Онаизорнинг Мирзиёевга мурожаатидан сўнг диндор маҳкумнинг муддати узайтирилмайдими?

Қумрихон Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

84 ёшли Қумрихон ая 18 йилдан бери ўғли Саидахрор Атаходжаевни кутади. Ўғли "Ҳизбут таҳрир"га аъзоликда айбланиб қамалган. Саидахрор 23 апрел куни 18 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқиши керак эди. Бироқ яқинлари "Жаслиқ"қа борганида уни тополмайди.

Махсус прокурор Давлат Элмуродов яқинларига 30 апрел куни Нукусда Саидахрор Атаходжаевнинг суди бўлишини айтади.

Яқинларининг айтишича, Саидахрор Атахаджаевга суд орқали яна қамоқ муддати қўшиб берилади.

Собиқ Президент Ислом Каримов даврида қамоқ муддатини ўтаб бўлган диндорларга "ички тартибни бузди" деган айб билан қамоқ жазоси қўшиш одатий ҳолга айланган эди.

Бироқ сўнгги йилда муддатини ўтаган диндорлар озодликка чиқаётганди.

Онаизорнинг Мирзиёевга видео мурожаати ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Видео чиққанидан сўнг 30 апрелда ўтиши керак бўлган суд қолдирилди.

Прокурор Давлат Элмуродов телефон орқали Саидахрорнинг яқинларига суд бўлмаслигини айтган. Бироз аввал 30 апрел куни суд бўлишини айтган прокурор, "сизга ундай демадим", деган.

Прокурор Элмуродов суднинг қачон бўлиши "номаълум" деган.

Саидахрор Атаходжаевнинг рафиқаси Гулчеҳра Атахаджаева Би-би-сига Нукус ва Жаслиққа бориб келиш уларга қийин бўлаётганини билдирди.

"Бир бориб келишимизга катта пул кетяпти. Икки марта бориб келдик. Охирги борганимизда прокурор Давлат Элмуродовни Қўнғиротдан топдик. У менга турмуш ўртоғингизнинг суди 30 апрель, душанба куни бўлади, ўшанда келсангиз нимада айбланаётганини билиб оласиз, деди. Бироқ судга боришга маблағ тополмадик. 30 апрел куни телефон қилсам, прокурор Элмуродов бугун суд бўлмаганини айтди. Мен сизга душанба куни суд бўлади, демаганман, деб туриб олди. Қачон бўлиши ҳам номаълум экан", дейди Гулчеҳра Атаходжаева.

Қумрихон Атаходжаеванинг видео мурожаати Facebook жуда кенг тарқалди.

Бир сутканинг ичида уни 500 дан ортиқ одам ўз саҳифасида бўлишди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek