Собир Сайҳон: "Узоқда Термиз кўриниб тураркан, онам унга қараб "Ватан" деб йиғларди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anora Sodiqova
Image caption Собир Сайҳон асарларининг бош мавзуси - ватан соғинчи.

Туркияда истиқомат қиладиган ўзбек ёзувчиси Собир Сайҳон бугун Тошкентда ижодий учрашув ўтказди. Бу оддий ижодий учрашув эмас, 90 йиллик орзу, 26 йил кутилган учрашув эди.

Ўзбекистоннинг нафақат қўшни давлатлар, балки Туркия билан ҳам муносабатлари илиқлашуви Собир Сайҳонни ўз киндиқ қони тўкилган ерга, у ердаги ёзувчилар даврасига яқинлаштирди.

"Ўзбекистонда мени ҳайратга солган ўзгариш бу қатор-қатор янги иморатлар эмас, балки ёш, куч-ғайратга тўла ва илмга интилувчи ёшлар бўлди," - дейди ёзувчи.

Умр бўйи бошдан дўпписини ечмаган ёзувчининг ватанни тарк этиш ҳикояси мана бундай бўлганди...

Фарғона, 1930-йиллар. Очарчилик. Таг-тугли, илмли инсонлар сиёсий қирғинга учраган.

Ана шундай оилалардан бири оч-наҳор қўшни давлатга қочиб ўтади.

"Афғонистонга дарё кечиб ўтаётганларга шундай бир шарт қўйиларди. Яъни, сувни кечиб ўтиш вақтида фарзанди йиғлагудай бўлса, уни бўғиб ўлдириши шарт. Чунки у йиғлаб соқчилар эътиборини тортиши мумкин ва соқчилар қочаётганларнинг барини отиб ташлаши тайин," - дейди Собир ака.

Шу шартга кўнган оила қўлида 30 кунлик чақалоқ билан ватанини тарк этади. Қалтис йўлда Оллоҳнинг амри билан йиғламай ўтган ўша чақалоқ - ёзувчи Собир Сайҳон умр бўйи ватанини қўмсади.

Умрида кўрмаган ватан соғинчи, қочқинлик йилларидаги сарсон-саргардонлик хотиралари ёки кўнгил тубидаги азоблари уни ёзувчига айлантирди.

Ватандан йироқда туриб у ҳақда ҳикоялар, ғазаллар ёзди ва ўзбек адабиёти намуналарини турк тилига таржима қилди.

Совет даврида ватанга қайтиш улар учун хавфли эди. Ўзбекистонда эса унга ўхшаш қочқинлар ҳақида бошқача афсоналар юрарди.

Гўёки улар олтинлар-у, битмас бойликлар билан омон қолиш мақсадида Афғонистонга қочишган. Улар гўё душман эди.

"Биз оч-яланғоч ватанни тарк этганмиз. Аввал Афғонистон, кейин Покистон, Ҳиндистон, Ироқда бўлиб кейин Туркияда қўним топганмиз," - дея эслайди ёзувчи.

Мустақилликдан сўнг Собир Сайҳон ватанига қайтди. У бу кунларни интиқиб кутганди.

"Бошқа юртларнинг байроғига қараб туриб, бизни ҳам ўз байроғимиз бўлишини орзу қилардим," - дейди у.

Кўксига байроғимиз бўлакчасини қадаб юришга одатланган ёзувчининг гаплари муболаға эмаслигига ишонади одам.

Аммо, у умр бўйи ёзган асарларини Ўзбекистонда чоп эта олмади. Уни ҳамон илиқ қаршилашга кимлардадир ҳадик бор эди. 26 йиллик ҳадикларнинг ҳам якуни бор экан. Уни энди ватанда ёзувчилар, илм-аҳли юксак эътироф этиб кутиб олишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anora Sodiqova
Image caption Собир Сайҳон ўзбекистонлик ёзувчилар даврасида.

Учрашувда ёзувчи ёшликдаги хотираларини эслаб шундай дейди: "Тўққиз ё ўн ёшлик бола эдим. Мозори Шарифда узоқдан Термиз шаҳри кўриниб турар эди. Онам ўша тарафга қараб, "Ватан" деб кўп йиғлаганлари ёдимда. Ўшанда нима экан у онамни қийнаётган "ватан" дея, уни топишни истаб, Термизга ишора қилинган тарафга қараб кетиб қолганман. Онам мени қидириб роса хавотир олган. Одамлардан сўраб мени топиб келган-у юзимга бир шапалоқ туширган. "Сарсон-саргардонликда юрганимиз камлик қилгандай, энди сендан ҳам айрилиб қолайликми?" - деганида мен: "Она, мен ватанни қидириб кетгандим," - деганман. Шунда онам мени бағрига босиб аччиқ йиғлагани ёдимда."

Ота-онасидан ватанига муҳаббатни мерос олган ёзувчи изтироблари "Тижорат ва ҳалол ош" маърифий-тарбиявий рисоласи, "Адашганлар", "Тўлғаной" ва "Емирилган ғурур" ҳикояларига, "Ватан қидирган йигит", "Самарқандиён", "Номус", "Армон", "Надомат", "Юрт соғинчи" каби асарларига кўчди. Адиб асарлари асосида "Ватан ягонадир", "Бир сиқим тупроқ", "Бировнинг қариндоши" каби ўнлаб телевизион фильмлар яратилди.

"Мендан "Ўзбекистон қандай юрт?", деб сўрашса, ортиқча таърифламайман. Уларга қисқагина "Ўзбекистон ҳақидаги яхши-ёмон гапларни четга суриб, сиз уни бир бориб кўринг, одамлари билан суҳбат қилинг," деб жавоб қиламан," - дейди Собир Сайҳон.

Ёзувчининг фикрича, ватандан олисда бўлган киши уни бошқача севади, у ҳақида бошқача сўзлайди. Ўз юртида бўлган одам бахтлидир. Аммо, юртдан оличда бўлганларни ватанни севмасликда айблаш ноўрин. Муҳожиротда Ўзбекистонни севувчи уни ривожлантиришга ҳисса қўшишни истовчи ва бу ишга қодир одамлар кўп.

Кимларни қай тақдирлар қай ерларга етакламаган. Ватан улар учун тилдан чиққан оддийгина беш дона ҳарф эмас, юрак тубидан чиқиб, томирларида оқиб юрган туйғу.

Turkiyalik asli o’zbek tadbirkor: “O’zbekiston hukumati bizga yo’llarni ochsin”

"Turkiyada o’qigan juda ko’p o’zbekistonlik talabalar vatanga qaytishga qo’rqishadi"

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek