Ҳақиқат текшируви: Журналистларнинг ҳужумга учраш ҳолатлари ортиб бормоқдами?

Журналистлар Фото муаллифлик ҳуқуқи ABBAS MOMANI/AFP

1990 йиллардан бери 2,500 дан зиёд журналист турли ҳолатларда ўлдирилган. 3 май, Жаҳон матбуот эркинлиги кунида матбуот ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари мазкур касб вакиллари ўз хизмат вазифасини адо этиш чоғида ҳужумга учраши ҳолатлари кўпайиб бораётганлигидан огоҳлантирди.

30 апрел журналистлар учун энг ҳалокатли кунлардан бирига айланди - Афғонистонда содир бўлган икки алоҳида хуруж чоғида 10 нафар профессионал журналист ҳалок бўлди.

Шу куни Кобулда худкуш террорчи ўзини портлатган жойдан хабар бериш учун журналистлар воқеа жойига йиғилдилар. 15 дақиқа ичида журналист ниқобидаги иккинчи худкуш етиб келиб, ўзини портлатди. 9 нафар журналистнинг ҳаётига зомин бўлган ва яна кўплаб одамларнинг оғир яраланишига сабаб бўлган ушбу қўш хуруж учун жавобгарликни Исломий Давлат ўз зиммасига олди.

Айни куни Хост вилоятида юз берган алоҳида бир ҳужум Би-Би-Си журналисти Аҳмад Шоҳ ўлими билан якунланди. Мотоциклдаги икки номаълум шахс велосипедда уйига қайтаётган 29 ёшли журналистни ўққа тутган.

Сўнгги вақт ичида содир бўлган бундай ҳужумлар ортидан 2018 йилда ҳалок бўлган журналистлар сони 32 нафарга етди, деб хабар бермоқда Халқаро Журналистлар Федерацияси.

Халқаро Журналистлар Федерацияси келтирган маълумотларга кўра, бу рақам ўтган йилнинг 1 январидан 1 майига қадар ўтган давр билан солиштирганда учдан бир қисмга кўпроқдир. Хўш, сўнгги вақтда юз бераётган ҳужумлар журналистлик хавфли касбга айланиб бораётганини кўрсатмоқдами?

Сўнгги ўн йилликдаги энг паст кўрсаткич

1990 йилдан бери журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлида фаолият юритадиган ташкилотлар ўлдирилган, ҳибсга олинган ва изсиз йўқолган касб эгалари сонини қайд этиб келмоқда. Уларнинг маълумотлари ёрдамчилар, тилмочлар ва ҳайдовчиларни ҳам қамраб олади. Шунингдек, отишмалар, алоҳида мақсадли ҳужум ва бирор хавфли топшириқ пайтида ҳалок бўлганлар юзасидан маълумотлар сараланади.

2017 йилда умумий ҳисобда 82 нафар матбуот ходимлари ҳалок бўлиб, бу сўнгги ўн йилликдаги энг паст кўрсаткичдир, деб маълум қилмоқда Халқаро Журналистлар Федерацияси.

Матбуот эркинлиги куни Ўзбекистонда нимани англатади?

Human Rights Watch: Ўзбекистонда журналистлар ҳамон сиёсий таъқиб қилинмоқда

1990 йиллардан 2000 йиллар бошига қадар ҳалок бўлган журналистларнинг йиллик сони давомий ўсиб борган. Бироқ бир йил давомидаги ўлимлар сони 100 тадан ошмаган.

Ўлимлар сонининг кўпайиб-камайишига ўз вақтида содир бўлган инқирозлар катта таъсир кўрсатади, дейди таҳлилчилар.

Жазоир, Югославия ва Руандада содир бўлган инқирозлар таъсири остида 1990 йиллар бошидан ўртасига қадар журналистлар ўлими кескин ошиб борган. Бундай давомий ўсиш 2003 йил Ироқ уруши бошланиши ортидан қайтадан юзага келган. 2006 йил журналистлар энг кўп ҳалок бўлган йил сифатида тарихда қолмоқда - 155 та ўлим. 2007 йилда эса 135 нафар журналист ўлдирилган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ўтган йили журналистлар ўлими сони кам бўлганидан хотиржамликка берилмаслик зарур. Уларга кўра, журналистларнинг ўлдирилиши сабаблари кескин ўзгариб бормоқда.

«Ироқ ва Сурияда Исломий Давлатнинг юзага келиши билан журналистлар айни шу касб эгалари бўлганлари сабабли ҳужумга учрай бошладилар,» дейди Журналистларни Ҳимоя Қилиш Қўмитасидан Роберт Маҳоней. «Уларнинг кўпи отишмалар чоғида ҳалок бўлмади, балки атайин нишонга олинди.»

2012 йилда халқаро шов-шувларга сабаб бўлган журналистларнинг ўғирланиш ва бошини танасидан жудо қилиш ҳолатлари кўпайиши ортидан хабар агентликлари ўз сиёсатини ўзгартириб, имкон қадар камроқ ходимларини хавфли ҳудудларга юбора бошладилар.

Жаноб Маҳонейнинг фикрича, айни шу ўзгариш туфайли маҳаллий журналистлар ва матбуот ходимлари «асосий зарбани ўзларига олишга» мажбур бўлганлар.

Инқирозли ҳудудлар ортида

Баъзи матбуот ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳларга кўра, 2017 йилда ҳалок бўлган журналистларнинг аксарияти ўлимига улар томонидан сиёсий коррупция ва уюшган жиноятчилик ҳолатларини текширишга уриниш сабаб бўлган.

«Ўтган олти йил журналистлик касби учун ўта хавфли давр бўлди,» дейди Роберт Маҳоней. "Аксар журналистлар инқирозли ҳудудларда тасодифан ўлим топмади, балки ўз вазифасини адо этгани учун атайин нишонга олиниб, ўлдирилди."

Жаноб Маҳоней бундай таъқиблар остида ўтган йили Филиппин, Россия ва Мексикада, айниқса, кўп журналист ҳалок бўлганига ишора қилади. Ушбу мамлакатлар уруш ҳолати мавжуд ҳудудлар сирасига кирмайди.

Халқаро Журналистлар Федерациясининг инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик бўлими раҳбари Эрнест Сагаганинг айтишича, Афғонистон ва Мексикада фаолият юритадиган қуролли гуруҳларнинг мақсади турлича бўлсада, уларнинг журналистларни нишонга олиш ва уларга нисбатан босим ўтказиш йўлидаги стратегияси бир хил.

Малта ва Словакияда коррупция ҳолатларини ўрганаётган журналистларнинг ўлдирилиши халқаро эътиборни ўзига жалб этган эсада, жаноб Маҳонейга кўра, асл манзара бунданда жиддийроқдир.

«Баъзи ҳолатларда улар қотил ёллайдилар ёки бирор жангарини юборадилар,» дейди жаноб Маҳоней. «Бироқ асл қотил - ҳужумнинг буюртмачиси жазога тортилмай қолаверади.»

Панжара ортидаги журналистлар

Журналистлар ўлими сони юзасидан келтирилаётган рақамлар ушбу касб эгалари ҳаёти қанчалик хавф остида қолаётганини кўрсатсада, бу улар юзлашадиган ягона хатар эмас.

Журналистларни Ҳимоя Қилиш Қўмитасига кўра, 2017 йилда сўнгги 30 йил ичида қамоққа ташланган журналистлар сони энг юқори кўрсаткичга етган - 262 нафар.

Матбуот ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари панжара ортидаги журналистлар сонини ҳар йилнинг 1 декабридаги ҳолатга нисбатан ҳисоблайди. Бошқа вақтларда қамалган ёки озод этилган журналистлар сони статистикаси юритилмаслиги сабабли асл рақамлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.

«Қамоққа ташлаш доимо қўрқитиш усулларидан бири бўлиб келган,» изоҳлайди жаноб Сагага. «Бу йўл орқали панжара ортидагилар овози ўчирилади, бу ҳолат ҳақида ташқарида хабар бераётган журналистлар эса қўрқувга солинади.»

Ўз вазифасини адо этгани учун қамоққа ташланган журналистлар сони энг кўп давлатлар қуйидагича: Туркия - 73, Хитой - 41 ва Миср - 20 нафар журналист.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek