Мирзиёев кўча ишларига ўқитувчи ва шифокорлар чиқишини тақиқлади

Президент ўқитувчи ва шифокорларни кўча ишларига жалб қилганлар жазоланишини айтди. Фото муаллифлик ҳуқуқи Profkur.uz
Image caption Президент ўқитувчи ва шифокорларни кўча ишларига жалб қилганлар жазоланишини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ободонлаштириш ишларига ўқитувчи ва шифокорларни жалб қилган маҳаллий ҳокимиятлар қаттиқ жазога тортилишини айтди.

Бу ҳақида 13 апрель куни президентнинг Сирдарё вилояти Сайҳунобод туманида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишини кузатган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

"Жаноб Мирзиёев, сизга хўжакўрсинчилик керакми?"

Мирзиёев ва ҳокимлар - ислоҳотларми ёки хўжакўрсинчилик?

Президент Мирзиёевнинг расмий president.uz сайтида мазкур видеоселекторда тилга олинган масалалар ҳақида маълумот бор, аммо мажбурий меҳнат ҳақидаги баёнот ёритилмаган.

Бир ой аввал Самарқанд вилоятида кўча тозалаш ишларига жалб қилинган 23 ёшли Диана Иникеевани катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетганди.

Президент бундан хабардор экани ва ўзини айбдор ҳис қилишини айтган.

"Мен самарқандлик ўқитувчининг вафоти ҳақида эшитдим. Қанақадир директор, раҳбар ёки ҳоким қачондир «меҳмон» келади, деб икки-уч кун олдин айтган. Лекин, менинг юрагимда бу худдики, мен туфайли юз бергандек туюлди. Яна бир бора ва сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар қонун олдида жавобгар бўлади. Менга фарқи йўқ, жуда катта хизмат қилган ҳоким бўлса ҳам, у ишдан кетади. Мен буни айтишга мажбурман, чунки бу давом этмоқда", - дея иқтибос келтиради давлат раҳбаридан Kun.uz.

«Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин, кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, менда нафрат уйғотмоқда. Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш, уларга кўча супуртириш, «тайёргарлик»​ка жалб этиш - сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат», - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари яна бир бор маҳаллий ҳокимлардан халқни рози қилишни талаб қилди.

«Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, лаънат айтади. Бизни дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг", - деб айтган у.

Ўқитувчи Диана фожиасини ёритган журналист ўлим таҳдиди олди, Самарқанд ҳокими матбуот котиби Би-би-си мухбирини ҳақоратлади

Ким тўғрисини гапиряпти: Самарқанд вилоят ҳокимими ёки прокурори?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ