Суд "Усмон Ҳақназаров" мақолаларини қайта экспертизага юборди

Бобомурод Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Судья Зафар Нурматов журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров томонидан берилган илтимосномани қаноатлантирди. Усмон Ҳақназаров мақолалари сифатида суд ишида иштирок этаётган материаллар қайта экспертизадан ўтказилади.

Бироқ судья маҳкамага МХХ/ДХХ терговчиларини яна бир бор таклиф этиш илтимосномасини қаноатлантирмади.

23 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурожд Абдуллаевнинг маҳкамаси давом этди.

Унда адвокат Сергей Майоровнинг Усмон Ҳақназаров мақолаларини қайта экспертизадан ўтказиш талаби судья Зафар Нурматов томонидан қаноатлантирилди.

Судланувчи Абдуллаевнинг фикрича, суд ишини кўриб чиқишда юритилаётган ҳужжатлар жилдидаги мақолалар мазмунан ўзгартирилган, уларнинг барчаси «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида мақолаларни ёзган Бобомурод Абдуллаев қаламига мансуб эмас.

Судда тингловчи сифатида иштирок этган журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, судланувчи Бобомурод Абдуллаев МХХ терговчиларини яна бир бор кўрсатма беришга ва саволларга жавоб бериш учун суд мажлисига чақиришни сўраган.

Малоҳат Эшонқулова билан суҳбатни BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида тингланг

Бобомурод Абдуллаев 4 жидлик суд ишининг 3 таси билан энди танишиб чиққанини ва МХХ терговчилари судда кўрсатма берган вақти иш билан тўлиқ таниш бўлмаганини айтган.

"Бобомурод 3 жилд суд иши билан танишиш чоғади жуда кўплаб саволлар пайдо бўлганини, бу саволлар бир дафтарни тўлдирганини айтди. Саволларга эса ишни олиб борган ва уни ёзган терговчилардан бошқа ҳеч ким жавоб беролмайди. Бироқ судья Зафар Нурматов қораловчи томоннинг ҳам фикрини ўрганиб МХХ терговчиларининг яна бир бор судга келиши кераклиги ҳақидаги сўровни қаноатлантирмади", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Судда Бобомурод Абдуллаев пайдо бўлган савол ва эътирозни қоғозга кўчириш учун унга копьютерда ишлашга имкон беришларини ҳам сўраган.

Шунингдек, суд Усмон Ҳақаназаров мақолаларини интернетдан кўчириб олишда холис гувоҳ бўлган икки кишини ҳам топиб келиш кераклигини айтган.

Холислардан бири хизмат сафарига кетганлиги боис уни топишнинг имкони бўлмаган, яна бир холис эса МХХ терговчиларига нотўғри манзилни кўрсатгани учун судга олиб келинмаган.

Маҳкама 25 апрел куни давом эттирилади.

Журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна уч киши Ўзбекистонда давлат тўнтариши амалга оширишда айбланмоқда.

Бобомурод Абдуллаев ушбу айбловларни рад этган. У журналист сифатида Усмон Ҳақназаров номи остида бўлаётган ўзгаришлар ва ҳолатларни халққа етказишдан бошқа нияти бўлмаганини айтган.

Журналист, шунингдек, Усмон Ҳақназавро номи остидаги барча мақолаларни ўзи ёзмаганини айтган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek