Тошкентда Мирзиёев қароргоҳига бораётган аёллар ушланди

Президент Шавкат Мирзиёевга Бош прокурор Отабек Муродов устидан шикоят қилиш учун бораётган бир гуруҳ аёллар қўлга олинди. Улар Мирзо Улуғбек туман ИИБда 6 соат ушлаб турилгач қўйиб юборилган.

"Жами саккиз киши йиғилиб Мирзиёевнинг Қорасувдаги уйига бормоқчи эдик. Йўл чеккасида такси ушлаймиз деб турсак формасиз милиция ходимлари бизни мажбурлаб машиналарга тиқиб олиб кетди. Босим ўтказишди", дейди Гулбаҳор Каримбекова.

Шикоятчи аёллар уларни декабрдан бери Бош прокурор қабул қилмаётганидан ва муаммолари ечилмаётганидан норози.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Бош прокурори ҳар ойнинг бошида оддий одамларни қабул қилиши керак. Бироқ бир неча ойдан бери ушбу қабул амалга ошмаяпти.

Дардини Президент Мирзиёевга айтиш учун бораётган аёллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органи ходимлари томонидан босим ва таҳдидларга учраётганини айтишмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek