Ўзбекистонда янгича тест: ‘Биз ҳануз касални ўзини даволаш билан овора бўлаяпмиз’

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи anhor.uz

"Тўғри, тест саволларининг 30 тага туширилиши, шаффоф бўлиши, камераларнинг қўйилиши...бу - фақатгина тест жараёнининг ўзига бўлаётган эътибор. Агар, аниқ ва таниқ қилиб гапирадиган бўлсак. Яъни, биз бир кунлик тест жараёнини шаффофлаштириш ҳақида кўпроқ қайғуриб қўймаяпмизми?..".

Ҳозир Британияда бўлган асли ўзбекистонлик бу журналист суҳбатдошимизнинг ўзи Осиё ва Европа давлатлари нуфузли университетларининг ҳам битирувчиси бўлади.

Абдумалик Солиев биз билан суҳбатда Ўзбекистонда "Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги кеча пайшанба куни қабул қилинган ҳукумат қарорига шу тариқа муносабат билдирди.

Суҳбатни тинглаш учун BBCUZBEK нинг YouTube каналига боринг.

Тест натижалари муддатидан олдин эълон қилинади

Олий ўқув юртларига рекорд даражада ҳужжат топширилган

Ўзбекистон ҳукуматининг янги қароридаги янгиланишлар ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги аризаларнинг топширилиш муддатидан тортиб, тест топшириқлари сони, ўтказилиш тартиби, вақти, назорат этиш қоидалари, апелляция тартиби, ўтказиш шарт-шароитлари ва натижаларнинг эълон этилиш санаси қадар бутун жараённи кўзда тутади.

Олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг тест тизими тартиби Ўзбекистонда 90-йиллардан охирларидан бошлаб амал қилиб келади.

Аммо мазкур жараён ҳар йили "коррупция"дан тортиб, "таниш-билишчилик" ҳолларига оид танқидлар остида қолиб келади.

Ўтган йил Тошкентдан айни мавзуга шахсан мамлакат президентининг ўзи эътибор қаратгани, ҳукумат йиғишларидан бирида тест синовларини такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокама этилганига оид хабарлар олинган.

"Муаммонинг негизига қарайдиган бўлсак, биз ҳалиям касални ўзини даволаш билан овора бўлаяпмиз. Биз ўша муаммонинг негизига қарашимиз керак. Ўқитувчиларни қайта квалификациядан ўтказиш, уларга бўлаётган босимларни камайтириш, мактаб ўқувчилари дарсликларини қайтадан кўриб чиқишимиз керак. Ғарбдан ҳам, Шарқдан ҳам, дунёнинг ривожланган давлатларидан ўзимиз учун керакли, фойдали бўладиган томонларни олсак, ҳар битта ўқитувчи, ўз касбининг мутахассиси бўлган одамни рағбатлантира олсак, бизга 10 йилдан кейин тест тизимида фаолият юритишнинг ҳожати қолмайди. Бу - аниқ ва равшан, яъни биз дунё давлатларининг тажрибасида шу нарсани кўраяпмиз", - дейди журналист суҳбатдошимиз биз билан суҳбати якунида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар