши ҳақида маслаҳатлашди, деб Бобомуродга қарши кўрсатма берди. Бобомурод олдинроқ бу учрашувда Муҳмммад Солиҳ билан гаплашилмаганини айтган эди", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Маҳкамага чақирилган гувоҳ Кенжа Мусанов 2013 йил декабр ойидаги Ҳаётхон Насретдиновнинг уйида у ҳам ўтирганини ва оқ соқолли киши билан Бобомурод Абдуллаев эмас, балки Ҳаёт Насретдинов гаплашганини айтган.

Малоҳат Эшонқуловнинг айтишича, Кенжа Мусанов тергов вақтида берган кўрсатмаси билан суд залида айтган кўрсатмаси бир-бирига зид келган.

Терговдаги кўрсатмасида у журналист Бобомурод Абдуллаевни олдин кўрмаганини, фақат 2013 йил декабрда Ҳаётхон Насретдиновнинг уйида илк бор кўрганини айтган.

Судда эса Бобомурод Абдуллаев билан кўчада танишганини, у билан олдин ҳам гаплашиб юрганини айтган.

Судья Зафар Нурматов гувоҳга ёлғон гувоҳлик берса жавобгарликкка тортилиши мумкинлиги ҳақидаги қонун моддасини икки марта овоз чиқартириб ўқитган.

Маҳкама 4 апрель куни давом этади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek