Туркманистон Ўзбекистон учун жаҳон бозорига энг қисқа йўлни очади

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Гурбангули Бердимуҳамедов ва ниҳоят икки кунлик давлат ташрифи билан Тошкентда.

Ўзбекистон пойтахтидан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, томонлар ўзаро музокаралар чоғида асосий эътиборни савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масаласига қаратишган.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида 20 га яқин ҳужжат имзоланган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, сўз айнан худди шу мазмундаги ҳамкорлик ҳақида кетганда, Ўзбекистон учун қолган Марказий Осиё давлатлари билан қиёсланганда, Туркманистонга тенг келадиган йўқ ҳисоб.

Суҳбатни BBCUZBEK каналида тингланг

Жумладан, Туркманистон президентининг Ўзбекистонга сафари манзарасида Тошкентдан иқтисодий таҳлилчи Анвармирзо Ҳусаиновнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу икки давлат орасида савдо-иқтисодий, транзит, илмий-техникавий алоқаларни ривожлантиришнинг уфқлари жуда кенг.

Ўзбекистон Туркманистоннинг газни қайта ишлаш, агросаноат, кимё саноати каби соҳаларига янада чуқурроқ кириб бориб, ўз ўрнини эгаллаш потенциалига эга.

Бошқача сўз билан айтганда, Туркманистон минтақада аҳолиси энг катта сонда(30 миллиондан ортиқ) бўлган Ўзбекистон учун янги меҳнат бозори вазифасини бажариши мумкин.

Янги имкониятлар

Ўзбекистон, йилларки, энг катта сондаги фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд ягона Марказий Осиё давлати бўлиб келади.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон Туркманистон билан темир йўллари, автомобиль йўлларининг ҳам чуқур интеграциясига эришиши лозим.

"Бизга дунё денгизларига энг яқин йўл айнан Туркманистон ҳудудлари орқали ўтади. Бугун Ўзбекистон ва Туркманистон Темир йўллари ўзининг ҳамкорлигини бошлади. Биз тўппа-тўғри Туркманистон орқали 600-700 км йўл ҳисобига Эрон портларига чиқа оламиз. Ва бу, энди, бутунлай транспорт-логистикамизни жудаям бир янги даражага кўтаради, унинг самарадорлигини ниҳоятда оширади", - дейди Анвар Ҳусаинов.

Иқтисодий таҳлилчига кўра, Ўзбекистон йирик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлат. Ҳозир белгиланган режалар, амалга оширилаётган лойиҳалар яқин йилларда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини икки бараварга ошишини таъминлаши керак.

"Демак, биз ўзимизнинг тайёр саноат маҳсулотларимизни, автомобилларимизни, қишлоқ-хўжалик, кимёвий маҳсулотларимизни жаҳон бозорига чиқариш учун мана шу - Туркманистон орқали ўтадиган темир йўлдан жуда фаол фойдаланишимиз мумкин бўлади".

Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон йўли яна кун тартибида

Ўзбекистон ва Туркманистон товар айланмасини кўтаришга бор кучини ташламоқчи

Суҳбатдошимизнинг ўз ўрнида урғулашича, Ўзбекистон учун Туркманистон орқали ўтувчи автомобиль йўллари ҳам жуда қулай.

"Дейлик, Эрон портларига автомобиль йўллари орқали бир суткада етиб бориш мумкин. Қандай ажойиб. Бу энди Ўзбекистонни ҳамма юкларини Россия орқали, Қозоғистон орқали 3-4 минг километрлаб, ёки океанларга чиқадиган бўлса, 10 минг километр ташиб юришдек оғир, юксак харажатли нарсалардан қутқаради", - дейди Анвармирзо Ҳусаинов.

Унга кўра, буларнинг барчаси шу пайтгача икки қўшни давлат ўртасида мавжуд виза ва чегара муаммолари туфайли амалга ошмай келган.

"Мана, бугунги кунда энди ана шундай сиёсий ҳамкорлик муҳити яратилди. Энди буни амалиётга айлантириш керак. Оддий қадамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу, энди, Ўзбекистон-Туркманистон орасидаги виза йўқ қилиниши керак".

"Президентлар сиёсий иродаларини билдиришди. Улар бир-бири билан дўст. Алоқалари жуда яхши. Буёғини тадбиркорлар катта бир шижоат билан , шиддат билан бу сиёсатни қўллаб-қувватлаши керак", - дейди иқтисодий таҳлилчи Анвармирзо Ҳусаинов.

Ўзбекистонда бир миллионга яқин туркман миллатига мансуб аҳолининг яшаши айтилади.

Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Эрон, Афғонистон ва Покистон орқали денгиз портларига чиқишни орзу қилиб келади.

Музокаралар ва натижалар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса, туркманистонлик ҳамкасби билан Кўксаройда бўлиб ўтган кенг ва тор доирадаги музокаралар ортидан, "ораларида ҳал этилмаган муаммолар қолмаган"ини баён қилган.

"Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни чуқур, ҳар томонлама муҳокама қилдик. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу борада ҳал этилмаган масалалар қолмади. Барча йўналишлар бўйича ўзаро англашувга эришдик", - деб айтган Мирзиёев.

Аммо шу пайтгача имконли бўлган расмий хабарлар тафсилотларидан ҳар икки давлат ўртасида, йилларки, амалда бўлган виза тизимининг тақдири борасида маълумотлар имконли эмас.

Туркманистон раҳбарининг Ўзбекистонга 23 апрель куни бошланган икки кунлик давлат ташрифи давом этмоқда.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов бугун Ўзбекистоннинг ўз мамлакатига бевосита чегарадош шимолий Хоразм вилоятига ташриф буюрган.

Расмий хабарларга кўра, Урганч халқаро аэропортида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзи қарши олган.

Хоразмда ушбу ташрифга катта тайёргарлик кўрилган. Президентларни кутиб олиш учун Урганч халқаро аэропорти ва кўчаларга минглаб одамлар чиққан.

Айрим нашрларнинг ёзишича, "Хоразмдаги ўқувчилар, талабалар ва мактаб ўқитувчилари Туркманистон президентининг ташрифига икки ҳафта тайёргарлик кўришган".

Туркманистон раҳбари у ерда қатор маданий тадбирларда иштирок этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek