Ўзбекистонга қудратли армия керакми?

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўзбекистон Қуролли Кучлари энг қудратли учта МДҲ давлатидан биттаси, деб топилган.

Янги рейтинг globalfirepower.com веб-сайти томонидан эълон қилинган.

МДҲ давлатлари орасидан Ўзбекистондан олдинги ўринларни Россия ва Украина эгаллашган.

Рейтинг дунё давлатларининг жанговор қобилиятини кўрсатишни мақсад қилган.

Унда жаҳоннинг 126 давлатининг ҳарбий салоҳияти ўрганилган.

Ўзбекистон янги рейтингда бир йил ичида 9 поғона юқорилаган. Умумий рўйхатда 39-ўринга кўтарилиб олган.

Янги рейтингда жаҳоннинг энг қудратли армияси деб яна АҚШ ҳарбийлари топилган.

Бу йил ҳам иккинчи ўринда Россия, учинчи ўринга Хитой армияси қўйилган.

Суҳбатни BBCUZBEK каналида тингланг

Ўзбек армияси ҳали синалмаганми?

Ўзбекистон армияси ташқи таҳдидни бартараф этишга қанчалар қодир?

Ўзбек армияси минтақада энг кучли

Меъёрлар

Рейтингни тузувчилар у ёки бу мамлакат армиясининг қудратини баҳолашда, одатда, 50 дан ортиқ омилларга таянганларини айтадилар.

Буларга қўлига қурол олишга имконли инсонлар сони, ишга яроқли аҳоли, қуруқлик, ҳаво ва денгиз флотлари ва бу йўналишдаги қуролли кучлари ихтиёридаги қурол-аслаҳа ва техника, нефть ёки сув сингари ресурсларга эгалиги, мудофаа мақсадига ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағ, жўғрофий жойлашиши, денгизга чиқиш имкониятига эга ёки йўқлиги сингарилар кирган.

Жанговор рейтингни тузишда АҚШ Марказий Истиҳборот агентлиги веб-сайти, АҚШ Марказий Истиҳборот агентлигининг World Factbook маълумотномаси, Wikipedia веб-сайти ва оммага очиқ домен ва матбуот маълумотларидан фойдаланилгани, расмий маълумотлар мавжу бўлмаган бўлимларда тахминий ҳисоб-китобларга таянилгани айтилган.

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев расман қудратга келишидан қисқа вақт ўтмай, мамлакат Қуролли Кучлари мавзусига эътибор қаратган.

Ўтган йил январь ойида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида йиғин ўтказган.

"Замонавий, қудратли армия - тинч-осойишта ҳаётлари кафолати", - дея баён қилган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланганлик даражасини янада оширишга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берган.

Худди шу манзарада берган аниқ топшириқларидан яна бири Ўзбекистон Қуролли Кучлари қудратини ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш борасида бўлган.

Ўзбекистон президенти, бундан ташқари, мамлакат Қуролли Кучлари ташкилий тизимини бундан-да такомиллаштириш ва унинг шахсий таркибини яхшилаш масаласида ҳам сўз юритган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бу хусусдаги расмий хабарда Ўзбекистон Қуролли Кучларини янада замонавийлаштириш ва қудратини оширишга қаратилган "аниқ вазифа" ва "аниқ топшириқлар" тафсилотлари очиқланмаганди.

Рақамларда

Global Firepower Index рейтингига кўра, Ўзбекистон армиясининг 420 танки, 715 зирҳли техникаси, 880 замбараги бор.

Ўзбекистон ҳаводан мудофаа тизимидаги жаъми самолётлар сони 179, вертолётларники эса, 73 донага етган.

Global Firepower Index рейтингига кўра, Ўзбекистон армиясининг мунтазам ҳарбийлари сони 76500 кишини, заҳирадаги ҳарбийлар сони 20 минг кишини ташкил этади.

Ўзбекистоннинг йиллик мудофаа харажатлари бу йил ҳам 70 миллион долларлигича қолган.

Аммо мамлакатнинг ташқи қарзи бироз ортиб, 16 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани кўрсатилган.

Ўзбекистон мамлакат мустақиллигидан кейин профессионал армия тузишга қарор қилган.

Мамлакат, йилларки, қуролли низолар ичида қолаётган Афғонистон билан бевосита чегарадош.

Афғонистон Покистон билан бирга Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолият юритиб келган иккита минтақа давлатидан биттаси ҳам бўлади.

Имконият

Ялпи Ички Маҳсулот кўлами назарда тутилганда, аҳолиси энг катта сонда эканига қарамай, Ўзбекистон Қозоғистон билан бирга минтақадаги иккита иқтисодий қудратдан бири саналади.

Аммо, шунга қарамай, Ўзбекистон, йилларки, айнан мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазият сабаб, энг кўп сондаги фуқаролари муҳожиратга юз тутган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Бошқа томондан, таҳлилчиларга кўра, дунё тажрибаси Ўзбекистонда яқин-яқингача амалда бўлганига ўхшаш тузумларда "ички ва ташқи душман" тушунчаси аксаран аҳолини қўрқувда тутиб туриш, вазиятни, одамларни назорат қилиш ва сиёсий мухолифатга зарба беришни мақсад қилганини кўрсатган.

Шундай экан, аслини олиб қараганда, Ўзбекистонга шунча катта сондаги армияга эҳтиёж борми?

Суҳбатдошимиз қозоғистонлик таниқли минтақавий таҳлилчи Дўсим Сатпаев:

Дўсим Сатпаев: Ҳа, ростдан ҳам, Ўзбекистон узоқ йиллар давомида Қуролли Кучларининг сони, жанговор салоҳиятидан келиб чиқиб, турли мамлакатларнинг ҳарбий хавфсизлиги даражасига баҳо берувчи халқаро таҳлилий марказларнинг рейтингларида ҳамиша юқори ўринларни эгаллаб келган. Марказий Осиёда эса, энг пешқадам мавқеъда бўлган. Буларнинг барчаси энг аввало Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов бошқарувининг натижаси, десак тўғрироқ бўлади, назаримда. Чунки ўша пайтда амалдаги режим, барибир, куч тизимларига таянган бўлган. Яъни, Ўзбекистонда режим барқарорлигини таъминлашда куч тизимлари муҳим ўрин тутган. Шу жумладан, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва мамлакат Қуролли Кучлари ҳам. Чунки Ислом Каримовнинг ҳам ички ва ҳам ташқи сиёсати ҳамиша ички ва ташқи душманларни ахтаришга қаратилган. Ташқи душманлар дейилганда, амалга ошиши ҳақиқатдан йироқ эса-да, радикал кучларнинг Ўзбекистонга қарши қаратилган ҳужумлари ва ёки минтақадаги қўшнилари билан эҳтимолий можаролар кўзда тутиб келинган. Агар, эсингизда бўлса, шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи сув юзасидан Марказий Осиёда уруш келиб чиқиши мумкин, деган баёнотлар ҳам берганди. Шу боис ҳам, Ўзбекистонда бу каби армиянинг ташкил қилиниши Ислом Каримов бошқаруви даврида амал қилган тузумнинг инъикоси бўлган. Аммо, бошқа томондан, бизнинг давлатларимизга жанговор, яхши жиҳозланган армия барибир керак. Лекин катта сонлиси эмас. Кичик бўлсин, лекин ҳарбий стратегиялардаги ўзгаришларга мос пишиқ-пухта тайёрланган, яхши қуролланган, бир армия керак. Чунки урушларнинг моҳияти ҳам ўзгариб бормоқда. Гибрид урушлар, деган нарсалар чиқмоқда. Бошқа томондан, бирор бир можаро эҳтимоли юзага келган пайтда, Ўзбекистонники бўладими ва ёки Қозоғистонники, Қуролли Кучларининг Россия ёки Хитойникидан устун келиши барибир ақлга сиғмайдиган гап. Лекин сўз Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ҳақида кетганда, сиёсий эмас, энг аввало ҳарбий мақсадларни ўз олдига қўйган жанговор армия керак. Айниқса, афғон фактори назарда тутилса...

Аммо, таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон нега бу қадар қудратли армияга эга экани мавзуси ҳақида сўз кетганда, масаланинг демографик жиҳатини ҳам назарда тутиш лозим бўлади.

Дўсим Сатпаев: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳолиси энг катта давлат бўлади. Жорий пайтда Ўзбекистон аҳолисининг сони 30 миллиондан ортиқроққа нисбат берилади. Шундай экан, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг сони фоиз нисбатида, дейлик, аҳолиси 17 миллиондан ортувчи Қозоғистонникидан кўп бўлиши табиий. Туркманистон ва Қирғизистоннинг армияси ҳақида эса, гапирмаса ҳам бўлади. Худди шу нуқтаи назардан ҳам, Ўзбекистон армияси азал-азалдан кўпсонли бўлиб келган.

Катта ва қудратли армия кўп сарф-харажат экани назарда тутилганда-чи, Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари буни кўтара оладими?

Дўсим Сатпаев: Агар, масаланинг иқтисодий оқибатларига келадиган бўлсак, бюджети унча катта бўлмаган давлатлар ижтимоий, айниқса, таълим соҳасидан кўра, куч тизимларига кўпроқ маблағ ажратадиган бўлишса, улар эртами-кечми, аввалига ижтимоий-иқтисодий, кейин эса, ҳатто, ҳарбий соҳада ҳам бошқалар билан рақобат қила олмайдиган аҳволга келиб қолишади. Масалан, бунга Туркманистон мисол. Орада Туркманистон Қуролли Кучларида озиқ-овқат тақчиллиги юзга келгани, ёки ҳарбийларининг тайёргарликлари билан боғлиқ муаммолар борлигига оид хабарлар ҳам олинган. Бундан кўринадики, катта сондаги армия ҳали ҳамма нарса, дегани эмас. Бу яна мазкур давлатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмон эканига далолат қилади. Шу боис ҳам, бу масалада рисоладагидек, мутаносиб мувозанат бўлиши зарур. Яна бир бор такрорлайман, мамлакатларимиз рақобатбардош бўлиши учун, маблағ энг аввало инсоний капиталга сарфланиши керак, қуролли кучларга эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek