Москвада ОМОН муҳожирлар ётокхонасига ҳужум қилди

омон

26 апрель куни тонгги соат 4:30 ларда Москва шаҳридаги Павелецкая Набережная кўчасида жойлашган меҳнат муҳожирлар ётоқхонасига қора кийим ва ниқобда бўлган қуролланган кишилар бостириб кирди. Ҳужумдан сўнг жами ярим миллион рубл ёки 8 минг доллардан ортиқ пул йўқолгани маълум бўлган.

Муҳожирларнинг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, уларнинг кийимларида ОМОН ва СОБР ёзувлари бўлган ва автомат, тўппонча ҳамда дубинкалар билан қуролланган бўлишган.

Улар ҳали ухлаб ётган ишчиларни уйғотиб, 6 соат давомида ташқарида ушлаб турган. Савол берган, тезроқ чиқишга ҳаракат қилмаган муҳожирларни уриб-тепган.

6 соат давомида оёқяланг ва енгил кийимларда бўлган муҳожирларни совуқ ва ёмғирда туришга мажбурлашган.

Бу пайтда ОМОНчиларнинг бир қисми ётоқхонада тинтув ўтказиб, ишчиларнинг ҳужжатларини йиғиб олган.

Мазкур ётоқхонада Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Белорусь ва арманистонлик, жами 600 га яқин муҳожирлар қонуний истиқомат қилган.

Улар "Мосгорстрой"қурилиш ташкилотида ишлашган ва ҳаммасининг хужжатлари жойида бўлган.

ОМОНчилар кетганидан сўнг хоналарига кирган муҳожирларнинг пул ва буюмлари йўқолганлиги маълум бўлган.

Умумий ҳисобда ярим миллион рубл (8 минг 658 доллар)га яқин пул, телефонлар, тилла ва қимматли буюмлари, айримларнинг эса ҳужжатлари йўқолган.

Мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик ҳуқуқшунослар билан бирга воқеа жойига етиб келиб, муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга киришди.

Би-би-си Ўзбек хизмати воқеа жойида бўлиб, полициядан ҳодиса юзасидан изоҳ беришини сўради, аммо маҳкама ходимлари шарҳ беришни рад қилди.

Полиция ходими микрофонсиз суҳбатда ётоқхонага ОМОНчилар ҳужжатларни текшириш учун кирганини айтди.

Жабрланган муҳожирлар ОМОНчилар ва полиция ходимларининг ҳаракатлари юзасидан юристлар ёрдамида шикоят аризасини ёзишди.

Аммо 40 дан зиёд жабрланувчининг 10 га яқини ариза ёзди, қолганлари эса ҳадик ва ҳавотирда ўз ҳақ-ҳуқуқларининг оёқости қилинишига кўз юмишга қарор қилишди.

Мигрантларнинг Би-би-сига айтишича, ҳодиса жойига етиб келган маҳаллий участка нозири жабрланувчиларга 5 минг рубл (80 доллар)дан кам пул йўқолган бўлса ариза ёзмасликни сўраган.

  • BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning. Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар