Тошкент ИИББ "терговчиси" муслимага: "Онамга ўхшаганинг учун ҳам нафратланаман"
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкент ИИББ "терговчиси" муслимага: "Онамга ўхшаганинг учун ҳам нафратланаман"

Судланувчи Насиба Узоқова Тошкент шаҳар ИИББда тергов хонасида ўзини терговчи деб таништирган шахс томонидан қийноққа тутилганини айтиб берган. "Терговчи" Насиба Узоқовани калтаклаётган вақти, у онасига ўхшаб кетиши туфайли ҳам кўпроқ нафратланишини айтган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 18 апрель куни бир гуруҳ диндорлар устидан маҳкама жараёни давом этган.

Улар "Ҳизбут таҳрир" фирқасига аъзоликда айбланмоқда. Судланувчиларнинг барчаси ушбу айбларни рад этган ва ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилганини маълум қилган.

Бу сафарги суд жараёнида судланувчи Насиба Узоқова кўрсатмалари тингланган.

Видеони BBCUZBEK.COMнинг YouTube даги каналида ҳам томоша қилинг

Судда судланувчи сифатида иштирок этган ва маҳкама қарори билан уй қамоғига олинган Насиба Узоқованинг қизи Умида Узоқова билан боғланиб суд тафсилотларини сўрадик.

"Онамнинг судда айтишича, 2017 йил 13 ноябрда у ва укамни Тошкент шаҳар ГУВД Терроризмга қарши курашиши бошқармасига олиб келишган. Бошқарманинг тезкор ходимлари ўтирадиган хонасида бўйлари узун, ранги оқишдан келган йигит ўзини терговчи деб таништирган ва онамга босим ўтказган. Бошига уриб кўрсатма ёздириб олгани тўғрисида маълумот берди", дейди Умида Узоқова.

Насиба Узоқова терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармасида тезкор ходимлари ўтирадиган хонада таҳқирлаш ва калтаклар остида қоғозга қўл қўйиб беришга мажбурланганини айтган.

Эътиборли томони ўзини терговчи деб таништирган шахс уни калтаклаётганда онасига ўхшагани учун яна ҳам ёмон кўрганини айтган.

"Онамни бурчакка турғизиб қўйишгандан сўнг, сен ифлос, ярамас, манқурт, мани онамга ўхшайсан, деган гап гапирган терговчиман деб таништирган одам. Шунда онам ажабланган, мени шунча ёмон кўриб, ўзининг онасига ўхшатяпти, деб. Онамнинг қарашидан тушунган у одам айтганки, мени онам ёшлигимда ташлаб кетган Мен бегона ота-онанинг қўлида катта бўлдим. Олий маълумотлиман, шу даражага етдим. Шунинг учун онамга ўхшатяпман. Онам мени ташлаб кетган. Шу ифлос аёлга сани ўхшатяпман, деган", - дейди Умида Узоқова.

Бундан ташқари Насиба Узоқова айни дамда ишдан четлаштирилган терговчи Солиҳ Раҳмонов билан ўрталарида бўлиб ўтган гап-сўзларни ҳам айтиб берган.

Маълум бўлишича, Солиҳ Раҳмонов унинг қизи Умида Узоқованинг уй қамоғига ўтказилганидан норози бўлган. Чунки уй қамоғига ўтказилган Умида Узоқова дастлабки тергов вақтида қийноқлар ва босимлар остида берган кўрсатмаларидан бош тортган.

Умида Узоқованинг айтишича, айнан улар кўрсатмалардан бош тортгач, укасининг турмуш ўртоғига босим ўтказиб қайнонасига қарши кўрсатма беришга мажбурлашган.

Насиба Узоқованинг судда айтишича, у билан тергов хонасида юзлаштирилган келини уни шунга мажбурлашганини айтиб, йиғлаган.

Маҳкама 23 апрель, душанба куни давом этади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek